Отам Ҳасан ЧОРИЕВнинг 5 йилга қамалганлиги ҳақида асоссиз овоза тарқатиб нимага эришмоқчи булар?
Халқимизда “Дўст – кулфатда синалади” деган нақл бор.
Бошингга иш тушганида дўст ким, душман ким ажратиб олишинг осон бўлиб қолар экан.
Атрофингдаги одамларнинг сараги саракка, пучаги пучакки ажралиб қолавераркан.
Мана, 71 ёшли отамнинг набираси қатори қизнинг номусига тажоввуз қилишда айбланиб хибс этилганига ҳам сал кам икки ой бўлиб қолди….
Ўзбекистоннинг диктатор президенти Каримовнинг ноинсоний бошқарувига қарши курашган мухолифат вакиллари, инсон ҳуқуқлари фаоллари амалдаги ҳукуматга қарши курашиш қанчалик азоб эканлигини жуда яхши билишади.
Адолатсиз тузумга барҳам бераман деб Каримовнинг қахрига учраган юзлаб элпарвар ватандошларимиз киндик қони тўккилган заминни ташлаб ўзга юртларга бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлишган.
Саноқсиз Ўзбекистонликлар АҚШ, Франция, Германия, Швеция, Швецариядан ўз ватанларида зерикиб қолганликлари учунгина сиёсий бошбана олган деб ўйласангиз адашасиз.
Айнан Каримовнинг адолатсиз бошқаруви бугунги кунда юзлаб миллатдошларимизни мусофирликнинг тахқир таъмини татишга маҳкум этган.
Каримовнинг чидаб бўлмас таҳқирлари, адоғсиз таҳдиду қийноқлари натижасида қувғинга учраган ватанпарвар юртдошларимиз амалдаги ҳукумат хусусидаги танқидий фикрлари, мухолиф қарашлари, сиёсий фаолиятлари туфайлигина бирлари у маънода, қай бирлари бу маънода мисилсиз жарб кўрганлар.
Бугун Ўзбекистон заминининг гардини кўзларига тутиё қилишга шай юзлаб ватанпарвар кишиларимиз қалбини юрт соғинчи кемириб ётганига аминман.
Аммо ватан соғинчи кўнгилларни не чоғлик ўртамасин, ортга қайтишга ҳозирча йўл йўқ.
Мабодо ортга қайтгудек бўлишса, улар ўзларини Ўзбекистонда қандайин қисмат кутаётганлигини жуда яхши биладилар.
Шу боис ҳам Каримов бошқарувининг ҳадсиз таҳқирлари, адоғсиз босиму аёвсиз таъқиблари натижасида аксарият қиматдошларим юртдан олисда Ватан ободлиги ва озодлиги йўлида баҳоли қудрат курашишга мажбур бўлмоқда – бу ўзингизга маълум.
Диктатор Каримовнинг қўли ўзга эллардаги ҳур фикрли инсонларнинг кекирдагидан олишга калталик қилади.
Ана шундай вазиятда туллак Каримов қандайин йўл тутади?
Ҳориждан қўним топган мухолифат фаолларининг Ўзбекистонда қолган қариндошларини худди отам Ҳасан Чориев каби гаровга олади.
Тўғри, амалдаги ҳукумат гаровдаги қулларига “Ўғлинг, отанг ва ё акангнинг сиёсий фаолияти учун сен жавоб берасан?” дея дабтурустдан тарсаки тортмайди, торта олмайди ҳам.
Дунё ҳамжамиятининг кузатувидан қўрқиб туради.
Лекин Каримов бу – Каримов. Чорак асрлик тажрибага эга бўлган устаси фаранг.
Бир бандани бадном қилиш эса устаси учун ҳеч гап эмас: Мухолифатчининг туғушганларини Каримов истаса икки дақиқада гиёҳфурушга чиқаради, агар хоҳласа бир сонияда қотилга айлантиради. Зеро, бу у учун чўт эмас.
Каримовнинг минг бир макрини унинг совунига кир ювганлар, айбсиз айбдор бўлганлар, қатлсиз қурбон этилганлар жуда яхши биладилар.
Комил ишонч билан айтишим мумкинки, отам билан ҳам худди ана шундай ҳақсизлик рўй берди.
Отамнинг соддалигидан фойдаланган ҳукумат кекса қариянинг гарданига номус билан боғлиқ жиноятни илишга муваффақ бўлди.
Шу бугунга қадар отам Ҳасан Чориев билан боғлиқ жиноят ишига оид ўта сирли ва пинҳона тарзда ўтказилган тергов ҳужжатларида, ҳали кўрмаган ва танишмаганимиз – айблов хулосасида ва эрта-индин эълон қилинажак адолатсиз суднинг ҳақсиз ҳукмида нима дейишилишадн қатъий назар, шахсан мен Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимига, қону идоралари ходимларига мутлақо ишонмайман ва уларни умуман тан олмайман.
Чунки Ўзбекистон прокурорлари, қози-ю терговчилари қандайин одамлар эканлигини ҳақсизликларни ўз бошимдан ўтказган шахс сифатида жуда яхши биламан: улар Каримов амрининг кўзи кўр, қулоғи кар ижрочилари, Каримовнингадолат нима эканлигини билмайдиган латта қўғирчоқлари, холос.
Суд-уҳуқ тизимини Каримов истаса бармоқларида ўйнатади.
Йўқ, мен ҳозир Каримов ҳукуматининг “авра-астари”ни ағдармоқчи эмасман.
Жамики гинам айрим сафдошларимиздан: ўзларини мухолифат вакили, инсон ҳуқуқлари фаоли дея кўкрак керадиган кимсалардан.
Отам Ҳасан Чориев Каримовнинг макр тўридан тўқилган тузоғига тушиб, шаън, ғурур, номусу ор талвасасида типирчилаб ётган айни бир паллада, биз фарзандлари, оила аъзолари, ўғиллари ўз ёғимизга ўзимиз қоврилдик ҳисоби. Ўзимиздан ўтганини ўзимиз биламиз.
Ана шундай оғир паллада адолат пешволигига даъвогарларнинг айримлари шунчаки томошабин бўлиб турдилар.
Йўқ, адашдим, шунчаки томошабин бўлиб қараб турганлари йўқ, аниқроғи, шусиз ҳам қоқилган оёқларимиздан чалишга уриндилар, номимизни бадном қилишга шай турдилар.
Йўқ, мен Каримовдан хафа эмасман.
Негаки, Каримовнинг иши шу: ўз рақибларини қон қақшатиш, мухолифатчиларнинг мозорини бунёд этиш. Шу маънода, диктатор Каримовнинг кимлиги, жирканч қиёфаси, ёвуз мақсади барчага аён. Мен гина қилишга арзимайдиган одамдан ўпка қилиб ўтирмайман!
Мен ўзларини элсевар, эрксевар қилиб кўрсатувчи, керилувчи “Эзгулик”чилардан хафаман.
71 ёшли отам Ҳасан Чориев “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоси бўлмаганида эди, эҳтимол, бу ташкилотни тилимгаям олмаган бўлармидим?…
Анча йиллардан буён “Эзгулик”нинг фаолиятини кузатиб бораман.
Бола ташлаб қўйган эчкининг улоғи ўлиб қолса ҳам “БАЁНОТ” беришади!
Ё ёлғонми?
Ҳасан Чориев “Бирдамлик” мухолиф ташкилоти етакчисининг отаси бўлиши мумкин, бироқ, бу – Ҳасан ота одам эмас дегани эмас-ку? Бу дегани – Ҳасан Чориев “Баёнот” билан чиқишга арзимайди дегани ҳам эмас!
Соддадил Ҳасан Чориев “Менинг ўғилларим 8 нафар эмас, 9 та. Абдураҳмон ўзимнинг ўғлим бўлади!” дердилар нуқул, “Эзгулик” фаоли Абдураҳмон Ташановни оғзидан бол томиб мақтардилар.
Муаммосини АҚШдаги биз – болаларига айтмаса айтмасди, лекин ҳамиша Абдураҳмонни қора қилиб борарди, Абдураҳмонга ишонарди.
Соддадил, далли-ғулли отамнинг Абдураҳмонга нисбатан ҳурмати беқиёс, муносабати ўта самимий эди.
Очиғи, ҳеч кимдан умид қилмасам-да, Абдураҳмон Ташановдан Ҳасан Чориевга нисбатан ана шундай жавобий иззатни, ҳурматни кутгандим.
Балки шунинг учундир, қарйиб икки ойдирки “Эзгулик” ўз фаоли Ҳасан Чориевнинг тақдиридан ташвишга тушар, бирор бир “Баёнот” билан чиқар дея узоқ илҳақ бўлдим.
Бироқ, минг афсуски, мен кутгандек бўлиб чиқмади.
“Эзгулик” Ҳасан Чориев хусусида “чурқ” этмади, “Баёнот” тарқатишниям эп билмади, ўз фаолининг ҳаётидан хавотирга ҳам тушмади.
Аксинча, Ҳасан Чориев “ўғлим” дея ардоқлаган Абдураҳмон отамнинг ишончини оқламади.
Нега?
Ташановнинг ўз аъзоси томон эмас, ҳукумат томон бўлгани, Каримов тузумининг Ҳасан Чориев хусусидаги бўҳтон иддаосини элга ташвиқот қилгани қизиқ…
Абдураҳмонга кўра нима эмиш: “Ҳасан ота бақувват, илиги тўқ киши эди. Отага қўйилган 17 ёшар қизнинг номусига тажоввуз қилиш айбловида ҳақиқат бор” эмиш….
Эҳтимол, Ташанов бу каби бўҳтонли тахминлари океан ортига, отанинг ўғилларига бориб етишини хаёлига ҳам келтирмагандир?
Лекин совуқ гапнинг оёғи эмас, қаноти бор: учади.
Отамга қўйилган айбловнинг ҳақиқатлиги хусусида бир эмас-бир нечта мухолифат оқсоқолларига Абдураҳмон Ташанов томонидан амалга оширилган ташвиқотларни тинглагач, очиғи, хафа бўлиб кетдим.
Нима ҳам дердим, кўкдан бургут қуласа ўлаксахўрларга байрам бўларакан-да….
Йўқ, мен тушунмайман: Абдураҳмон ҳуқуқ фаоли сифатида Ўзбекистондаги ҳур фикрли инсонларга қўлланилаётган қийноқлардан, ҳақсизликлардан хабордор бўлмаслиги мумкин эмас.
Ана шу ҳақиқатни билган ҳолда нега энди у айнан отамнинг “гўрига ғишт қалаш” машқини олмоқда экан? Нега энди айнан у отамни қоралаш бобида Каримовга кўмакка келган экан?
Ҳайронман?
Бир пайтлар “Абдураҳмон Ташанов – МХХнинг полковниги” деган гапларни эшитганимда, ишонмагандим, “Уйдирма бўлса керак” дея шунчаки кулиб қўя қолгандим.
Бугун Абдураҳмон Ташанов ўша иддаоларнинг ҳақиқат эканлигини ўз амали билан исботлаб бермоқчими дейман, тушунаолмадим?….
Абдураҳмонга айтмоқчи бўлганим: Ҳасан Чориевни қўллаш қўлингиздан келмас экан, уни қурбон қилишда Каримовга ҳам кўмак берманг! Бетараф бўлиб турсангиз бўлмайдими?
Ҳайратланарлиси шундаки, бугун отамга оид асоссиз овоза бўлган гаплар мени янада таажжубга солди.
Нима эмиш, “Суд Ҳасан Чориевни 5 йил озодликдан маҳрум қилган”миш….
Синглим, укам, онам, бутун оила аъзоларимиз Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг биноси олдида куну-тун пойлоқчилик қилиб, эшитишмаган бу гапни ўзгалар қаердан, қандай қилиб эшитишган экан? Тушунарсиз….
Ҳар куни бўзчининг мокисидек суд идорасига қатнаган оила аъзоларимиз отам Ҳасан Чориевни 5 йилга қамалганлиги ҳақида суд ҳукм чиқарганидан бехабару, билишмайди. Бироқ, бу борадаги “миш-миш”ни атрофга яшин тезлигида тарқатганлар қаердан била қолишдийкин? Мағзини чақаолмай лолман….
Эҳтимол, отамизга оид суд ҳукми хусусидаги расмий ҳужжат Чориевларнинг қўлига тегмасдан туриб, Ҳасан отанинг 5 йилга озодликдан маҳрум этилганлиги ҳақида хабар тарқатганларнинг ҳукумат билан алоқаси бордир? Тиллари бирдир? Ким билсин?
Ҳали суд ҳукми чиқмасдан туриб, 5 йиллик жазо чораси ҳақидаги уйдирмалар қаердан чиқди? Нима учун чиқди?
Бу билан улар нимага эришишмоқчи?
Суд ҳукми чиқишидан аввалроқ ҳукумат “миш-миш” тарқатиш йўли билан бизни, Чориевларни отамга нисбатан қўллланажак 5 йиллик жазо турига қўндирмоқчими, этимизни ўлдирмоқчими?
Акс ҳолда бу каби уйдирмаларни қандай тушуниш мумкин?
Каримов ҳукумати билан ҳамтавоқ бўлган сохта мухолифатчилар, қалбаки инсон ҳуқуқлари фаоллари Ислом отасига кўмак бермасдан, суд ҳукми чиқишини камгина кутишса бўлмасмиди?
Бир сўз билан айтганда, отамнинг бошига тушган фожиа кўзимни очди: атрофимдаги одамларнинг кимлигини билиб олишимга кўмак берди.
Ёзувчи Тоғай Муроднинг бир гапи бор: “Ғанимларим яшасин!” дейди у. Ўша ғанимлар бўлмаганида – мен кўкка кўтарилмаган, шу даражага етмаган бўлардим деган ғояни илгари суради ёзувчи.
Демакки, Каримовга кўмак бераётган қинғир одамларнинг қитмирликлари менга куч беради, қувват, қудрат бағишлайди….
Шуни билиб қўйишингизни истардим….
Баҳодир ЧОРИЕВ
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси



