Зулайҳо ЧОРИЕВА: “АДВОКАТГА АЛДАШДАН НЕ МАНФААТ?”

Zulayho ChorievaОтам Ҳасан Чориев сирли тарзда қамоққа олинди ва хибс этилиши биздан, оиласидан сир тутилди.

Кейинчалик хабар топишимизча отамга нисбатан жиноят иши очилган экан.

Кекса қариянинг қамоққа олиниши қандайин сирли тарзда амалга оширилган бўлса, тергов ишлари ҳам худди шу тақлидда давом эттирилди.

Мана, бугун эса  маҳкама жараёнлари ҳам  яшрин тарзда ўтказилмоқда.

Аввал бошда  “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси  бўлган ўғли Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти сабаб отам провокация йўли билан қасддан қамоққа олинган деган иддаога  оз бўлса-да шубҳамиз бор эди.

Айни дамда суд-ҳуқуқ тизимининг отамга нисбатан қўллаётган ҳақсизликлари туфайли ўша камгина шубҳамиз ҳам тумандек тарқаб кетди.

Гап шундаки, шу йилнинг 17 июнь куни қамоққа олинган отам билан оила аъзоларимиздан бирортасига бир бор бўлсаям учрашув ташкил  этишга суд-прокуратура томонидан бир бора ҳам рухсат этилмади.

Ҳасан Чориевнинг олдига ҳуқуқий маслаҳат бериш масаласида ҳатто қонуний адвокати ҳам киритилмади.

Айниқса, ушбу кунларда суд мажлисларининг ўта сирли тарзда тайинланиши ва  пинҳона ўтказилиши бизни ниҳоятда изтиробга солмоқда.

Гарчи ўзим пул тўлаб, отам Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун Мели  Ҳолмирзаевни адвокат сифатида ёллагандим. Бироқ афсуски, адвокатга бўлган ишончим пучга чиқди.

Мели ака бир ой давомида ордерига муҳир бостира олмади, отамнинг олдига хибсхонага кириш имкониятидан маҳрум этилди.

Фақат шунинг ўзи эмас, кейинчалик суҳбатлар жараёнида англашимизча илгари прокуратура идорасидами, милициядами терговчи бўлиб ишлаган М. Ҳолмирзаевнинг муомаласи ўта қўпол ҳам экан.

Бир ой давомида пулни оларига олиб қўйиб, отамга ҳуқуқий кўмак кўрсатмаганлиги камлик қилганидек, адвокатимиз ниҳоятда қўрс экан.

Мели адвокат гуё биз билан хибсга олинган қўл остидаги, ўз терговидаги жиноятчига муомала қилгандек муомала қиларди.

Кейин билсак, 30-40 йил давомида Мели ака деганлари жиноятчилар билан ишлайвериб-ишлайвериб, шундайин қўпол муомалага урганиб қолган эканлар.

“Отамнинг ишидан нима хабар, Мели ака?” деганимизни биламиз, “Мен ахборот агентлигиманми? Мен қаердан билай? “ дея бизни силтаб ташлайдими-ей, аччиқ-тизиқ қиладими-ей, “Санларнинг сонинг кўп бўлса, қай бирларингнинг саволингга жавоб қилишим керак?! Терговчи хибсхонага киришга рухсат бермаётган бўлса менда нима айб?!” дея жеркиб берадими-ей… Хуллас, адвокатнинг ишлари-ку шусиз ҳам улда-жўлда. Камига муомаласи ҳам ҳалигидақа…

Табиийки, Мели Ҳолмирзаевнинг бу каби муомала – муносабати, иш услуби бизга маъқул келмади.

Шу сабабларга кўра мен Мели адвокатни қай тақлид топиб, отам ҳимояси учун ёллаган бўлсам, худди шу тақлидда улар билан тузилган шартномани бекор қилиб, адвокат хизматидан воз кечганлигим хусусида адвокатлар палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғига ва юқори турувчи идораларга ёзма шаклда ариза билан мурожаат қилдим.

Бу қарорим ҳақида  Мели Ҳолмирзаевнинг ўзини биринчилардан бўлиб огоҳлантирдим.

Халқимизнинг “Ўларманнинг ўзидан қўрқмасанг ҳам кўзидан қўрқ” деганлари рост чиқиб қолди-ку…

Гарчи хизматидан воз кечганлигимга қарамасдан, нимагадир Мели Ҳолмирзаев отам Ҳасан Чориев ишидан четга чиқишни истамади.

Мен Мели акани 22 июль куни рад этган бўлсам, 26 июлга келиб Мели Ҳолмирзаев яшрин тарзда отамнинг пинҳона ўтказилаётган суд ишида ноқонуний тарзда иштирок этиётганлигига тасодифан гувоҳ бўлиб қолдим.

Мели Ҳолмирзаев билан тузилган шартнома бекор қилинганлигига  қарамасдан унинг ўзидан ўзи яна отамнинг ҳимояси учун ваколати бўлмаса-да бош суқаётганлиги бизни ажаблантирди, албатта.

Бироқ  янада ташвишли томони шундаки, Мели адвокат отамнинг маҳкама жараёнларига ғайриқонуний қатнашаётганлигига қарамасдан, устига-устак судьялар билан ўзаро  тил бириктирган ҳолда Ҳасан Чориев устидан маҳкама жараёнлари бошланганлиги ҳақида бизга, ўз ҳимоясидаги одамнинг оила аъзоларига хабар беришни азалий одатига кўра истамади, пинҳон тутиб келди ва келмоқда.

Қизиқ, адвокат дегани ўз ҳимоясидаги фуқаронинг тақдири хусусида оила аъзолари ўртасидаги воситачи бўлмайдими, гумондорнинг оила аъзоларини кечаётган жараёнлар хусусида хабардор этмайдими?

Ваҳоланки, шундай бўлмоғи керак эди.

Худди шу тақлидда рад этилган адвокат Мели Ҳолмирзаевнинг кўмагида 26 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси О. Элмуродов Ҳасан Чориевга оид жиноят ишининг илк маҳкама мажлисини пинҳона тарзда ўтказишга ҳам муваффақ бўлган.

То 6 августь кунига қадар отамизнинг иши юзасидан суд бўлиб ўтдими, йўқми, бундан мутлақо бехабармиз.

Ҳасан Чориевга оид жиноят ишининг тергов ва суд жараёнлари биздан ўта сир сақланган ҳолда махвий тарзда ўтказилаётганлиги отамиз тақдиридан жиддийроқ хавотирга тушишимизга сабаб бўлди.

Шу сабаб ҳам биз укам Бекзод Чориевни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биноси олдида вазиятдан хабардор бўлиб туришлиги учун пойлоқчиликка қўйишга мажбур бўлгандик.

Буни қарангки, 6 августь куни соат 10.17 да Мели адвокатнинг котиби бўлса керак ҳойнаҳой, ўзини таништирмаган бир йигит  +99891 9480437 – рақамидан қўнғироқ қилиб, “Судда бугун соат 15.00 да Ҳасан Чориевганинг иши кўрилади” дея хабар бериб қолди.

Кутилмаган бу ҳолатдан таажжубландик. Негаки, одатда, адвокат Мели Ҳолмирзаев ҳам, қозилар ҳам маҳкама жараёнлари хусусида бизга хабар беришмасди, аксинча, пинҳон сақлашарди.

Шундай бўлса-да, оила аъзоларимиз билан Қаршига, судга ошиқдик.

Ҳар доимгидек, 6 август куни ҳам  укам Бекзод Чориев эрталабдан суд биносида  вазиятдан хабардор бўлиб турарди.

Гарчи суд мажлиси соат 15.00 га тайинланганлигидан хабардор бўлсак-да, суд биносига биз ҳам эртароқ келдик.

Негаки, хибсхонадан суд биносига келтирилган маҳбусларга тушлик пайтида овқат киритиш имконияти мавжудлиги ҳақида эшитгандик.

Биз ҳам отамизга тушлик киритиш илинжида атай Қаршига эртароқ етиб келгандик.

Келсак, суд биноси олди гавжум. 20 га яқин одам хибсдаги қариндошларига егулик киритиш илинжида ош-овқатини навбатма-навбат ичкарига кириб чиқишмоқда.

“Омадимиз келди” дея биз ҳам бир тоғара ош олиб суд биносининг навбатчилик қисмидаги милиционер йигитларга учрашдик.

Ниятимизни айтгандик, буни қарангки, маҳкамага келтирилган маҳбусларнинг барча қариндошларига егулик олиб киришлари учун рухсат теккану, айнан бизга келганда изин берилмайди, денг.

“Ҳасан Чориевга овқат киритиб бериш мумкин эмас!” эмиш.

Тортиша-тортиша ярим соат деганда, харид қилган ош паловимиз совуб бўлгачгина отамизга егулик киритиб бериш учун “пост”да ўтирган милиционерларни зўрға кўндирдик.

Шунда ҳам ўзимизни ичкарига қўйишмади.

Милиционер йигитлардан бири ош тоғарамизни олиб ичкарига йўналди, ўзи отамизга ошимизни элтиб берди.

Бизни хуноб қилган нарса шу эдики, 20 га яқин маҳбуснинг 20 нафар оила аъзолари бирин-кетин тушкил овқатларини ичкарига ўзлари элтиб беришмоқда, бироқ биргина бизга келганда рухсат йўқ! Берилмайди ҳам!

Ниҳоят милиционер йигитларнинг ўзлари отамизга олган овқатимизни киритиб беришга рози бўлганларига ҳам шукур қилиб, севинишдан ўзга имконимиз қолмаганди….

Бу пайтда соат 13.30 эди.

Бунданам аянчлиси шундаки, биз суд биносига келганимизда отамиз Ҳасан Чориевнинг суди соат 11.00 дан то 12.00 га қадар аллақачон ўтиб кетиб бўлган экан.

Биз надоматдан бармоғимзини тишлаб қолавердик.

Соат 12.00 да суд биносидан  адвокат Мели Ҳолмирзаев керилганча чиқиб келди. Биз мусичанинг болаларидек маҳкама эшиги тагида умидвор термулик турганимизни кўрди, кўрмасликка олди. На гап бор, на сўз, на салом алик.

Ана шундагина биз ичкаридан чиққан маҳкумларнинг қариндошларидан ҳозиргина Ҳасан Чориевнинг жиноят ишига оид навбатдаги маҳкама жараёни ниҳоясига етганлиги ҳақидаги хабарни эшитдик.

Адашмасам, соат 20 дақиқа кам соат 14. ларда маҳбусларни олиб юрадиган махсус машина суд биносининг дарвозасидан чиқиб кетиш учун йўналди.

Шунда жон ҳолатда “Ота, биз шу ердамиз!” деб қичқирдим дарвозадан чиқаётган машинага.

Машина ортидан отамнинг “Ҳа, мен шу ердаман!” деган ниҳоятда таниш овози  эшитилди.

Шундан билдикки, отамизни яна қайта хибсхонага олиб кетишди.

Бироқ, биласиз, ноумид шайтон.

Бизни “Соат 15.00 да оталарингга оид суд иши кўрилади” деб чақиришдими, демак, тушликдан кейин ҳам суд бўлиши керак” деган илинжда илҳам кутишдан ўзга чорамиз ҳам қолмаганди.

Кутганимиздек, роппа-роса 15.00 да маҳкама биноси олдида яна Мели адвокат пайдо бўлди.

“Бизни ёрдамчингиз соат 15.00 да Ҳасан Чориевнинг иши кўрилади деб чақиртирган эди. Мана, биз шунга келиб ўтирибмиз” дедим адвокатга.

– Жуда яхши-да, келган бўлсанглар мен нима қилишим керак-а?, – киноя билан гап бошлади Мели Ҳолмирзаев, – Мана, биз ҳам келдик!  Сизларни суд мажлисига киритиш ваколати менда эмас, судда. Менга нима дейсизлар? Ана, судьяга мурожаат қилинглар. Рухсат берса, суд мажлисида қанташасизлар. Лекин бу номус билан боғлиқ суд иши эканлигини биласизлар-ку! Сизларни ёпиқ суд мажлисига қўймаслигидан ҳам хабарларингиз бор. Шуни била туриб нега келасизлар? – жеркиб берди у.

Дўғи бирам баландки, асти сўраманг. Эҳтимол, Мели адвокатнинг бу каби силтов-қистовларини ҳазм қилишимиз мумкиндир, бироқ унинг қасамхўрлигини, ёлғонларини ҳазм қила олмадик.

Қаранг-а, бизга бир оғиз “Тўғри, сизларга маҳкама соат 15.00 га дея хабар берилганди. Бироқ мана шу – мана шу сабабларга кўра отангизга оид суд иши саҳал эртароқ, соат 11.00 да ўтиб кетди, сизлар энди кеч қолдингизлар, қайтаверинглар, бугун суд бўлмайди” ҳам демайди-я бу Мели адвокат деганлари. Аксинча, кўзини лўқ қилиб, “Келган бўлсанглар, жуда яхши-да! Ана, судьяга мурожаат қилинглар, рухсат берса, суд мажлисига кирасанлар. Мана, биз ҳам судга келдик” дейди  минг бир киноя билан.

У шундай деди-ю, ичкарига кириб, кўздан ғойиб бўлди.

Хуллас, суднинг кабулхонасига қайта-қайта қўнғироқ қилдик. Бироқ ўша куни Ҳасан Чориевнинг суди қайта кўрилмади.

Суд биносига кириб чиққан танишларимиздан бири Мели Ҳолмирзаев ўзга бир суд ишида иштирок этаётганлиги ҳақидаги хабарни келтирди.

Ниҳоят, ҳадсиз сарсонгарчиликлардан кейин кечки соат 19.30 ларда, бирор бир зоғ қолмагачгина, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биносини тарк этишга мажбур бўлдик.

Отам Ҳасан Чориевга ва унинг ортидан биз – Шаҳрисабзлик Чориевлар оиласига қўлланилаётган бунингдек ҳадсиз ҳақсизликларнинг чеки-чегараси ҳам бормикин ўзи?

Бу нима деган гап?

Биз қандай жамиятда яшаяпмиз ўзи?

Инсонни таҳқирлашнинг бунданда ортиқ  усули бормикин?

Ўзбекистон деб аталмиш мамлакатда мухолифатчининг қариндошларига шуми муносабат?: Зулум, туҳмат, таҳқир, босиму камситишми?

Айниқса, адвокат Мели Ҳолмирзаевнинг хурмачага сиғмайдиган қилғиликлари хуноб қилади кишини…

Хўш, нега адвокат “Бугун соат 15.00 да судда Ҳасан Чориевнинг иши кўрилади” дея бизни Шаҳрисабздан Қаршидек ерга алдов йўли билан чақиртириб олдийкин?

Нега энди соат 15.00 га белгиланган суд соат 11.00 да ўтказиб юборилди экан?

Нима учун ўз маблағимизга ёллаганимиз – Мели адвокат суд мажлисининг аллақачонлар ўтиб кетганлиги, тугаб бўлганлиги ҳақида бизни огоҳлантирмади? Аксинча, “Мана, биз ҳам келдик-да судга. Келиб яхши қилибсизлар-да. Ана, судьяга мурожаат этинг, суд мажлисига қўйса, кирасизлар” дея устимиздан очиқ-ойдин кулди, масхаралади, таҳқирлади, нега?

Адвокат Мели Ҳолмирзаевга бизни, Чориевларни таҳқирлашдан, устимиздан масхаралаб кулишдан, алдашдан не наф?

***

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares