Насиба МАЪМУР: МУАММОНИНГ ИЛДИЗИ

images«Халқ сўзи» газетасининг  2013 йил, 2 июль сонида Республика Бош прокурорининг “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-хунар таьлимининг мажбурийлиги – баркамол ёш авлодни тарбиялашнинг муҳим омилидир”, сарловҳаси остида мақоласи чоп этилиб, ушбу мақола Республика миқёсида барча нашрларда кўчириб босилди.

Мақолада асосан ёшларнинг таьлим-тарбияси, бу борадаги муаммолар, касб-хунар коллежини битираётган ёшларнинг ишга жойлаштириш, вояга етмаган ёшлар ўртасидаги жиноятлар таҳлил қилиб берилган. Жорий йилда 530 мингдан ортиқ ўқувчилар касб-хунар коллежини битирди. Бу ярим миллион иш ўрни дегани.

Аммо, қани ўша еб-ичиши ва кийиниши, оила тебратиши, шахсий эҳтиёжини қоплайдиган ойлик маош берадиган иш ўринлари? Иш ўринлари бор, лекин ойлаб ойлик маошлари берилмайди, берилса ҳам юз фоиз пластик карталарга ўтказилади. Пластик карталарни эса 10-15 фоиз устамасини олиб ечиб беришади. Банкамат нима эканлигини айрим шаҳардагилар ҳам билишмайди. Айрим дўконларда, бозорларда ҳозир айни шакарга эҳтиёж сезилган вақтда пластикка шакар сотилмайди. Сабаби, дўкончи ҳам нақд пулга, “елкаси”ни бериб олиб келади, шакарни  марказлашган базалардан. Бу базалар эса текшириши “мумкин бўлмаган” акаларга қарашли.

Мақолада савол қўйилган. Нима учун бола коллежга бормаябди, ҳокимликлар, маҳалла, профилактика инспекторлари, жамоатчилик, қолаверса, бола тарбияси учун бевосита жавобгар бўлган ота-оналар ва бошқа масьул шахслар бепарволарча қўл қовиштириб ўтирибди, бу жиноят дейилган. Тўғри бу жиноят. Аммо, муаммонинг илдизи, халқнинг тирикчилик ўтказиш манбаида. Ўша манба йўқ. Русларда оила корзинаси бор. Унга бир кунда, бир ойда қанча сарфланиши таҳлил қилинади. Бизда оила корзинаси ҳам, унинг ҳисоб-китоби ҳам халққа ошкора қилинмайди. Қилиб бўлмайди. Чунки, олинаётган маош ўша корзинанинг учдан бирини ҳам тўлдира олмайди. Шунинг учун ота-оналарнинг аскарияти Россияда, Қозоғистонда. Бола эса, қариндошнинг қўлида. Ёки ота-онасининг ўзга юртларга бориб ишлашга қурби етмаса, бола Россияда, тирикчилик илинжида мардикорлик қилиб юрибди. У ерда қилган меҳнатини бу ерда ҳам қилиши мумкин. Аммо, ўша ерда топган маблағни бу ерда ўн чандон кўп ишласада топа олмайди.

Шунинг учун бир марта бориб ишлаб келган ёшлар, умуман Ўзбекистонда ишлагиси келмай қолмоқда. Мардикор бўлсада, таҳқирлансада, оғир меҳнатларга дучор этилса-да, ҳақ-ҳуқуқи “дангасалар” деб топталса-да, Россияни афзал билмоқдалар. Аслида шу
ерда ишлаб оила корзинасини тўлдириш муаммоларидан кўз юммасдан очиқ-ошкора ўртага ташлаб, ечим қидириш маьқулроқ бўларди.

Битирувчиларни ишга жойлаштириш  кўз бўямачиликдан бошқа нарса эмас. Коллеж ўқитувчилари мажбур ўқувчисини ишга жойлаштириши керак, таниш-билишини ишга солиб, кичик корхонами, фермерми “ишга қабул қилинди” қабилида хужжатга муҳр босиб беряпти. Унга ҳатто пенсия жамғармаси дафтарчаси ҳам очиляпти. Бир ҳафтадан сўнг эса, “ўзининг аризасига биноан” ишдан бўшатилмоқда. Бу билан ҳамма бир-бирини алдаб юрибди.

Муаммо иш ўринлари йўқлигида, ойлик маошлар пастлигида, уни вақтида берилмаслигида, нақд пул етишмаслигида, ойлик маоши юқори иш ўринларига катта пора билан ишга жойлашиш мумкинлигида, сиртқи бўлимлар тугатилиб, олий ўқув юртига фақат пулдорларнинг боласи кираётганлигида эканлигини ҳамма билади. Лекин, ҳеч ким “миқ” этмайди.

Муаммонинг ечимини йўқ ердан қидириб, йиғилишлар, текширишлар ўтказиб, бир-бирини айблаб, айрим ёқмай қолган раҳбарларни ишдан бўшатиб, қоғозлар тўлдириб юрилаверади.

Насиба МАЪМУР

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаркати

Ўзбекистон бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares