МУСИЧА

e47f8bf7ad5f“Модомики, мамлакатимиз ҳуқуқий демократик давлат қуришни, фуқаролик жамиятини шакллантиришни иҳтиёр этган экан, жамиятдаги ўзаро муносабатларда юзага келадиган  барча ихтилофлар ҳуқуқий йўл билан ҳал қилинишига ўрганишимиз муқаррар”.

Ўзбекистон Президентининг бот-бот такрорлайдиган ушбу иборалари аслида ҳаётда ўз аксини топябдими?

Аслида юрт раҳбарининг айтган сўзи ерда қолмаслиги керак. Шу маьнода унинг атрофидаги айрим “сарой шоир”ларига айланган журналистлар Президент мусича ҳақида гапириб қўйса бўлди, эртасигаёқ мусича ҳақида кўрсатув тайёрлаб, марказий телевидение орқали намойиш этишади.

Тошкентдаги Хасти Имом масжидида мусичаларга кўзи тушган Президент уларнинг беозорлиги ҳақида фикр айтди. Шу билан газетада ҳам телевидениеда ҳам мусичалар ҳақидаги кўрсатув, мақолалар болалади.  Бу билан Президентнинг оғзидан чиққан гап амалда ўз аксини топябди, деган маьнони беришга уринишади-ю, аслида ялтоқланишларини бутун оммага ошкора қилишади.

Худди шундай кўрсатув ва мақолалар Президент қайси вилоятга бориб келса, ўша жойдаги ютуқлару, камчиликлар ҳақида кўпиртириб ёзишади. Унга қадар ўша ердаги муаммони, камчиликни кўриб-билиб туришади. Бош раҳбарларнинг кирдикорлари ҳақида эшитишади. Аммо ёзиш учун журъат топа олмайдилар.  Журъат топган журналист учун эса, бошқарув органларининг барча эшиклари ёпиқ бўлади.Бугун  “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш мақсадида ва унинг нормаларини синови бўйича Самарқанд ва Бухоро вилоятлари давлат хокимияти  органлари негизида ҳуқуқий тажриба ўтказилмоқда.

Бу яхшидир албатта. Лекин, савол туғилади, нега керак бу қонун?! Бу ҳам аслида Президентнинг ташаббуси  асосида  юзага келган. Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик  жамиятини ривожлантириш консепциясида  айни ана шундай қонун керак, деб айтгани боис, аслида бу қонун керак бўлмасада, уни қабул қилиш учун уриниб ётибдилар.  Аслида Ўзбекистонда  давлат хокимияти ва бошқарув
органлари фаолияти ҳақида ахборот олиш ҳуқуқи амалда Асосий Қонунимизнинг 29-моддасида, ҳар кимга фикрлаш, сўз ва эьтиқод эркинлиги, шунингдек, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи кафолатлангани аниқ, тиниқ ёзиб қўйилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисда”ги  (бу рўйҳатни яна узоқ давом эттириш мумкин) қонунлар ва яна қатор қарорлар мавжудки, уларнинг бирортаси ҳам эркин ахборот олиш  ва тарқатиш ҳуқуқини ҳеч кимга бера олмаётган бир вақтда қонун устига қонун қабул қилинмоқда.

Янги қонун тақдири ҳам худди юқоридаги қонунлар каби, қоғозларнинг юзини тўлдиради, бизда мана бундай қонунлар бор, деб дунё ҳамжамиятига эьлон қилинади.

Аслида эса, бу қонунлар  китобларнинг қатларидан чиқа олмайди.

 Насиба МАНСУР қизи

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

 Ўзбекистон бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares