ҲАСАН ЧОРИЕВНИНГ ТАҚДИРИ БИЛАН ҚИЗИҚАЁТГАН КИШИЛАР ҚАШҚАДАРЁДАН БАДАРҒА ҚИЛИНДИ

images (1)Шундай бўлди.

Шаҳрисабзлик кекса отахон Ҳасан Чориев 17 июнь куни ҳибсга олинди.

Лекин, Қашқадарёнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари негадир қариянинг ҳибсга олинганлигини оила аъзоларидан сир тутишга қарор қилишганди.

Бу ҳолат атрофдагиларда, айниқса, Ҳ.Чориевнинг жамоатчи ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовда шубҳа уйғотганди.

Айниқса, Ҳасан Чориевга қўйилаётган айблов эпизодининг чучмаллиги шубҳалар кўламини янада кенгайтириб юборганди.

Бос устига бир ярим ойдирки ҳамон ҳибсда тақдири номаълум қолаётган Ҳасан Чориев ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум. Қонуний адвокатлар ҳам ўз мижози бўлган кекса отахонга ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида ҳибсхонага кира олишмади, аниқроғи, вилоят прокуратураси адвокатни ҳибсхона дарвозаси яқинига ҳам йўлатишмади.

Энг ажабланарлиси, Қашқадарё вилоят прокуратураси, Қарши шаҳар суди Ҳасан Чориевнинг жамоатчи ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовни тан олишни исташмади.

Ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовнинг Ҳасан Чориевни кўриш, унга ҳуқуқий кўмак бериш, отахонга оид жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш, махфий тарзда ўтаётган тергов ва суд жараёнларида иштирок этишларини таъминлаш юзасидан прокуратура ва суд идораларига берган 30 га яқин шикоят, ариза ва талабномалари оқибатсиз қолдирилди.Халқимизда “Йиқилган курашга тўймас”, деган гап бор. Рустамовнинг аждодлари қассоб ўтганми, ушлаган жойини қўйиб юборай демайди, узиб оламан, дейди.

Шуҳрат Рустамовга, “Ҳой, барака топгур, Қашқадарё вилоят прокуратураси сизни тан олмаса, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси О.Элмуродов сизни маҳкама идорасига яқин йўлатмаса, Қаршида нима бор, ортингизга қата қолмайсизми?”, дегувчи, маслаҳат берувчи марднинг ўзи йўқ.

Ҳуқуқ фаоли ҳақ қарор топиб қолар деган илинжда 18 июндан то 23 июлга қадар Қашқадарё вилоят прокуратурасининг эшиги олдида ярим ставка қоровуллик қилди ҳамки, ушбу ҳашаматли идорадагилар Рустамовнинг на қоровуллигига маош тайинлашди ва на унинг ҳақли талабларини инобатга олишди. Кўзларини кўр, қулоқларини кар қилиб, безрайиб ўтиришаверди.

Охири Шуҳрат Рустамовнинг ташрифи ҳиқилдоғига келган вилоят прокуратураси қабулхонасидагилар эшигига ҳатто қабул соатида ҳам отнинг калласидек қулф осадиган бўлиб қолишди.

Шаҳрисабзлик 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг жиноят ишига оид тергов сафарлардан бўшамаган Рустам Новчаев томонидан тугатилиб, иш ҳужжатлари Қарши шаҳар судига “инъом” этилгачгина, прокуратурадагилар Рустамовнинг “хиралиги”дан ҳийла халос бўлгандек енгил тин олишди.

Ҳасан Чориевнинг тан олинмаётган жамоатчи ҳимоячиси 24 июлдан бошлаб энди “қоровуллик пости”ни ўзгартиришига тўғри келди.

Қизиқ, жамоатчи ҳимоячи  маҳкама эшигида кун санайди, махсус хизмат ходимлари эса эринмай Шуҳрат Рустамовни пойлайди. Қадамини кузатади.

Негаки, хабарингиз бўлса керак, Ҳасан Чориевнинг “жиноят иши” оддий ишлардан эмас, Қашқадарё вилоят хавфсизлик ҳизматининг “заказ”и.

Миллий Хавфсизлик Хизмати айғоқчилари бир нарсадан, Шуҳрат Рустамов “буюртма ишлари”ни бузиб қўйишидан қўрқишади.

Шунданки, улар Рустамовнинг қадамини қирқиш пайида юришади.

“Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди,” деган ақидага амал қилган ҳуқуқ фаоли қўрқмайди, МХХнинг айғоқчиларидан чўчимайди ҳам. Қайтага, чор-атрофида теппа-текин “тан соқчилар” юрганига думоғи чоқ. Индамасдан ишини битириб юраверади-да.

Шуҳрат Рустамов 24 июлдан то 1 августга қадар Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биноси олдида чегарани қўриқлаётган аскардек хушёр турган бир пайтда  маҳкама бош қозиси О.Элмуродов аллақачон ичкарида шартномаси бекор қилинган адвокат Мели Ҳолмирзаевнинг кўмагида ҳибсдаги Ҳасан Чориевга нисбатан қўзғатилган жиноят ишига оид маҳкаманинг илк мажлисини ҳам ўтказиб бўлган эди.

Ҳасан Чориевнинг жамоатчи ҳимоячиси маҳкамадаги қарйиб 10 кунлик “қоровуллик” жараёнида жим турган бўлса, кошки.

Шикоят, ариза, талабнома киритавериб Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси О.Элмуродовнинг ҳам кекирдагига келтирди.

Охийри бўлмади чоғи-да.

Маҳкама бош қозиси “заказчик”ларга – МХХга арз қилган кўринади: “Хиралик қилавериб, ҳиқилдоққа келтирди-ку бу? Йўқотларинг, акс ҳолда битган ишнинг белига тепади!” деган, зор қақшагандир-да, ҳойнаҳой.

Акс ҳолда, фуқаро кийимидаги махсус хизмат ходимлари “Шуҳрат Рустамов  бошпана сифатида “қўнган”  уйга, Зулайҳо Чориевалар хонадонига борасан, ҳуқуқ фаолини ҳайдаб соласан!” дея Чоштепа маҳалли раиси Қурбон акани қистовга олмаган бўлаширди.

1 август куни эрталаб кутилмаганда Зулайҳо Чориеваларнинг дарвозаси зарб билан тақиллади.

Хонадон бекаси қарасаки, қаршисида Чоштепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қурбон Хушвақтов турибди.

– Келин, бир неча кундан бери уйингизда икки нафар бегона одамлар истиқомат қилишмоқда экан. Маҳаллада бегона одамлар пайдо бўлиб қолишгани учун менга гап тегаяпти. Мана, бугун фуқаро кийимидаги икки киши келиб, шундоқ документини кўрсати-да, “Маҳаллангизда ноқонуний яшаётган нотаниш шахсларни топиб, тазирини берасиз”, дея топшириқ беришди. Қани ўша бегона шахслар? Кимлар улар? Маҳаллага келишидан мақсад нима? Нега сизнинг хонадонингизда ноқонуний яшаб юришибди? Биласиз, қонунчилигимизда 3 кундан ортиқ меҳмон бўлиш мумкин эмас. 3 кундан ўтдими, паспортини вақтинча рўйхатдан ўтказишлари шарт. Нега қонун талабига бўйсунмасдан бегона одамларни уйингизда сақлаб ўтирибсиз? Мен маҳалланинг каттаси сифатида нотаниш одамларни кўришим, ташрифидан кўзланган мақсадни билишим, ҳужжатларини текшириб кўришим керак, – деди Чоштепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қурбон Хушвақтов.

– Менинг уйимга шундай талаб билан келишга қандай асосингиз бор? Кўрсатинг? Сизга шундайин бўйруқ берган шахсни келтиринг кулбамга, кейин талабингизга буйсунаман, – деди Зулайҳо Чориева.

– Менинг ўзим асосман, – қизишди маҳалла раиси, – Маҳалланинг бошлиғи сифатида ҳар бир хонадонга киришга ва назорат қилишга ҳақлиман. Маҳаллага келган ҳар қандай нотаниш фуқароларни суриштириш менинг бурчим.

Хуллас, “маҳаллаком” Хушвақтов мақсадига эришди. Ҳовлига қадам қўйди.

– Қани меҳмонларингиз, чақиринг, суҳбатлашай, –  талаб қилди хонадон соҳибидан.

Қурбон “маҳаллаком”нинг қаршисига мустақил журналист Эшонқулова чиқди:

– Бунингдек талаб билан келишга бир кунга шошиб қолибсиз-да. Биз то шу кунга қадар  Тутзор  маҳалласида, Ҳасан Чориевлар хонадонида меҳмон бўлгандик. Сиз раҳбарлик қилаётган Чоштепа маҳалласига келганимизга бугун икки кун бўлди. Юқоридаги талабингиз билан эртага келсангиз қандай бўларкин? Ўшанда айтганингиздек уч кун бўларди, – деди журналист маҳалла раисига.

– Сиз кимсиз?  Исм-шарифингиз? – сўради маҳалла оқсоқоли.

– Мен мустақил журналист Эшонқулова бўламан. Шеригим Ҳасан Чориевнинг ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов бўладилар. Зулайҳо Чориеванинг отаси Ҳасан Чориевнинг қамалганидан хабарингиз бор. Қиз отаси ҳимояси учун ҳуқуқшунос ёллашга ҳақлими, йўқми? Бу жиноятми?  Сиз бировнинг мулкига дахл қилдингиз. Ҳеч бир сабабсиз фуқаронинг шахсий мулкига бостириб кирдингиз. Аслида сизнинг ҳаракатингиз ноқонуний. Шуни биласизми?

– Мен маҳаллакомман. Маҳалламдаги ҳар қандай хонадонга сўроқсиз киришга, текширишга, назорат қилишга ҳақлиман. Сизларнинг бу уйга келганларингизга қанча вақт бўлганини билмайман. Билганим шу: бугун эрталаб фуқаро кийимидаги одамлар келиб, менга ҳужжатларини кўрсатишиб, “Маҳаллангизда нотаниш одамлар пайдо бўлган. Суриштиринг, ташрифи мақсадини аниқланг. Уч кундан ортиқ рўйхатдан ўтмасдан яшашга ҳақлари йўқ.  Ё паспортларини олиб бориб, вақтинча рўйхатдан ўтишсин, ё қонунга бўйсиниб, уйларига кетишсин”, деган талабни қўйган. Мен бир кичик одамман, буйруққа буйсунаман, – деди Хушвақтов.

– Маҳалла фуқаролар йиғини раиси дегани бу – истаганича маҳалладошларининг ҳуқуқларини паймол қилиши мумкин дегани эмас. Ким эди у сизга шундай ноқонуний буйруқ берган?

–  Мен кичик одамман. Фуқаро кийимидагилар келиб ҳужжатларини кўрсатишди. Қайси идорадан, исми ким, ўқишга улгуролмасдан қолдим. Энди ундан “Сиз кимсиз, исмингиз, қайси идорадансиз, званиянгиз қанақа?”, деб сўраб ўтирмайман-ку? Гапни кўпайтирмасдан, ё паспортларингни олиб бориб, вақтинча рўйхатдан ўтинглар ёки уч кундан кейин маҳалламизни тарк этинглар. Менга гап теккизманглар, – деди Чоштепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қурбон Хушвақтов.

– Бизни алдаманг, – гапга аралашди Зулайҳо Чориева, – Сиз бўласиз-у, буйруқ берган кишиларни танимайсизми? Биласиз, ўша фуқаро кийимидаги одамлар кимлигиниям, қайси хизматдан эканлигиниям биласиз, амалидан ҳам, исм-шарифидан ҳам хабардорсиз!  Сиз билмайдиган, танимайдиган одамларнинг буйруғини бажарадиган даражада саводсиз эмассиз! Ҳатто уйимдаги мана шу меҳмонларнинг кимлигини ҳам, нима мақсадда келганлигини ҳам, икки кундан бери менинг уйимда турганлигини ҳам биласиз! Икки кундан бери уйим атрофида пойлоқчилар пайдо бўлиб қолишганидаёқ кўнглим бир нохушликни сезганди ўзи? Сиз  аввал буйруқ берган одамларни шу ерга бошлаб келинг, ана ундан кейин меҳмонларим сизнинг буйруғингизни бажаришади, – талаб қилди мезбон.

– Лозим топса, келишади ҳам. Мен қарз гапни сизларга етказдим. Буйсуниш, буйсунмаслик ўзларингизга ҳавола,. Мен бир элчиман. Элчига ўлим йўқ, дейишади, – деди кетар чоғи маҳалла оқсоқоли.

– Шу маҳаллада 20 йилдан ортиқ яшаяпман. Ойлаб жиянларим, қариндошларим келиб туришган. Йиллаб уста боққаман, 5-10 талаб. Бирор маротаба  маҳаллакомнинг “Булар ким?”, дея келганини эслолмайман.  Чорак асрдан бери бу биринчи маротаба, – деди  Қурбон Хушвақтовни кузата туриб Зулайҳо Чориева.

Ваҳоланки, Чоштепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қ.Хушвақтов ҳам, уй эгалари ҳам, Ш.Рустамов, М.Эшонқулова ҳам масаланинг асл моҳияти нимада эканлигини жуда яхши билишарди….

– Бир оилани хатарга қўймаслик учун, бегуноҳ одамларга ортиқча ташвиш туғдирмаслик учун Тошкентга қайтишга мажбур бўлдик, – деди мустақил журналист, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова, –  Тўғри, бизни Қашқадарёдан бадарға қилишга уриниш эди бу. Биз Шаҳрисабзни, Қаршини тарк этамиз. Бу дегани – Ҳасан Чориев масаласи кун тартибидан четга сурилди дегани эмас.

– Ҳасан Чориев тақдирига алоқадор ҳар бир воқеа ҳамиша диққат марказимизда бўлади, – суҳбатга якун ясади ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.

Қашқадарё вилоят куч ишлатар тизимлари шу тақлид ҳамон ноҳақ ҳибсда қолаётган Шаҳрисабзлик 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг тақдири билан қизиқаётган кишиларни Қашқадарёдан бадарға қилдилар.

Нега?

Чунки,  Ҳасан Чориевга нисбатан очилган соҳта жиноят ишининг миси чиқиб қолиши борасидаги қўрқув куч ишлатар тизимларга тинчлик бермаётганди.

Шу боис ҳам юқоридаги ноҳуш ҳолат – Ҳасан Чориев тақдири билан қизиққан кишиларни Қашқадарёдан бадарға қилиш орқали ўз  обрўларини асраб қолишга уринишдан бошқа нарса эмас бу.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот Хизмати 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares