Саиджаҳон Равоний: АРУЗНИ МУСТАҚИЛ ЎРГАНАМИЗ

AdabiyotСаиджаҳон Равоний

АРУЗГА МУСТАҚИЛ ЎРГАНАМИЗ (1)

***

Муаллифдан:

Қуйидаги иншоларим ва тузган қўлламмам билан, аруз илмининг ўткир билимдонлигига даъвогарлик қилмоқчи эмасман. Бироқ таҳлилларим давомида ўзим бир нави, аруз ҳақида тушунчага эга бўлдим, ва арузга қизиқувчиларга натижалар билан ўртоқлашмоқчиман. Шу қаторда, мазкур иншоларимни арузни шеъриятимизда қайта жонланишига камтарона ҳиссам бўлишига умидворман.

 Арузни ўрганиш давомида, арузшунослар Абдурауф Фитрат, Натан Маллаев, ҳамда, Анвар Ҳожиаҳмедовларнинг ишларидан фойдаландим.

 Саиджаҳон Равоний

МУНДАРИЖА:

1. Ҳолат қандай

2. Аруз тарихи ва унинг туроқдан фарқи

3. Арузда чалғитувчи ҳолатлар

4. Луғат

5. Намуналар

6. Қўшимча машғулот

7. Тахмис ва туснифи.

***

ҲОЛАТ ҚАНДАЙ 

 Озми, кўпми шеър ёзган киши билади-ки, шеъриятнинг муайян тартиб-қоидалари мавжуд ва уларга риоя қилимасдан, жиддий бирор шеърий асар ёзиб бўлмайди.

 Кўпчилигимиз, туроқ вазнини енгил-елпи ўрганиб олиб, ҳаёлимиздан ўтган-ки фикрларни, оч қофияларда “шеър”лар ёзишни шоирлик ҳисоблаб (айни даврда, интернет имкониятларини суистемол қилиб), оммага ҳавола этиш билан оворамиз.

 Аруз вазнида интернетда дейсизми, газета ва журналлар саҳифаларида дейсизми, янги китобларда дейсизми, ҳаваскорлардан тортиб, манаман деган таниқли шоирларнинг битган, биронта бир бехато ёзилган байт топиш амри маҳол. Маддоҳлик ва исёнбозлик каби икки йўналишга тушиб қолган шеъриятимиз, бугун шу қадар чўбир-ки, биз буни на англаймиз, на тан оламиз.

 Лекин англасак-англамасак, тан олсак-тан олмасак, шеъриятимиз бугунги кунда чуқур таназзулда ва бу таназзул янада чуқурлашиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби эса, мумтоз шеърият вазни бўлмиш – аруз вазнидан бугун буткул мосиво қолдик. Бу ҳолат, ўз навбатида туроқ (бармоқ) вазнидаги битикларимизда ҳам салбий аксини топиб, шеъриятимизнинг қашшоқланиши кун сайин давом этмоқда.

Бугун, аруздан бехабар ёш шоирлардан ҳам, аруздан зохиран хабардор “халқ шоир”ларию ёзувчилар уюшмасига аъзо каламкашлардан:

– Вазннинг нима дахли бор? Истеъдодли одам, вазнга қарамай ёзаверади-да! Муҳими мазмун! – деган иддаоларни эшитиш, одатий ҳол бўлиб қолди. Бу албатта билимсизлик ва истеъдодсизликдан келиб чиқувчи, зўровон фикр.

Албатта, бунда чалавош, “шоир”лардан ранжийсиз. Аруз соҳасида забардаст олимлар Навоий, Бобурлар ҳам умрбод ўзларининг аруздаги билимларини сайқаллаб боришганини эсга оласиз. Улар камчилик ва хатоларини кўрсатишганда, сапчишмаган, инобатга олиб, миннаддор бўлишган.

Зотан, шеърият бу санъат! Санъат бўлгандаям нуктадон санъат. Мусиқадаги каби, шеъриятда ҳам сакталик ва сахталикларга йўл қўйилмаслиги керак.

***

Бир куни, “Сўз боши”сига аруз вазнида деб, изоҳ берилиб, кўкларга олиб чиқиб мақталган, сайланмаси чоп этилган, бир шоир билан баҳслашиб қолдик. Шоир, китобида яхлит “дўст”, “маст”, “мард”, “айт”, “ашк”, “раҳм”, “барқ”, “шеър”, “лаъл”, ганж” каби сўзларни хоҳлаган жойида 1-та ҳижо ишлатган, хоҳлаган жойида 2-та хижо ишлатган. Бу, арузнинг (албатта, туроқнинг ҳам), ниҳоятда қўпол бузилиш ҳолати. Бу сўзлар 2-та ҳижо, яъни, 1-та чўзиқ, 1-та қисқа ҳижо. Фақат мисра охирида 1-та ўта чўзиқ ҳижо ҳисобланади.

Муқимийнинг “Якка бу Фарғонада” ғазалидан бир нечта байтини мисол келтирдим. Ғазал – фоилотун фоилотун фоилотун фоилун – рукнларда ёзилган. Жами мисралар 15 ҳижодан. Мисраларда 2-чи, 6-чи, 10-чи, 14-чи ҳижолар қисқа очиқ келиши керак. Ғазалдаги 3-чи, 4-чи, 8-чи, 9-чи, 10-чи ва 11-чи 12-чи ва 15-чи мисралар, суҳбатдош  “шоир”нинг ҳисобида, 14 ҳижодан. Аслида ҳамма мисралар 15 ҳижодан. 14 ҳижоли туюлган мисраларни қаранг:

 3. Кимга дод айлай бу бедодингни ман, эй сангдил,

 4. Ошно бўлдим десам, кўнглунг сенинг бегонада.

 8. Бўлса найлай маст бўлмай масканим майхонада.

 9. Манзилимни сўрма, эй мағрури мулку дастгоҳ,

10. Даҳр саҳройи жунун уй бўлмагай девонада.

15.Чўғздек қилгай Муқимий ҳам наво вайронада.

Айнан қисқа очиқ ҳижолар келиши даркор жойларда “сангдил”, “ошно”, “маст”, “дастгоҳ”, “даҳр”, “чўғздек” каби сўзлар турибди-ки, арузда бу сўзлар “са-нг(э)-дил”, “о-ш(и)-но”, “мас-т(и)”, “дас-т(и)-гоҳ”, “даҳ-р(э)”, “чўғ-з(и)-дек” деб қисқа унлилар қўшиб ўқилади ва саналади. Навоийнинг:

Ошиқ ўлдим, панд берманг – чорам асбобин тузунг,

Ишқ зор этганга зулм этманг – тараҳҳум юргузунг.

Нодиранинг:

Ёрнинг васли эмас озорсиз,

Гулшан ичра гул топилмас хорсиз.

байтларидаги “панд”, “ишқ”, “ёрнинг”, “озорсиз”, “хорсиз” сўзлари ҳам, “пан-д(э)”, “иш-қ(э)”, “ё-р(э) -нинг”, “о-зо-р(э)-сиз”, “хо-р(э)-сиз” деб ўқилади ва саналади.

Бу ҳолатларни, ўша суҳбатдош шоирга тушунтириб беролмадим. Аксинча, ўзим арузни билмасликда айбландим. Оқибат, жахд билан, арузни мустақил ўргана бошладим.

***

Аввалига, жуда қийин бўлди. Арузни тушунишнинг имкони йўқдек туюлди. Лекин изланишларим бесамар кетмади шекилли, хозирда аруз соҳасида бир мунча тушунчаларга эга бўлдим.

Мен, “мумтоз”, “сеҳрли”, “малоҳатли”, “жозибадор” ва шу каби арузга оид сифатларни гапириб, аруз вазнини ўрганишга қизиқиш ўйғотишга харакат қилмайман. Бу бефойда. Кимда қизиқиш бўлса, унга бундай тарғиботнинг кераги йўқ.

Лекин ўзимдан қиёс, тез орада шундай хулосага келдим-ки, аруз вазнида ижод қилиш учун, арузнинг 20-дан зиёд баҳрини яхлит билиш ҳам шарт эмас экан. Мисол учун Султон Байқаро Ҳусайний фақат битта баҳрда ижод қилиб, ўзининг бетакрор ғазаллар баёзини яратиб қолдирган. Шундан келиб чиққан ҳолда, мен ўзбек арузининг анъанавий 4-5 баҳрини ўргана бошладим.

***

АРУЗНИНГ ТАРИХИ ВА УНИНГ ТУРОҚДАН ФАРҚИ

Аруз вазнининг асосчиси VIII-асрда яшаб, ижод этган арабистонлик шоир Халил ибни Аҳмад ҳисобланади. Аруз сўзи – ўша Халил ибни Аҳмад яшаган масканнинг, яъни (исломгача Ясриб), Мадина шаҳрининг бир қисмининг номи экан. Турар жойга мажозий асосланган ҳолда, Халил ибни Аҳмад шеърлар вазнларининг тўпламини шаҳарга, шеърни уйга, шеърнинг таркибини эса, уйнинг асосларига қиёслаган. Яъни, байт арабча – уй, аниқроғи, чодир – ўша замон арабистондаги асосий яшаш жойи.

Байтнинг асослари – уй ва чодирнинг асослари каби – қозиқ, арғамчи, ер, шип ва шу каби атамалардан ташкил топган. Кейинчалик, аруз вазни ҳақида асарлар ёзган олимлар, улар қатори Алишер Навоий хам, Халил ибни Аҳмад атамаларини ишлатишган, пировардда бу атамалар аруз вазнининг бевосита атамаларига (терминларига) айланган.

Араб алифбоси ва унинг грамматикаси ўзбек тилига кириб келиши билан, аруз вазни ҳам ўзбек шеъриятига кириб келган. Аруз вазни, аслида, туроқ вазнининг янада нуктадон кўринишидир. Жумладан, ҳам аруз, ҳам туроқ, муайян сонли бўғинларлардан ташкил этувчи шеърий тизимлардан (системадан) иборат. Туроқда осон, ҳижолар таснифланмай, санаб, бир ҳил сонда, бир маромда такрорлаб, мисралар қофияланиб, шеъри асар бир бошдан ёзилаверади.

Арузда эса бутунлай бошқа талаблар мавжуд. Арузда ҳижолар бир нечта турга таснифланади ва уларнинг рукнларга мувофиқ тизимда, мисраларда келишлари, вазн турини шакллантиради.

Лекин аруз билан туроқдан майян нималари билан фарқ қилади? Буни билишимиз учун икки намунани кўриб чиқамиз.

Биринчи намуна:

Кеча оқшом фалакда, ой бўзариб ботганда,

Зуҳро юлдуз милтираб хира ханда отганда…

Бу Абдулла Ориповнинг “Биринчи муҳаббатим” шеърининг 1-чи 2 мисраси. Бу шеър, туроқда кенг қўлланувчи вазнларимизнинг бирида ёзилган бўлиб, мисралар куйидагича:

Ке-ча оқ-шом фа-лак-да / ой бў-за-риб бот-ган-да,

Зуҳ-ро юл-дуз мил-ти-раб / хи-ра хан-да от-ган-да …

шаклида кесилиб, ҳар бир мисраси 7+7=14 ҳижодан саналади ва шу тарзда шеърнинг охиригача давом этади. Иккинчи намунамиз Заҳириддин Бобурнинг ғазаларидан бирининг 1-чи байти:

Хазон яфроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим,

Кўруб раҳм айлагил, эй лоларух, бу чехраи зардим.

Бу байтни туроқдаги каби бармоқда санасак, 1-чи мисра 16 ҳижо, 2-чи мисра 17 ҳижо чиқади ва 1-чи намунага нисбатан, пала-партиш ёзилган битикка ўхшайди. Аслида бу аруз вазнидаги дурдона ғазалнинг бир байтидир. Байтдаги ҳижоларнинг кесилиши ва бир-бирига уланиши куйидагича:

ХА зон яф роғ И янг лиғ гул Ю зинг ҳаж рид А сар ғар дим,

КЎ руб раҳ май ЛА гил эй лол А руҳ буч еҳ РА из ар дим.

Байтнинг аруздаги шартли белгилар тизими куйидагича:

V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –

рукнлари куйидагича:

– мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун –

байтнинг рукнланиб ўқилиши куйидагича:

Хазоняфроғ / иянглиғгул / юзунгҳажрид / асарғардим,

Кўрубраҳмай / лагилэйло / ларухбучеҳ / раизардим.

Кўриб турибмиз-ки, аруздаги мисралар туроқдаги мисралардан рукнланиш тизми билан фарқланар экан. Эътибор берсак 2-чи намунамиздаги 2-чи мисрадаги 17 ҳижо рукнлаганимиздан сўнг 16 ҳижо бўлиб чиқди. Бу “…раҳм айла…” икки сўз, икки рукнга ўтиб қолса-да, “раҳм”даги “м” ундош, “айла”даги “а” унлига уланиб, яъни, ВАСЛ бўлиб, жумла “раҳ-майла” деб (равон) ўқилиб кетишлиги натижасида ҳосил бўлди.

Шу ўринда, Бобурнинг мазкур ғазалига битилган “насри баёт” қўшиғини (ва бошқа мақом қўшиқларини) тинглаганимзда, худдики, бошқа тилдаги қўшиқ куйланаётганга ўхшаб кетади. Бу, айнан бастакорлар ҳам аруздан яҳши хабардорликларидан даракдир.

Ҳолбуки, туроқ билан аруз ўртасида қандай фарқ борлилигига бошланғич тушунчага эга бўлдик. Айтишимиз жоиз, хозирча олдимиздаги, арузни ўрганиш мақсадимиз анча мушкуллиги ҳамон сақланиб турибди. Лекин бу сиртдан қараганда. Аслида арузни ўрганишимиз жуда осон ва мароқли кечади. Бунга кўп ўтмай амин бўламиз. Муҳими, ўрганишни, афсаласизлик қилиб, ташлаб қўймаслигимиз керак.

Лекин тақидлаб ўтишимиз керакки, аруз яҳши-ю, туроқ ёмон демоқчимасмиз. Туроқнинг ҳам ўз тартиб – қоидалари мавжуд-ки, улар ҳам ўзига яраша, шоирдан санъаткорликни талаб этади. Бу вазинда ҳам кўплаб дурдона асарлар яратилган ва яратилажак. Яъни, арузнинг ўз ўрни бор, туроқнинг ўз ўрни бор деб, ёндашмоғимиз керак.

***

Яна айтишимиз керак, арузнинг барча атама ва тизимларини изчил ўрганиб, ҳар бир атамани таҳлил қилиб, масалага илмий ёндашмоқчи бўлсак, биз бўшланғичларни, бу йўл боши берк кўчага олиб кириб қўйиши муқаррар. Шунинг учун, арузнинг асосчиси Халил ибни Аҳмаднинг ўзидан ўрнак олиб, биз ҳам оддий усуллардан фойдаланиб борамиз.

***

АРУЗДА ЧАЛҒИТУВЧИ ХОЛАТЛАР

“Инсон ниманидир ўрганишида энг самарали усул – хатолар устида ишлаш”, деган экан бир донишманд. Ҳолбуки, ҳурматли шеърият ихлосмандлари, арузни мустақил ўрганишимиздаги бугунги таҳлилимиз, ўзимизнинг хато тушунчаларимиз ва саҳифалардаги чинакам хатолар ҳақида боради:

Дарҳақиқат хатолар устида ишлаш самараси юқори эканлиги, шубҳасиз. Келинг аввал, биз, арузни янги ўрганувчи – бошланғичларга хатога ўхшаб кўринувчи, лекин хато эмас ҳолатларни таҳлил қилайлик.

Биламиз-ки арузда калам юргазишнинг енг асосий усуллари бу – тақиъ ва васл. Яъни, ҳижоларни вазн такозосига мувофиқ, кесиб, ундош ва унли ҳарфларни бир-бирига улаб кетиш. Биз бу усуллар билан юқорида танишиб ўтдик.

Лекин арузда васлнинг яна бошқа – “васли ҳо” деган бир тури хам бор экан. Айнан шу – “васли ҳо”, кам учраса-да, ўзимдан қиёс, биз бошланғичларни яҳшигина чалғитади. Масалан, Муқиймининг “Танобчилар” ғазалида:

Бўлди таажжуб қизиқ ҳангомалар,

Арз этайин эмди ёзиб номалар.

вазн такозосига мувофиқ, 1-чи мисрадаги “қизиқ” сўзидаги 2-чи ҳижо, очиқ ҳижо бўлиши керак. 2-чи мисрасидаги “ёзиб” сўзидаги “ё” ҳижо қисқа бўлиши керак. Бу байт мени анча бошимни қотирди.

Лекин арузшунос Анвар Ҳожиахмедовнинг китобларининг бирида ўқиб қолдим-ки, арузда “васл ҳо” аталмиш усул ҳам бор экан. Шу усул қўлланиб, “қизиқ” сўзидаги “қ” ундош кейинги “ҳан” ҳижосидаги “ҳ” ундош туширилиб, васл этилар экан. Ўз навбатида “қ” ундош “ғ” ундошга айлантирилиб, жумла “қизи-ғангомалар” тарзида ўқилар экан.

Машраб қаламига мансуб;

Кўзима кўринур мани дилбарим ҳар қаёнада,

Ишқини ёр айладим ўзума бу замонада.

байтининг биринчи мисрасидаги “дилбарим” сўзининг оҳирги “м” ундоши ўзидан кейинги “ҳар” ҳижосига қўшиб ўқилганда “ҳ” туширилиб, мазкур жумла “дилбари-мар қаёнада“ деб ўқилар экан.

Зероки, хатога ўхшаб кўринган, шундай холатга дуч келганимизда, ҳайрон бўлмасдан, арузда “васли ҳо” усули ҳам мавжудлигини назарда тутишимиз даркор экан.

Яна, классик шеъриятимизни мутолаа қилиш вақтимиз:

Баҳору боғ сайрин не қилайким, дилситонимнинг… Бобур;

Ишкастаю ҳам бастаман, бу қулни кел озод қил… К.Хоразмий;

ҳамда шоирларнинг тахаллуслари – Навоиймас Навойи, Атоиймас Атойи деб ёзилган жойларни кўрамиз ва буларни имло хатолар деб йўлаймиз. Лекин булар хатолар эмас. Булар, шоирлар тағйир усулини қўллаб, ёпиқ ҳижони очиқ (қисқа) ҳижога ва аксинча, очиқ ҳижони ёпиқ (чўзиқ) ҳижога айлантирган ҳолатлар.

Яна, бизга хато бўлиб туюлиши мумкин бир ҳолат, бу мисраларнинг охирида ҳижоларни турли қўлланиши.

Масалан, Навоийнинг ғазалидаги:

Ул кўзу кошдин агар қўзғолса олам тонг эмас,

Ким биридур офати даврон, бири ошуби даҳр…

каби байтни, ёки Муаззамхоннинг ғазалидаги:

Ногаҳон боди сабо васфи қадинг шарҳ айласа,

Тоқат этмай тебраниб, сарви хиромон қилди рақс.

каби байтларни олсак, иккала байтнинг 2-чи мисраси якунида, 2-та ҳижоли “даҳр” ва “рақс” сўзлари, 1-та ҳижо саналиб турибди. Биз биламиз-ки, бундай сўзлар 2-та (1-та чўзиқ ва 1-та қисқа) ҳижоли сўзлардир. Лекин бу фақат мисранинг ичида шундай экан. Мисранинг охирида эса, бундай қўш ҳижоли сўзлар, умум эътироф қоида бўйича, 1-та ўта чўзиқ ҳижо саналар экан.

– Хўш, унда нима учун Муаззамхоннинг байтининг, 1-чи мисрасининг якунида қисқа очиқ ҳижо турибди? Вазн талабига мувофиқ, ёпиқ чўзиқ ҳижо бўлиши керак, – деб, биз бошланғичлар, табиий-ки, ҳайрон бўламиз ва “бу ерда, ҳойнаҳой хато бўлса керак” деб, ўзимиз хато қилар эканмиз. Чунки, мисра якунидаги очиқ ҳижолар чўзиқ ёпиқ ҳижо саналар экан. Негаки, мисра тугаб, кеинги мисрага ўтишда тутуқ (пауза) хосил бўлиб (кулгили бўлса-да), оғиз ёпилиб, ҳижо ҳам ёпилар экан.

Мана, хато эмас, лекин бизга хато бўлиб туюлувчи ҳолатлдарнинг асосийларини билиб олдик.

***

Энди чинакам хатоларни ўрганишга ўтамиз. Бу ўринда Муқимийнинг “васл ҳо” қўлланилган байтига қайтсак, иккинчи мисрадаги “ёзиб” сўзидаги чўзиқ “ё” ҳижо ноўрин турганлиги, тўпламни нашрга таёрловчисининг, ёки муҳаррирнинг ўринсиз “дониш”лигидан келиб чиқмоқда. Бу ерда вазн ва мазмун талабига мувофиқ “битиб” сўзи туриши керак. Бундай “дониш”ликлар нашрларда қайнаб-тошиб ётибди экан-ки, сўзимизнинг исботи учун, бир нечта мисол келтирамиз.

Бундай хатоларни учга бўлишимиз мумкин – имло, мазмуний ва нашрий хатоларга. Лекин биз хатоларни таснифламай, барини бир йўла таҳлил қилганимиз маъқул. Чунки, бундай хатолар ёнма-ён келган ҳолатлар ҳам етарлича бор:

Фурқат ғазалининг;

Фурқат, кўриб кўнгуллар нечук бўлмас паришон,

Белларда кўкулингиз, тумморингиз чиройлик.

мақтасида мазмунни тушунмай қийналамиз. Балки, “кўриб кўнгуллар” эмас, “қўйиб кўнгуллар”микин, деб хам ўйлаймиз. Лекин анча бош қотириб, “Фурқат” таҳаллусидан сўнг вергул-тиниш белгиси нотўғри қўйилганлигини топамиз. Яъни, “Фурқат кўриб, кўнгуллар нечук бўлмас паришон” бўлса, мантиқ жойига тушябди. Бу арзимаган хато туюлса-да, мазмунга жиддий тушунмовчилик киритиб юбормоқда.

1971 йил босмадан чиққан Машрабнинг девонида “келдим” радифли ғазалнинг 2-чи, 4-чи, 5-чи байтларини қуйидагича ўқиймиз:

Савдои ишқинг тушди бошима,

Сендан давосин сўрғоли келдим.

Мени сўрасанг, эй гулузорим,

Маҳви жамолинг бўлғоли келдим.

Кўрдим жамолинг – кетдим ўзимдин,

Мажнуни шайдо бўлғоли келдим.

Айнан шу ўринлардаги байтларни, 1990 йилги босмасдан чиққан Машрабнинг “Меҳрибоним қайдасан” тўпламида эса (фарқларни чизиб борамиз);

Савдои зулфунг тушди бошимға,

Сендин давосин сўрғоли келдим.

Эй гулъузорим, ой юзли ёрим,

Маҳви жамолинг бўлғоли келдим.

Қофила кетти, манзилға етти,

Мен ҳам тараддуд қўрғоли келдим.

Яна мисол учун, 1959-1968 йилари чиққан 5-томлик “Ўзбек адабиёти” антологиясининг 1-томида Атоийнинг “бўлмаса” радифли ғазалининг мабдаси ва мақтасини ўқисак:

Ўлтурур мени ҳижрон ҳаёлинг бўлмаса,

Ё умиди давлати субҳи висолинг бўлмаса.

Қийлу қолингдин Отоий маърифат тутма умид,

Ул оғиз, белинг ҳаёли бирла холинг бўлмаса…

деб ёзилган. Бошқа (1988 йили чоп этилган “Ҳаёт васфи” номли баёзда эса;

Ўлтурур мени ҳижрон ҳаёлинг бўлмаса,

Ё умиди давлати васли висолинг бўлмаса.

Қилу қолингдин Атоий маърифат тутма умид,

Ул оғиз, белинг ҳаёли бирла холинг бўлмаса…

Яна, шу икки нашрдан Саккокий ғазалига боғлиқ бир мисолни кўриб чиқсак: 5-томлик антологияда Саккокийнинг “чаманинда” радифли ғазалининг 3-чи ва 5-чи байти қуйидагича ёзилган:

Тун бирла кула кечтингу оғзингда латофат,

Қон қилди боғир ғунчаи хандон чаманинда.

Қуллуққа битик беруру юз шодлик айлар,

Зулфу қаддинга сунбулу райҳон чаманинда

“Ҳаёт васфи” тўпламда эса, мазкур икки байт қуйидагича ёзилган;

Тун бир кулагачтак қўриб оғзингда латофат,

Қон қилди бағир ғунчаи хандон чаманида.

Қуллуққа битик беруру юз шодлик айлар,

Зулфу хадингга сунбулу райҳон чаманида.

Қаранг, қандай фарқ ва тафофутлар? Бундай номутаносибликлар, арузни ўрганишга, ниҳоятда жиддий тўсиқ. Хўш, бу тўсиқни биз қандай қилиб, енгиб ўтишимиз керак. Бу жуда осон экан. Ҳаммамизда, озми-кўпми, мавжуд, таҳлил қилиш қобилиятимизни ишга солиб, қай бири хато, қай бири тўғри эканини аниқлаймиз.

Масалан, Атоийнинг батларини олсак, “субҳи висолинг” тўғрими, “васли висолинг” тўғрими? Мазмундан келиб чиқиб, “субҳи висолинг” тўғри эканлигига амин бўламиз. Чунки, байтда лирик қаҳрамон, “Сени ўйламасам, ё сен билан учрашиш куни келишига, бойлигим бўлмиш умидим бўлмаса, мени ҳижрон ўлтиради” демоқда. Энди, “Атоий” тўғрими, “Отоий” тўғрими? Бунга, шоир шу ва бошқа ғазалларида тахаллусининг биринчи “а” ҳижосини муттасил қисқа очиқ ҳижо келувчи жойларга қўйиб келганлигига асосланиб, “Атоий” тўғри” деб, дадил айта оламиз.

Саккокийдан келтирган мисолдаги 1-чи байтда, “боғир”мас “бағир” тўғрилиги ҳам вазндан, ҳам мазмундан келиб чиқмоқда.

2-чи байтнинг бирида “қаддинга” деб 2-та “д” билан, бирида “хадингга” деб 2-та “г” билан ёзилган. Аввало иккала ҳолатда ҳам (сўзнинг қай бири тўғри эканидан қатъий назар) сўзлар вазнга тушмаган. Вазн рукнлари – мафъулу мафоийлу мафоийлу мафоил – бўлиб, 1-та “д” ва 1-та “г”лик “қадинга” ёки “хадинга” бўлиши керак. Лекин мазмунан “қадинга” ҳам, “хадинга” (яноғингга) ҳам тўғри келмайди. Чунки, бу ерда гап шухбўй соч ва хат, яъни, майин туклар ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, ёрнинг қадди ва яноғини, шоир, бу ғазалнинг бошқа байтларида алохида таърифлаган. Демак, бу жойда “хатинга” сўзи тўғрилиги келиб чиқмоқда.

Энди, “кулагачтак” сўзнинг мазмунини билмаганим учун, “Тун бир кулагачтак қўриб оғзингда латофат”, мисранинг таҳлилини кейинга қолдирдим. Радифга қўйилган “чаманинда” тўғрими, “чаманида” тўғрими деган саволга, жуда осон жавоб топамиз. Ғазалнинг бошқа мисраларининг якунини ўқисак “ичра”, “бошлар”, “айлар” каби, кетма кет 2-та ёпиқ ҳижоли сўзлар бор. Демак, “чаманинда” тўғри.

Хатоларни излашни давом этсак, бу туганмас иш. Юқорида айтганимиздек, бундай хатолар нашрларда тўлиб-тошиб ётибди. Эҳтимол, қўлёзмаларнинг ўзида шундайдир. Эҳтимол, мухарирлар ўзгартиришлар киритган. Эҳтимол, хаттотлар адашган. Эҳтимол, мумтоз шеъриятимиздаги бу пала-партишликларни шўролар мафқураси атай ташкиллаштиргандир. Нима бўлгандаям, “қовун”лар тушиб бўлган бўлган. Биз учун муҳими арузни ўрганиш, унда ижод этиш, шу билан арузни қайта жонлантириш.

***

ЛУҒАТ

***

Азл – четлатиш маънода, чўзиқ унлиларни қисқартириш, масалан, “о” унлиси  “қолар”, “солар”, “олар” деб ёзилганда чўзиқ, “қолур”, “солур”, “олур” деб ёзилганда эса қисқага айланади. Азлни бошқа усуллари ҳам мавжуд. Лекин ҳамма ҳолларда ҳам чўзиқ унли бор ҳижодан кейинги келувчи хижога боғлиқ. Масалан,  “нигоро” да иккала “о” ҳам чўзиқ, “нигорон”да эса 1-чи “о” қисқа.

***

Аруз – шарқ шеъриятининг талаффуз асосида, ритмик ўлчовлар тизими (системаси).

***

Баҳр – арабча “денгиз”. Аруздаги таснифий бўлимлар (мажозиий, аруз

уммон бўлса,  баҳрлар ундаги денгизлар). Ўзбек арузида 11 баҳр мавжуд.

 1. Комил;

 2. Мужтасс;

 3. Музориъ;

 4. Мунсариҳ;

 5. Мутадорик;

 6. Мутақориб;

 7. Ражаз;

 8. Рамал;

 9. Сариъ;

10. Хафиф;

11. Ҳазаж.

*… арузни янги ўрганувчилар, бу ва бошқа атамаларни ёддан билишлари шарт эмас. Илк паллада, булар ҳақда тасаввурга эга бўлиш, етарли.

***

Вазн – шеърий асардаги мисралар, ҳижолар сони ва рукнлар тизимларини ифодаловчи ўлчов. Ўзбек арузидаги 11 баҳрда 366 вазн тури мавжуд.

***

Васл – уланиш. Арузда ҳижоларни бир-бирига улаш. Масалан, “мард инсон”, “мар – дин – сон” деб, “д” ундошни “ин” ҳижога қўшиб “дин” деб ўқилади. Унли “а”, “е”, “и”, “о”, “у”, “э”, “ў”лар васл воситасини бажаради. Унли “ё”, “ю”, “я”лар васл воситасини бажара олмайди.

***

Васл “ҳо” – вазн талаби билан “Ҳ” ундош матинда ёзилса-да, уни тушуриб ўқилиши. Масалан, “кўриб ҳуснингни”, “кўриб уснингни” деб ўқилиши. Яъни, “риб” ҳижодаги “б” ундош “ҳус”ҳижога (“ҳ” ундошни тушириб) “бус” деб, васл қилиб ўқилиши.

***

Изофа – бириктириш. Урғу бериш учун, нафислантириш учун, хитоб учун, боғлаш учун, сўроқ ёки тахмин учун “а”, “ки”, “ким”, “ку”, “е”, “о”, “ло”, “ёв”, “ов”, “я” каби қўшимча ҳижолар. Масалан,

дилбаре – дилбаргина;

ошиқо – эй ошиқ;

бўлдило – бўлдику.

***

Имола – чўзиқ ҳижони 2-та (яъни, 1-та чўзиқ ва 1-та қисқа) хосил қилиш. Масалан, “ёр ол”, “ё – рол” деб 2-та ҳижо ўқилади, “ёр қол” эса, “ё –р – қол” деб 3-та ҳижо ўқилади. Яъни, ундош “қ”дан олдинги “ёр” 1-та чўзиқ ҳижодан 2-та (1-та чўзиқ ва 1-та қисқа) ҳижога айланди.

***

Истиҳлоф – қисқа, очиқ ҳижони, чўзиқ ва ёпиқ ҳижога айлантириш. Масалан, “шанба”даги “ба” қисқа ҳижони, “шанбалик”да чўзиқ ҳижо ўрнида ишлатиш мумкин. Фақат “а” ёки бошқа унлидан кейин ундош, ёки тутуқ (ъ) белги келиши керак. Акс ҳолда, “ба” қисқа очиқ ҳижолигича қолади, масалан, “таажжуб”, “манфаат” сўзларда каби.

Яна, “га” ўрнига “ға”ни ишлатиш ҳам истилоф усулларидан бири. Истилоф арузда мумкин ҳолат, жойида ва усталик билан ишлатиш шеърнинг сифатини оширади. Лекин истилофни ноўрин ва кўп ишлатиш, аксинча, шеърнинг сифатсизлантиради.

***

Рукн – устун. Арузда рукнлар тизими тартиб-қоида асослари билан қўлланади. Масалан, фоилотун фоилун фоилотун фоилун мисраси билан бошланган ғазал (ёки бошқа жанр) шу рукнлар билан охиригача ёзилади. Яъни, мазкур ҳолатда:

фоилотун фоилун фоилотун фоилун

фоилотун фоилун фоилотун фоилун

фоилотун фоилун фоилотун фоилун

фоилотун фоилун фоилотун фоилун… ва шу зайлда ғазалнинг якунигача борилади.

Бу рукнларнинг (бошкаларниям) арабча атамаларни эслаб қолиш қийин бўлса, масалан,

– фоилотун фоилотун фоилотун фоилун – ўрнига,

– ўзбекистон ўзбекистон ўзбекистон ўзбегим – деб ўзбекча сўзларни қўйиб, ишлаш мумкин.

Рукнлар 5, 4, 3, 2, ва 1 ҳижодан иборат. Мавжуд (366) вазнлардан ташқари, ҳар қайси ижодкор ўзи янги рукнлар тузиб, ижод қилиши мумкин.

Рукнлар номлари ва уларга тушувчи сўзлар:

1. Мафоийлун – суҳандонлик / баҳорий кун;

2. Мафоилатун – мақоланавис / салом ва алик;

3. Мутафоилун – сараловчилар / қани гул ахир;

4. Мустафъилун – деҳқончилик / тилла зирак;

5. Фаулун – бадавлат / узум уз;

6. Фоилун – офарин / бирга бир;

7. Фоилотун – моҳипайқар / кўзга суртиб.

Мазкур 7 рукн асл хисобланиб, булардан бошқа рукнлар тармоқланади.

***

Тазниб – ортириш, яъни, вазн талаби билан сўзларга ҳарф ёки ҳижо қўшиш. Масалан, “шакар”ни “шаккар”, “тумор”ни “туммор”, “умид”ни “уммид” деб, ёзиш;

“айт”ни, “айит”, “юрган”ни, “юруган”, “бордур”ни “бордурур” деб, ёзиш.

Яна мисоллар, “сенсиз”ни “сенингсиз”, ёки “сенсизин” деб, ёзиш;

“нетай”ни  “нетайин”, “айлай”ни “айлайин”, “кўрай”ни “кўрайин” деб, ёзиш.

***

Таслим – емирмак, яъни, вазн талаби билан сўзлардан ҳарфларни тушириб ёзиш. Масалан, “икки”ни “ики”, “саккиз”ни “сакиз”,“ҳамма”ни “ҳама” деб, ёзиш;

“бизга”ни, “биза”, “бошимга”ни, “бошима”, “ёдимга”ни “ёдима” деб, ёзиш;

“қилғайсен”ни, “қилғасен” деб, “соғинғайман”ни, “соғинғамен” деб ёзиш;

“биламан”ни “билам” “қиламан”ни “қилмам” деб, ёзиш.

Вазн ва мазмун талабларидан келиб чиқиб, шоирлар тахаллусларини қўллашда ҳам тазниб ва таслим усулларини қўллайдилар. Масалан,

Навоий – Навои, Навоиё;

Бобур – Бобуро;

Увайсий – Увайси, Вайсий деб, ёзилган ҳолларни учратамиз.

***

Тақтиъ – кесис, яъни, мисрани ритмик бўлакларга (ҳижоларга, рукнларга)

бўлиш. Масалан, Навоийнинг “Келмади” радифли ғазали қуйидагича

таснифланади:

Байти:

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимга кеча тонг отгунча уйқу келмади.

Рукнлар:

фоилотун фоилотун фоилотун фоилун

Бўлиниши:

Кечакелгум / дурдебонул / сарвигулрўк / елмади,

Кўзларимга / кечатонгот / гунчауйқук / елмади.

Тизими:

–  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –  –  –  V  –

Тақтиъ ва васли:

кеч А кел гум дур ДЕ бон ул сар ВИ гул рўк ел МА ди

кўз ЛА рим га кеч А тонг от гун ЧА уй қу кел МА ди

***

Тағйир – алмаштириш, вазн талабига мувофиқ, истисно тариқасида, айрим сўзлардаги ҳарфларнинг ўрнини алмаштириш. Масалан, “шикаста”ни “ишкаста”, “гулистон”ни “гулситон”, “қора”ни “қаро” деб ёзилишлар.

Тағйир, мисраларда сўзларнинг ўрнини алаштиришда қўлланилади. Масалан,

Келсун агар юзумни эвурсам бало манга… Бобур;

Бўлса найлай маст бўлмай масканим майхонада… Муқимий.

***

Ҳижо – сўзни ташкил этувчи бўғин(лар). Масалан, “гулистон” сўзининг ҳижолари; “гу”, “лис”, “тон”. Арузда, ҳижоларнинг 6 тури мавжуд:

1. Қисқа очиқ ҳижолар – “а”, “е”, “и”, “э”, “я” – унлилар алохида, ёки сўз таркибида, ёки ундошдан кейин (масалан, “ҳа”, “не”, “ки” ҳолда) келганда, очиқ қисқа ҳижо ҳисобланади. Бироқ очиқ қисқа ҳижолар, унлилиси ўзидан кейин келувчи ундошга васл бўлиб, вазн такозо этса, ёпиқ чўзиқ ҳижога айланишлари мумкин. Масалан, “неча бор” жумла 2-та очиқ қисқа ҳижо ва 1-та ёпиқ чўзиқ ҳижо бўлсада, “неч-аб-ор” деб 3-та ёпиқ чўзиқ ҳижо бўлиши каби;

2. Ҳарф очиқ қисқа ҳижолар – барча ундош ҳарфлар очиқ қисқа ҳижо бўлиши мумкин. Яъни, мисрада ёки сўз таркибида, 3-та ундош (ёки тутуқ белги ва 2-та ундош) кетма-кет келса, ўртадаги ундош – очиқ қисқа ҳижо ҳисобланади. Масалан, “астрабод”, “дардман”, “арслон”, “мулкдор”, “сарв қад”, “разм сол”, “умрбод” “шеърлар”, “лаъл лаб”, каби сўз ва жумлалардаги 3-та ундошлар ва тутуқ белги ва ундош ўртасидаги “т”, “д”, “с”, “к”, “в”, “м”, “р”, “л” – ундошларга, қисқартирилган унлилар қўшилиб, “тэ”, “дэ”, “сэ”, “ке”, “вэ”, “мэ”, “рэ”, “лэ” деб, “ас-т-ра-бод”, “дар-д-ман”, “ар-с-лон”, “мул-к-дор”, “сар-в-қад”, “раз-м-сол” “ум-р-бод”, “шеъ-р-лар”, “лаъ-л-лаб” тарзда ўқилади ва саналади;

3. Чўзиқ очиқ ҳижолар – “ё”, “о”, “у”, “ю”, “ў” – унлилар мисрада алоҳида ёки сўз таркибида келганда чўзиқ очиқ ҳижо бўлади. Буларни қисқа очиқ ҳижога айлантириш ҳам мумкин. Масалан, “қолар”, “қурар”, “кўзинг” сўзлардаги 1-чи “о”, “у”, “ў” унлилар чўзиқ, “қолур”, қурур”, қўзунг” деб ёзилганда эса бу унлилар қисқага айланди;

4. Ёпиқ ҳижолар – охири ундошли ҳижолар (бошланишидан қатъий назар) ёпиқ чўзиқ ҳижо ҳисобланади. Масалан, “сал”, “ер”, “дил”, “кун”, “эл”, “юр”, “зўр” каби. Чўзиқ ёпиқ ҳижолар, ўзидан кейин келувчи унлига васл бўлиб, қисқа очиқ ҳижога айланиши мумкин. Масалан, “сал оз”, “ер оч”, “кун иссиқ”, “эл учун”, “юр уйга”, “зўр экан” жумлаларни, “ҳа-моз”, “е-роч”, “ку-нис-сиқ”, “э-лу-чун”, “ю-руй-га”, “зў-рэ-кан” каби кесиб ва васл этиб ўқилади;

5. Ўта чўзиқ ҳижолар, 1-чи тури – охири ё ва о чўзиқ унлилар билан қалин ундошли ҳижолар. Масалан, “ёд”, “тож”, “ёр”, “оч”, “ош”, “коф”, “боғ”, “оқ”, “оҳ” каби. Бундай ҳижолар ўзидан кейин ундош келса, 2-та ҳижо, яъни, 1- чўзиқ, 1-та қисқа ҳижо бўлади. Масалан, “ёдга сол”, “ёр кел”, “ошно”, “оҳки” жумла ва сўзлар “ё-д-га-сол”, “ё-р-кел”, “о-ш-но”, “о-ҳ-ки” деб ўқилади;

6. Ўта чўзиқ ҳижолар, 2-чи тури – охири 2-та ундошли ва тутуқ белги билан ундошли ҳижолар. Масалан, “айт”, “қайт”, “бахс”, “мард”, “ишқ”, “шарқ”, “дўст”, “сайр”, “баҳр”, “бурч”, “дарс”, “кибр” каби, ҳамда “шеър”, “лаъл”, “феъл”, “таъб”, ”, “яъс”, ”саъд”,”зуъм” каби. Бундай сўз ва ҳижолар фақат мисранинг охирида 1-та ҳижо ҳисобланади. Мисрада ва сўз таркибида 1-та чўзиқ ва 1-та қисқа ҳижо хисобланади

*… мисра якунидаги очиқ ҳижолар чўзиқ ёпиқ ҳижо саналади. Чунки, кеинги

мисрага ўтилишида, албатта тутуқ (пауза) хосил бўлади.

***

Давоми бор…

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares