Маълумки, шу йилнинг 17 июнь куни 71 ёшли Ҳасан Чориев Шаҳрисабздаги ўз уйидан “вилоят прокурори ўринбосарининг суҳбатига” деган баҳона билан икки нафар милиция ходими томонидан “ўғирлаб кетилган” эди.
Орадан беш кун ўтди ҳамки Ҳасан Чориев уйига қайтмади.
Натижада, оталари тақдиридан хавотирган тушган оила аъзолари Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан Ҳасан Чориевнинг дарагини топа олишмагач, унга нисбатан қидирув эълон қилишгача бориб етишганди.
Шундай кейингина, яъни орадан 5 кун ўтгач, кутилмаганда 71 ёшли қария 17 ёшли қизалоқнинг номусига тажоввуз қилишда айбланиб, Қарши шаҳар суди судьяси О. Элмуродовнинг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинганлиги маълум бўлиб қолди.
Ҳасан Чориевнинг Қашқадарё вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари ва вилоят прокуратураси вакиллари чангалига тушганига мана бугун бир ойу икки кун бўлди.
Бироқ шу давр мобайнида хибисга олинганлиги айтилаётган Ҳасан Чориевни бирор бир киши – на оила аъзолари ва на-да адвокати кўрган эмас.
Сабаби, Қашқадарё вилоят прокуратураси катта терговчиси Рустам Новчаев ўз мижозининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга отланган адвокат Мели Ҳолмирзаевга Ҳасан Чориев билан учрашиш учун рухсат бермаётир.
“Сиз фақат менинг иштирокимдагина мижозингиз билан кўришишингиз, яъни тергов жараёнларидагина адвокат сифатида иштирок этишингиз мумкин бўлади” дейди терговчи Новчаев адвокатга қарата қатъийлик билан.
То ҳозирга қадар ҳамон хибисда қолаётган 71 ёшли қария Ҳасан Чориевнинг ҳимояланиш ҳуқуқи қай сабабдан айнан орган ходимлари томонидан бузилмоқда, бу масала ҳозирга қадар мавҳумлигича қолмоқда.
Энг эътиборлиси, Ҳасан Чориев хибисга олиниши билан қарияга нисбатан очилган “жиноят иши” терговига масъул Рустам Новчаев 15 кунга Тошкент сафарига сафарбар этилганди.
Катта терговчи Рустам Новчаевнинг сафари муносабати билан Ҳасан Чориевни тергов ишлари маълум муддат тўхтатиб қўйилганди.
Шу йилнинг 8 июль куни ниҳоят Қашқадарё вилоят прокуратурасининг катта терговчиси Рустам Новчаев пайдо бўлди, аниқроғи, сафардан қайтди.
– Энди терговни тезлаштираман ва 15 кун ичида Ҳасан Чориев терговини тугатаман, – дея катта гапирганди Рустам Новчаев қариянинг қизи Зулайҳо Чориевани ишонтириб.
Новчаевнинг ана шундай ваъда қилганигаям бугун 12 кун бўлди ҳамки, бирор марта тергов ўтказилмади, адвокатга Ҳасан Чориев билан учрашиш имконияти ҳам берилмади.
Аввалига, Р. Новчаев “13 июль куни Ҳасан Чориевни терговга тортамиз!” деган гапни тантанавор эълон қилганди.
Афтидан, Миллий Хавфсизлик Хизмати катталаридан изин бўлмади чоғи, ҳатто Новчаевнинг ўзи ҳам Ҳасан Чориев билан кўришиш, маҳбусни сўроққа тортиш имкониятидан мосуво бўлди.
Бунинг натижасида катта терговчи Рустам Новчаев 16 июлни тергов куни деб эълон қилиб қўя қолди.
Белгиланган кунни сабрсизлик билан кутган адвокат Мели Ҳолмирзаев “Ниҳоят мижозим Ҳасан Чориев билан кўришиш имконияти туғилди” деган хаёлда вилоят прокуратурасига елиб келганди.
Бироқ, минг афсуски, Ҳасан Чориевнинг “жиноят иши”га оид тергов иши негадир 16 июль кунида ҳам бўлиб ўтмади.
– Мен 19 июль – жума куни соат 10.00 да маҳбус Ҳасан Чориевни вилоят прокуратурасига терговга чақиртираман. Сиз ўша куни бошқа бирор юмушни режалаштирмай туришингиз керак, – деди катта терговчи Новчаев адвокат Мели Ҳолмирзаевга.
Бу хушхабар Тошкентга – Ҳасан Чориевнинг мустақил ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовга ҳам етиб борганди.
Ҳасан Чориев терговида иштирок этиш истагида шу бугун, 19 июль куни Қашқадарё вилоят прокуратурасига етиб келган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов терговчи Р. Новчаевни чўчитиб юборди.
Ҳуқуқ илмини Олий ўқув юртида оширган катта терговчи Рустам Новчаев ўрта махсус маълумотга эга бўлган, юридик Олийгоҳларнинг эшигини кўрмаган бўлса-да, мамлакат қонунларини мустақил равишда сув қилиб ичган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовдан нега бу қадар сесканиб кетди? Бу номаълум.
Бироқ, шу нарса аниқки, Шуҳрат Рустамовнинг ташрифидан лабига учуқ тошган катта терговчи Р. Новчаев Ҳасан Чориевнинг тергови тайинланган кунда – 19 июлда кутилмаганда яна қуён бўлиб қолди.
Қашқадарё вилоят прокуратурасининг фуқароларни қабул қилиш бўлими ходими Дилфуза Қўчқорова ва навбатчилик қисмидаги ички ишлар ходимларининг гапларига кўра, “Новчаев эрталабдан муҳим топшириқ билан қайгадир кетган. Айни дамда ўз иш ўрнида кўринмаётир. Тушликдан кейин пайдо бўлиши ва белгиланган тергов жараёнларини бошлаши мумкин”.
Кутишдан бошқа чораси қолмаган мустақил ҳимоячи Шуҳрат Рустамов фурсатдан фойдаланиб Ҳасан Чориевнинг “жиноят иши”га оид иш ҳужжатларидан, яъни Матлуба Абдураимованинг даъво аризаси нусхасини, шунингдек, 71 ёшли қарияга нисбатан жиноят иши қўзғатиш хусусидаги қарор нусхасини беришларини талаб қилиб 21, 23, 24 июнь кунлари вилоят прокурори номига ёзган шикоятларига жавоб сўраб навбатдаги аризасини ёзишга киришди.
Мустақил ҳимоячининг аризасини фуқароларни қабул қилиш бўлими ходими Дилфуза Қўчқорова қабул қилиб олди.
Бироқ Д. Қучқорова негадир Ш. Рустамованинг даъвогар Матлуба Абдураимовага нисбатадн ЎзРесЖКнинг 237-моддаси билан жиноят иши қўзғатишларини талаб қилиб ёзган аризасини негадир қабул қилиб олишдан қатъий бош тортди.
Натижада, Шуҳрат Рустамов даъвогар М. Абдураимованинг ўзига нисбатан жиноят иши очиш тўғрисидаги шикоятини почта орқали буюртма хат сифатида тегишли манзилларга жўнатишга қарор қилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қонун билан қўриқланаётган ҳуқуқлари паймол бўлаётган мижози Ҳасан Чориевнинг терговида иштирок этиш истагидаги Ш. Рустамов 19 июль куни тушликдан кейин бўлишини кутди, катта терговчи Рустам Новчаевнинг топилиб қолишига умид боғлади, унинг ўз иш ўрнига қайтишини интиқлик билан кутди.
Бироқ, таассуфки, соат миллари 19.00 ни кўрсатди ҳамки, Новчаевдан дарак бўлмади. Натижада, орган ходимлари Шуҳрат Рустамовни 19 июль куни эрталаб соат 8.00 дан то кекки 19.00 га қадар вилоят прокуратурасига мажбурий тарзда фахрий қоровул қилиб қўйишди.
– Аслида, терговчи Рустам Новчаев иш билан қаергадир кетган эмас. Назаримда, менинг келишим ҳақида хабар топиши билан мушукдан қўрққан сичқондек ўз инига кириб олган. У ичкарида, ўз иш столида кондиционер тагида салқинлаб, маза қилиб ўтирибди.
Фақат навбатчилик қисмидаги милиция ходимларига ўзини йўқ деб айтишларини уқтирган, холос. Мақсад менинг иштирокимсиз тергов ҳаракатларини олиб бориш ва, адашмасам, ҳимоямдаги Ҳасан Чориевга жисмоний ва руҳий босим ўтказиш орқали қариянинг иқрорномасини олишга эришишдан иборат, – дейди ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.
Бугунгни воқеалар ривожи бизни ҳам ўйлантириб қўйди. Қашқадарё вилоят прокуратурасининг катта терговчиси Рустам Новчаев ўзи ким? Ҳуқуқшунослик Олий ўқув юрти таҳсилини олмаган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовни кўрса нега энди унинг бу қадар тиззалари қалтираркин?
Бунинг боиси терговда Шуҳрат Рустамовнинг иштироки учун тепадан – МХХдан кўрматма – “добро” бўлмаганидамикин, ёки Ҳасан Чориевга очилган “жиноят иши” сценарийининг пухта ва пишиқ эмаслигига бўлган ҳадикдамикин?
Бир нарса дейиш қийин. Бироқ, шуни аниқ айтишимиз мумкинки, Ҳасан Чориевга оид “жиноят иши” терговига масъул бўлган Рустам Новчаевнинг ўзи ҳам мустақил эмас, полиздаги қўриқчининг макетидек бир гап.
Шу боис ҳам тергов ҳаракталари пайсалга солинмоқда.
Ажабланарли томони шундаки, ҳамон хибисда қолаётган Ҳасан Чориевнинг “жиноят иши” юзасидан деярли тергов ҳаракатлари олиб борилмади.
Шундай бўлишига қарамасдан адвокат Мели Ҳолмирзаевга кўра “Тергов ишлари деярли тугатилган. Биргина “жиноят иши” ҳужжатлари билан таништирув қолган, холос”.
Ажаб, 71 ёшли Чориев терговга тортилмасдан туриб тергов ишлари ниҳоясига етиши мумкинми?
Бундан ким ва нима учун манфаатдор?
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот хизмати