ҲАСАН ЧОРИЕВ ИШИГА ОИД СИРЛИ КАРТАЛАР БУГУН ЭЛМУРОДОВНИНГ ҚЎЛИДА….

D68F16F4-95B3-4D2A-919B-A728D9EA84B3_w640_r1_s_cx0_cy24_cw0Хафвсизлик хизматининг қўли билан Шарисабзлик 71 ёшли Ҳасан Чориевга  номусга тегиш жинояти “юмалоқ-ястиқ қилиб” ёпиштирилди.

18 июнь куни жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси Элмуродов жаноблари 71 ёши қарияни эҳтиёт чораси сифатида хибисга олиш тўғрисида ажрим чиқаришга шошилди.

Қашқадарё вилоят прокуратурасининг катта терговчиси Рустам Новчаев  Ҳасан Чориевни ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум этиб, ойлаб адвокатни отахонинг яқинига йўлатмади.

Бундан мақсад нима эди?

Муддао отани жамиятдан узиб қўйиш ва руҳан синдириш эвазига иқрорлигини олиш эди.

Тергов жараёнларини олиб бориш ўрнига тинимсиз хизмат сафарларида юрган терговчи Новчаев ниҳоят МХХнинг топшириғини кўр-кўрона уддалаб бўлган чамаси,  Ҳасан Чориевга оид “жиноят иши”ни  яна жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг раиси Элмуродовга “коптоқ” қилди.

Қизиғи, Қашқадарё вилоят прокуратураси терговчи Рустам Новчаевнинг “айблов хулосаси” нусхасини Ҳасан бобонинг оила аъзоларига тақдим этишни ҳам лозим топмади.

Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан моҳирлик билан “оширилган” “копток”ни  чаққонлик билан “илиб” олган Раис жаноблари Элмуродов  кўп чўзиб ўтирмасдан, эртаси куни – 26 июль куниёқ  яшрин тарзда Ҳ. Чориевга оид “жиноят иши” юзасидан маҳкама жараёнларини бошлаб юборди.

71 ёшли отахонинг қонун билан қўрқиқланадиган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Зулайҳо Чориева томонидан ёлланган Мели адвокат гарчи бир ой давомида Ҳасан Чориев ҳақида қайғурмаган бўлса-да, у билан ўртада тузилган шартнома бузилгачгина, негадир М. Холмирзаевнинг отахонга “ғамхўр” бўлиб қолгани янада қизиқ!

Шу пайтгача Ўзбекиcтонда бирор бир давокат ҳимоясидаги мижозига ўз чўнтагидан харж қилиб бир дунё егулик кўтариб кирганини кўрганмисиз? Ҳеч-да! Лекин рад этилган Адвокта Мели Ҳолмирзаев  танти, саҳоватпеша чиқиб қолди.

Асалу сариёғ, новвату майизни қийиқчасига тугиб суд залига келтирилган Ҳасан отага етказай деб югургилаб юрибдилар.

Рад этилган адвокатнинг бу каби ҳатти ҳаракатлари кишида шубҳа уйғотади, албатта.

Адвокат билан ўртадаги шартнома бекор бўлдими – бу унга нисбатан ишонч ўлди дегани. Ўртага ишончсизлик ораладими, адвокат таъқиқлаган ишга ўзини уриб нима қилади, ҳайронсан киши….

Хуллас, Қашқадарё вилоят миллий хавфсизлик хизмати ходимлари,вилоят прокуратураси, Ички ишлар бошқармаси ва маҳкама қозилари бир бўлиб Ҳасан Чориевга қазиган туҳмат чоҳи тугай деб ҳам қолди.

Ҳасан Чориевга нисбатан провокация йўли билан қўйилган “жиноят иши” шунчалар мўртки, айни дамда жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси О. Элмуродов бу ишга қандай якун ясашини билмай, боши қотган.

Ва яна тўқиб чиқарилган “жиноят иши”нинг чуви чиқиб қолмаслик мақсадида муҳтарам қозимиз Элмуродов Ҳасан Чориев ишига кучли ва ҳалол адвокат яқинлашиб қолишини ҳам истамайди.

Шу боис ҳам Элмуродов рад этилган Мели адвокатни Ҳасан отанинг судига макет қилиб қўйиб, ўзлари эса 4 кундан буён Ҳ. Чориевнинг жамоат ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовга тутқич бермай қочгани-қочган.

4 кундирки жамоат ҳимоячиси сифатида Ҳасан Чориевнинг маҳкама жараёнларида иштирок этиш талаби билан эрталаб соат 8.00 дан то кечки соат 20.00 га қадар Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биноси олдида раис Элмуродов жанобларининг дийдорларига муштоқ.

Бироқ, муҳтарам Элмуродов кўрмана бермаса, юзини кўрсатмайдиган келинчакдек Рустамовни рухсорига муштоқ қилгандан қилди.

Мадомики, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси О. Элмуродов Ҳасан Чориевнинг жамоатчи ҳимоясига жамолини кўрсатмасдан илҳақ қилиб, суд биноси эшиги олдига кун узоқ қоқиб қўяркан, қоровуллик қилганлиги учун Шуҳрат Рустамовга ойлик маош тўлашса ҳам асакаси кетмайди….

Бир сўз билан айтганда, Шаҳрисабзлик кекса Ҳасан Чориевнинг иши Қашқадарёлик қонун қўриқчилари оёғида “футбол” бўлмоқда, ҳуқуқлари топталмоқда.

Нега?

Бунинг биргина сабаби, Ҳасан отанинг тўнғич ўғли Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолиятидир.

Ўзбекистон расмийларининг енг ичилаги кўрсатмалари асосида амалга оширилаётган бу каби ўйинлар, ҳақсизликлар қачонгача давом этаркин? Кўрамиз.

Бироқ, Қашқадарёлик қонун поспонлари “Ҳақиқат эгилади, букулади, лекин синмайди” деган  ҳақиқатни унутиб қўйишган кўринади….

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares