Эврил Турон: Оқ гул

Мамадали Маҳмудов - Эврил Турон
Мамадали Маҳмудов – Эврил Турон

Эврил Турон

Оқ гул

(воқеий қисса)                                                                                          

“Ватанни беқиёс севувчи дўстларим…га бағишлайман”.

(23-24-25–боблар)

– 23-

Киши кўзи илғамайдиган пана-пастқам ерлардан юриб у бизнинг уйга келди. Ҳали тонг отишига бор. Қоронғи. Ой йўқ. Ҳаво салқин.

Кулбамиз бир хона, бир айвондан иборат. Шунга мен ёз тунларини супада ўтказаман. Бундан мўл-кўл баҳра оламан. Очиқ, тоза, салқин ҳавода ой-юлдузларга қараганча хаёл суриш, тафаккур денгизига шўнғиш, ўтмиш ва келажак ҳақида ўйлаб ётиш завқли.

Бу тун мен Оқгулни қандай қисмат кутаётгани ҳақида ўйладим.

Ўз-ўзимданмас, атайлабмас, аллақандоқ ёт куч таъсирида ўйладим. Ўйимнинг тубига етмадим. Кўзимга уйқу келмади. Бошим ғовлаб кетди.

Шундай паллада, айвоннинг қия очиқ эшигидан “оқаётган” чироқнинг хира ёғдусида дўстимни кўриб севиндим. У ўзини хотиржамдек тутса ҳам, мен уни гўдаклигимдан билганимга:

“ – Бек кўнгилсиз бир иш қилганми, дейман? – дедим ичимда, – унинг юзи қордек оқариб, кўзи қондек қизариб кетибди.

Нима бўлдийкан? Нима?!..”

Шунда, ногоҳ, менинг кўзим Бекнинг кўйлак, шимидаги ва алланима ўралган “Правда” газетасидаги қизил доғларга тушди. Бундан вужудим музлаб, титраб кетдим.

– Тинчликми?!! – дедим бўғилиб ва тўшакдан қандоқ қалқиганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.

– Ўзингни бос, Эврил, секин гапир, – деди Бек ялинчоқ аралаш қатъий овозда.

Мен ҳолсиз бир тарзда тўшакка чўкдим. У қаршимга унсиз ўтирди. Мўъжаз ҳовли тағин сукунатга кўмилди. Очиқ деразадан тўлган ой шаклидаги, занжири узун соатнинг “чиқ…чиқ…” деган саси келмоқда. Хонада онам ухлаяпти. Бирдан менинг миямда ушбу сўз бомба мисол портлади:

“- Бек кимнидир ўлдириб қўйган!..”

Мен ўз сўзимдан ўзим даҳшатга тушдим. Ва саволимга жавоб ҳам кутмасдан Бекка буюрдим:

– Тез усти-бошингни еч!

Бек бир сўз демай ечинаркан, мен айвондан оний тезликда бир челак сув, кружка, совун ва тоғора олиб чиқдим. Унинг боши билан елкаларидан сув қуйиб турдим. У бошдан-оёқ совунлаб ювунди. Оқ сочиққа артинаркан, мен унинг илтимосига биноан кўйлак ва шимидаги кимликларни олиб, кўздан кечирдим:

КГБ!..

Қўрқувдан тиззаларим қалтиради. Ўтириб қолдим. Лекин қандайдир ғойибий куч таъсирида қайта қалқдим. Кимликлар билан бирга Бекнинг кўйлак-шими, туфлиси ва титилиб кетган “Правда” газетасини ўчоқда ёқдим. Кулини ҳовли тўридаги ёзил*мага ташладим. Темирни ҳам. Қачонлардир қайси бир китобда ўқиганим асосида шундай қилдим. Бундан тунд кўнглим сал ёришди.

Бектемир бошқа шим, кўйлагини кийди. “Мен одатдагидек унга ҳам супага тўшак ёзиб қўйгандим. У ечинмасдан:

– Эврил, дўстим, ҳозир мендан ҳеч нима сўрама, – деди ва икки қат қилиб тахланган кўрпага ўзини ташлади. Бир зум ўтмай тош қотди.

“ – Нима бўлдийкин?..” – деб ўйладим ва шу аснода аста-секин уйқуга кетганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.

Қуёш ўзининг олтин нурлари билан Учқулочни тандир каби қиздираётганда уйғондик. Онам ишга кетган экан. Мен бир пақир сувга чўмилдим. Бек ҳам. Чучвара еб, қатиқ ичдик. Сўнг мактабга ёндик.

Йўлда мен Бектемирга:

– Тунда сен бир “ножўя иш қилганингни сезиб турибман” – дедим, – лекин дўстим, ҳар доимгидек ўзингни эркин тут.Бу муҳим. Жуда муҳим. Уқдингми?

– Ҳар қалай бобонг оқсоқол  ўтганда, – тўнғиллади у менга кесатиқ оҳангида ва қовоғини уйди.

Мен бунга эътибор бермадим. Унга теран синчковлик билан сездирмай разм солдим. Четдан қараган кимса, ҳатто улуғ руҳшунос ҳам Бекнинг юз-кўзида қўрқуву хавотир зоҳирлигини уқиши мушкул эди.

Шунда, туйқус, менинг кўз ўнгимда у Боғдонда Мавлон қоранинг қопағон итини бир уриб ўлдириб қўйган лаҳзадаги манзара жонланди:

————————————————————————————————

* Ёзилма – ҳожатхона – туалет.

Мавлон қора телбадек бақириб, Бекка ўроқ билан отилди. Қўни-қўшниларнинг дамлари ичларига тушиб кетди. Бектемирнинг юз-кўзида эса қўрқув йўқ эди. У ўз куч, иродасига ишонган ҳолда Мавлон қорага тик боқиб турди. У Бекнинг кўзлари йўлбарснинг кўзларидек ёнаётганини кўрди. Бундан унинг юраги увушиб кетди. У бирдан тўхтади ва:

“– Қиззиғар!“ – дея чинқириб, ўроғини йўнғучқазорга улоқтирди.

Шунда қишлоқ муаззини Саттор Сўфидек кекса киши ҳам ҳайратланди:

“ – Кўз тегмасин, бу боланинг тоғдек юраги бор!…”

Бу гапнинг мағзини мен ҳозир, айни шу дамда ўшандагига нисбатан теранроқ чаққанимни ҳис этдим…

 

– 24-

Физикадан имтиҳон топширдик:

Оқгул ва Марварид аъло баҳо олишди. Бектемир тўртга топширди. Мен физикадан оқсаганим учун учга тортдим.

Қисса бошида Оқгулни ҳамма фанлардан аълога ўқишини қайд этгандим. Айниқса, у физика, математика, астрономия фанлари денгизларида балиқ мисол эркин сузарди.

Оқгул ўнинчи синфни тугатиши билан Лондондаги Оксфорд университетига ўқишга кириш ниятида эди. Гўзал қизчанинг туғма истеъдодини пайқаган профессор Мария хоним Оқгулга шундай фикр берган ва бунда ўзининг холис кўмагини аямаслигини айтган эди:

“ – Сен ташвиш тортма, қизалоғим, ота-онагни уринтириб қўймаймиз… Эркин дунёда яшаб, ўқишни ҳали сен тасаввурингга ҳам сиғдиролмайдиган ўзгача завқи, маъноси бор…

Менга Тангри бола бермади, эсингда бўлса, буни сенга айтгандим. Мен сени ўз туққан онангдек бўлолмасам ҳам, ўз туғишган холангдек бўлишга ҳаракат қиламан.

Сенга ишониб, сенга кўнглимни очиб айтсам, қизалоғим, мен ҳам маълум бир муддат Лондонда яшайман. Лекин ҳали бу режа. Хом режа… Аммо умрим паёни Исроилда: Тел-Авив ё Қуддусда кечади. Буни мен Тангридан сўрайман…”

Яҳудий хоним Оқгулнинг ота-онаси билан ҳам кенгашган эди… Иш оғзаки пишган эди. Фақат Оқгул ўрта мактабни битирса бас…

Кенгашда яҳудий хоним мана бу сўзларни ишонч билан айтганини мен Марварид орқали билиб олгандим:

“ – Оқгулни ёруғ келажаги бор. Менимча, у улуғ физик – астрономик олима бўлиб етишади. Оқгул бу фанлардан кашфиётлар ҳам қилади деган умиддаман…”

Профессор Мария хонимнинг Оқгулга мунча жонкуярлик қилаётгани сабаби тўғрисида кўп ўйлаганман. Ҳозир имтиҳондан қайтарканмиз, тағин, ихтиёрсиз бир равишда хаёлим шунга қочди:

“ – Мария хоним яҳудий, Оқгул ўзбек. Бири Яхудо динида, бири Ислом. Миллату дин нуқтаи назаридан қарасам ҳам, бир-бирига ёт.

Ёшлари орасидаги тафовут ҳам улкан. Яҳудий хоним олтмишни қоралаяпти. Оқгул ўн бешни.

Бири йирик олима.

Бири ўқувчи.

Марвариднинг айтишича: Мария хоним билан Оқгул дўстлигига Бўрон оға сабабчи бўлган. Сокол орқали. Бироқ,бу ҳам дўстликни бундай чуқур томир отишига туб асос бўлолмас.

Балки, бу тиниқ дўстлик – илм-фанни севиш туйғулари сабабли теран илдиз ёйгандир?

Ё бўронли эътиқод туйғусими?..

Ё Оқгулнинг келажагига ишонч туйғусими?

Ё меҳр-мурувват туйғусими?

Ер юзида оз бўлса ҳам бундай туйғулар билан яшаётган кимсалар бор. Менимча, улар билан ҳаёт зийнатли.

Уларни майиб – мажруҳларга, қаровсиз қолган гўдакларга моддий ёрдам беришаётганини ҳам, қашшоқ, лекин иқтидорли ёшларни олийгоҳларда ўқитишаётганини ҳам эшитганман. Тўғриси, менга булар жуда узоқларда, чет элларда юз бераётгани учунми, ёлғондек туюлган. Бироқ, кейин, яъни Бўрон оғанинг далил-исботлар билан ғарқ гапидан кейин буларга инонганман.

Профессор Мария хонимдаги Оқгулга бўлган туйғу қандоқ туйғу? Мен бунга аниқ жавоб беришга ожизман.

Балки, бу самимий дўстлик ўзагини ўзбекнинг:

“ Меҳри тушган…”

“Кўнгли-кўнглига тўғри келган…”

“Феъли-феълига мос…” ибораларидан излаш жоиздир…”

– Эврил, анави турқи совуқ изимиздан келяптими? – Марварид хавотир аралаш паст товушда менинг биқинимга ҳеч кимга сездирмай секин туртди.

Мен чўчиб ўзимга келдим. Хаёлим кучли шамол совурган тумандек соврилди.

Биз бу пайтда биринчи шахта яқинидаги кесишувга келиб қолгандек. Шахтадан чиқарилган қир баравар тошлар устига ўрнатилган темир йўлчада юкли, юксиз вагонча*лар у ёқдан, бу ёққа шарақлаб қатнаётир. Ҳаво ловуллаб ёнмоқда. Кўча пиёдаларга тўла.Мен сездириб қўймаслик учун турқи совуқ  нусхага қарамадим. Бекка боқдим. У мен ўйлаганимдан ҳам кўра хотиржам эди. Мен ичимда:

* – Бек, азиз дўстим, – дедим, – сенинг асабинг метиндан яралганга ўхшайди. Ироданг ҳам. Саттор сўфи сени:

“ – … Тоғдек юраги бор…” деб бекорга айтмаган.

Одатдагидек кесишувда тўхтадик. Турқи совуқ кимсага ҳеч биримиз (атайлаб) эътибор бермадик. У кўз қири билан Бекка бошдан- оёқ разм солиб ўтди. Менга ҳам. Мен унинг чувак юзини, кул ранг, совуқ кўзини эслаб қолдим. У ўзбек эди. Аммо кўзларимиз тўқнашмади. Биз бундан ўзимизни тийдик.

Ҳеч айб иш қилмасам ҳам, Бекдан хавотир олганим учунми, менинг тиззаларим ўзимга бўйсунмади: титради. Бектемирнинг ботинида нима кечаётганини билмадим, билолмадим. У ўзини табиий тутарди. Наздимда, ҳозир унинг олдида Американинг донгли кино актёри ҳам ип эшолмасди. Мен ҳаяжонланаётганимни сездирмаслик учун қизларга дедим:

– Энди, сўнгги имтиҳон қолди. Уч кундан сўнг. Математикадан. Менга қийин… Шу фан ёқмайди.

– Агар тўртга тортмасанг, уч нақд…

– Тангри билади, Бек.

– Ҳар нарсага Тангрини тиқиштираверма, – жеркиди Бектемир.

– Каникулда ҳеч ёққа кетмайсизларми, болалар? – Сўради Оқгул.

– Мен ишлайман. Онам билан ўзимга қишки кийим-бош олиш ниятидаман.

– Сен-чи?

– Мен ҳам, Оқгул. Отам кичик хотини билан кетган… Мен онамнинг кўнглини олишни истайман. Жуда истайман.

– Фикрларингни қувватлайман, болалар.

– Келишганимиздай, ҳар бозор куни тоққа чиқамизми, болалар? – Марварид тотли табассум билан бизга боқди.

————————————————————————————————

* Юкли-юксиз вагончалар – бу вагончалар шахта қаъридан кавлаб олинган турли рангларда товланувчи тошларни тепага –тош “қир” адоғига олиб бориб тўкиб қайтади.

– Айтилган гап, отилган ўқ, – деди Бек худди катта кишилардек. Унинг дўруллоқ овозида мамнунлик ифодаси барқ уриб турарди.

– Шу бозор куни эрта тонгда, ўша спорт формалар*ида, болалар… – Оқгул тиниқ жилмайди. Шунда унинг уйқусизликдан синиққан юзи ёришди. Қуёш ёмғирдан эзилган тунни ҳайдаганда, олам ҳам шундай ёришади.

Бектемир қувонганидан, худди боғча чўжиғидай:

“ – Ура!…” – дея чапак чалди.

Ўтиб- кетаётганлар бизга қизиқсиниб қарашди. Биз турқи совуқнинг ҳам эътиборини тортдик. У ҳув бир четда бизга ярим юзланган ҳолда қандайдир шериги билан бирга сигарета чекаётган эди. Унинг заҳил башарасида ғалати ўзгариш юз берди. Қандай? У узоқроқда бўлгани учун мен бу ифодани уқолмадим.

Баъзан, гўдакликдан бирга ўсиб-улғайган дўстингни ҳам айрим сўз, қилиқ, ҳаракатларини тушунмайсан. Мен ҳозир Бектемирни тушунмадим. Уни тоғларни беҳад севишини биламан. Унга қизлар билан бирга жилғалар куйлаб, сойлар шовуллаб оқаётган маконда, ўлмас қоялар аро сайр этиш яна ҳам завқ бағишлашини ўзимча тасаввур қиламан. Лекин бошига оғир иш тушгаанда, ғам-ғуссадан йироқ чўжиқларча: “Ура!..” дея қичқиришини тушунмадим. Тушунолмадим. У буни кўнглига қандай сиғдирди экан? Ё артистлик қиляптими? Туб ҳақни билиш истагида Бекнинг кўзларига тикилдим. Артистликдан асар ҳам йўқдек, севинч туйғуси чиндек эди.

– Бирга тушлик қиламиз, – Марвариднинг гапидан хаёлим қочди, – отам қўй сўйган. Кейин кечгача имтиҳонга тайёргарлик кўрамиз.

– О-кэй! – Бек инглиз тилини Оқгулдек билмаса ҳам, ҳар қалай эпларди.

– Ҳозирча, болалар, – қизлар қўлларини силкишди.

– Ҳовузга бир шўнғиб олмаймизми, Эврил? – Қизлар кетгач, сўради Бек, – Ҳаво ловуллаб ёнаяпти. Ҳаммаёғимни тер босиб кетди.

– Ҳар замонда сенданам тузук фикр чиқади.

– Жиғимга тегма, Эврил.

Биринчи шахта биқинидаги тепа устига тўрт бурчак шаклида қурилган бетон ҳовуз* томон юрдик.

———————————————————————————————–

* Қизларнинг спорт формалари тўқ қизил, Бек билан меники ҳаво рангларда эди.

* Бетон ҳовуз – ҳозир ҳам бу ҳовуз сақланмоқда. 55 йил кечароқ ташландиқ ҳолда.

Адашмасам, унинг бўйи билан эни тенг: 7х7. Чуқурлиги тахминан уч метр. Шахта қаъридан (билакдек йўғон трубада) тиниқ, тамъсиз сув чиқиб ҳовузга қуйилмоқда. У лим-лим тўлганда худди шундай ҳажмдаги қувурда сув ташқарига оқиб чиқади.

Ҳовуз теграси ёшлар билан тўлиб-тошган. Биз тош устига ечиндик. Сўнг мен Бекка шивирладим:

– Мабодо, кийим-кечагимизни бирон кас титкиласа, шовқин кўтарма, аксинча, уни кўрмасликка ол.

– Нега энди?

– Фаҳмимча, улар қон доғларини излашаяпти.

– Калланг ишлайди.

Ҳовузда йигит-қизлар чўмилишаяпти. Бари ўрис. Биз юқоридан чопиб эниб, сувга калла ташладик.

– Қандоқ мазза! – Қичқирди Бек сув остидан шўнғиб чиққач.

Мен Бектемирга тескари ўгрилган ҳолда уст-бошимизга ер тагидан қараб тургандим. Ва шу алпозда атайлаб русча оҳангда жавоб қайтардим:

– О, зўр!

Турқи совуқнинг икки кўзи бизда. Унинг кўркам чеҳрали шериги кийимларимизни синчиклаб кўздан кечирди. Мен турқи совуқ турган ерга сув остидан тез сузиб бордим.

– Зарра қон доғи йўқ, топ-тоза… – Кўркам чеҳрали каснинг турқи совуққа айтган сўзлари қулоғимга узуқ-юлуқ чалинди.

Биз ҳовуздан чиққанимизда, улар жинлар каби кўздан ўчгандилар.

Уйга ёндик.

Қуёш тикда муаллақ турган ҳолда, ерга аёвсиз ўт ёғдирмоқда. Иссиққа чидаш мушкул. Ҳамма ўзини уйга урган. Битта-иккита ўткинчи демаса, сўқоқлар бўм-бўш.

– Бек, менимча, бу икки нусха ҳеч ким йўғида уйимизни ҳам титкилаганми дейман?

– Мумкин. Бироқ очиқ ахтаришга қўрқишади. Сирлари очилиб кетишидан қўрқишади.

– Ишқилиб одам ўлмаганми?

– Йўқ.

– Тангрига шукр!

– Аммо ўлгандан баттар бўлган.

– Сен мендан ҳеч нарсани яширмай сўзла. Бу муҳим. Ҳаммасини оқизмай-томизмай сўзла. Қайта айтаман, бу жуда муҳим. Чунки шунга қараб иш тутамиз…

Бектемир тунда кечган воқеани истар-истамай менга айтди.

Мен қўрқиб кетдим. Ўз-ўзидан оёқ-қўлларим қалтирай бошлади. Бекни жаҳли чиқди:

– Шунга сенга айтишни истамагандим. Бундоқда сездириб қўясан, қуш юрак, ўзингни қўлга ол!

– Хўп-хўп, Бек, – Ўзимни идора қилишга тиришдим, – хўп, – бироқ аъзоларим ўзимга бўйсунишни истамасди.

– Қўрқма, мендан кўрмайди. Ёш бола икки “профессионал”ни ерга букиб ташлаганига одам-ку одам, шайтон ҳам ишонмайди.

Бу гап менга бироз таскин берди. Аммо, шунга қарамай, мен Бекка ўз сўзимни айтдим:

– Тор ўйлама, Бек. Бекорга гумонсирамаяпти.

– КГБ иши шундай. У ҳаммадан шубҳаланади. Ҳеч кимга ишонмайди. Тангрига ҳам.

– Сен буни қаердан биласан?

– Эшитганман… Бироқ мендан кўрмайди.

– Э, ёш бола, ёш бола! Ҳали сен нонни “нанна”, – деб юрибсан. Уларнинг чўнтакларидан кимликларини олаётганингда сенинг бармоқ изларинг қолган бўлса-чи?

Бектемирнинг дами ичига тушиб кетди. Юзидан қон қочди.

“ – Шуни ўйламабманда! – деган сўз юрагини пичоқдек тилиб ўтди. – Эҳ!..”

– Лекин, – деди мен Бекни ўзига келтириш учун, – бармоқ изларини текширишдан олдин улар яширин тарзда кимликларни ахтаришади. Чунки сирлари очилиб қолишидан қўрқишади. Шу вақт ичида сен ҳеч кимга сездирмай, Қозоғистонга суришинг керак.

Бектемир ўзини қўлга олди ва сир бермай деди:

– Эй, катта одам! Сен нима десанг деявер, агар мен шундай қилмаганимда ҳозир Оқгулни орамизда кўрмасдинг.

Мен шунда ўз хатоимни англаб қолдим:

“Бектемирга далда бериш ўрнига, унинг кўнглини чўктираяпман” – ўзимдан-ўзим норози бўлдим.

– Тўғри қилгансан дўстим, – дедим Бекнинг руҳини кўтариш учун дадил овозда, – бироқ, энди, бу ёғига эҳтиёт бўлишимиз керак. Сал адашсак, жаҳаннамга кетамиз.

– Биламан.

– Менимча, қизлар буни билмайдилар. Йўқса, бизга айтардилар.

– Билмаганлари яхши.

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Ғулғула ёмон нарса…

– Фикрингга қўшиламан, Эврил.

КГБ очиқ изламайди… Сен айтганингдек, сири фош бўлишини истамайди.

Зимдан “иш” кўради.

– Энди Оқгулни қандай асраймиз?

–  Тангридан сўраймиз. Чунки бундан ўзга иложимиз йўқ. Энди ҳар қадамимизни кузатади. Энди, Оқгулнинг уйи ҳам тўла назоратда.

– Тўғри, Эврил, лекин бир йўлини топмасак бўлмайди.

– Фақат бир йўли бор. Эл: “Ўзини асраганни Тангри асрайди” дейди. Энди Оқгул ўзини жуда эҳтиёт қилиши, қош қораймасдан то кун ёримагунча ташқарига чиқмаслиги лозим. Мен буни ўзига айтаман.

– Қачонгача шундай юради?

– Қора булут тарқагунча.

– Қачон тарқайди?

– Буни аниқ айтолмайман.

– Мужмал гап! – Бектемирнинг юзи тиришди.

– Буни ҳеч ким аниқ билмайди.

– Мен биламан: Қиёматда!.. – Кесатди у.

– Бўлмаса нима қиламиз?

– Бўрон оғанинг сўнгги ўгутига амал қиламиз.

– Энди, буни иложи йўқ.

– Сенингча шундай.

– Бутун тузмга қарши иккимиз!..

Эсинг жойидами? Мажақлаб ташлайди. Мен бекорга ўлиб кетишни истамайман.

– Қўрқоқ! – Бекнинг кўзи совуқ йилтиради. – Мен Оқгулни ҳимоя қиламан!..

Бектемир билан тортишмадим. Чунки уни бу йўлдан қайтаролмаслигимни сездим. Шу билан бирга мен ўзимдан-ўзим нафратландим. Бироқ, барибир, борлиғимни исканжага олган қўрқув туйғусини енголмадим.

 

– 25-

Онам бизни остонада кутиб олди. Имтиҳондан қандай ўтганимизни сўради. Айтдик. У мулоҳазали аёл эди. Мени уялтирмади. Маъюс жилмайди ва Бекни қутлади. Сўнг мени.

– Уйга келиб кетувдиларингми, болаларим? – У бизга синовчан кўз югуртирди.

– Нимайди, Она?

– Сўраяпманда, болам.

Мен шу заҳоти гап тубига етдим ва онамнинг  кўнглида ваҳм уйғотмаслик учун унга ёлғон сўйладим:

– Ҳа, она.

– Ўзинг шундайми?

– Бир нарсани унутиб қолдирибман.

– Нимани?

– Имтиҳонга тегишли қоғозни.

– Кийим-кечакларни титиб ташлабсан, ўғлим.

– Шошилувдим-да, она.

Бектемир онамга сездирмай менга маъноли боқди. Мен унга: “жим!” дегандай суқ бармоғимни дудоғимга қўйдим.

– Мен бир нохуш хабарни чала-чулпа эшитиб қолдим, – деди онам ,-тонгда қабулхонани супураётгандим. Кон бошлиғи шошиб келиб, ўз кабинетига кириб кетди. Унинг кайфияти йўқ, ранги ўчган эди. У сезмадими, эшик қия очиқ қолди. Кимдир унга сим қоқди. Афтидан, катта одам… Кон бошлиғи унинг саволларига жавоб бериб турди:

“ – Ҳа, иккови ҳам чалажон… Ҳа-ҳа, ҳозир уларни “Кукурузник”*да Тошкентга жўнатдик… Ҳа-ҳа, шундай. “Олтин тош” омбори қўриқчилари бир молхона ёнидан топишган… Ҳа-ҳа, кўп қон йўқотган… Билмадим, тирик қоладими, йўқми… Ҳа-ҳа, менам ўғрилар деб ўйладим… Йўқ-йўқ, овоза қилмаймиз… Йўқ- йўқ, асло… Ҳа-ҳа, ёпилган қозон ёпиғлигича қолади…”

Ичимдаги ғулғулани онамга сездириб қўймаслик учун унга фикр ҳам билдирмадим.

– Она, биз Марваридларникига шошаяпмиз, – дедим имкон қадар босиқ овозда. – Тушликни ҳам уларникида қиламиз. Кечгача имтиҳонга тайёрланамиз, она.

– Қоронғу тушмасдан келинглар, болаларим.

Шу онда Бектемирнинг ичида нималар кечганини, кечаётганини билмадим, билолмадим. Лекин унинг кўз ости жияклари қизарганини, юзи сезилар-сезилмас оқарганини илғадим. Бошқалар буни пайқашлари қийин эди. Ҳатто онам ҳам.

Йўлда мен Бекка ўз фикр-мулоҳазамни айтдим:

——————————————————————————————–

* “Кукурузник” – Ўша йиллари Фориш тумани марказидан Тошкентдаги Сирғали ҳаволанига учувчи учоқ.(самолёт)

– Қўриқчилар ниқобли каслар келишавермаганига хавотирга тушганлар ва сўнг уларни излаб топганлар.

– Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Менимча, мажруҳларни ҳеч кимга смездирмай олиб кетишган.

– Менимча ҳам.

Гапимиз узилди. Кун қайнаб кетганидан йўлда одам боласи кўринмайди. Кўланкаларда ётган итларнинг тиллари осилиб қолган. Изимизда ҳеч ким йўқ. Гўё Учқулоч мотамсаро сукунатга кўмилган. Мен Бектемирни саволга тутдим:

– Телефондаги гапларни уқдингми?

– Ўғрилармиш… ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолармиш…

– Яшираяпти, демак чўчияпти. Эл билса, улар учун ёмон-да… Фаразимиз тўғри чиқди: очиқ ҳамла қилмайди. Илондай сездирмай чақишга уринади…

– Энди, Оқгул тақдири нима бўлди, Эврил? – Ўта ғамгин ва тушкин овозда сўради Бектемир.

– Билмадим, дўстим. Менимча, унга икки-уч кун тегмайди. Зимдан қарши кучни аниқлашга киришади. Юқорида айтганимдек, Оқгуллар уйи атрофига яширинча, тамомила яширинча назорат ўрнатади. Сен яна кўз чиқариб қўйма, Бек. Буни сендан ёлвориб сўрайман. Сал қадамингни чакки боссанг, тамом, бу ўлим!..

Бектемир менга муздек совуқ қаради. Бироқ оғиз очмади. Мен унинг бошида қарама-қарши ўйлар ғужғон ўйнаётганини туйдим.  Яна шуни аниқ сездим: Оқгулни қўриқлаш йўлидн Бекни ҳеч ким қайтаролмайди. Ҳеч ким! Фақат бундан ўлим билан Тангри айро.

Мен ичимда ўлимдан ҳам қўрқмас дўстим борлигидан ғурурландим. Ўзимда уникидек жасорат йўқлигидан эзилдим. Аммо, шунга қарамай, кўнглимнинг  бир четидан: “Ўзини ўтга уряпти” деган фикр ҳам ўтди.

(Давоми бор)

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares