Шу йилнинг 17 июнь куни ўз уйидан ички ишлар идоралари ходимлари томонидан авраб-алдаб олиб чиқилган Шаҳрисабзлик 71 ёшли отахон Ҳасан Чориев Қашқадарё вилоят прокуратурасининг “ташаббуси” билан жиноятчига чиқарилди. Отахонга “номусга тажоввуз қилиш” жинояти осилди. Бу ҳам камлик қилганидек, Ҳасан Чориев тергов хибисхонасига тиқиб қўйилди.
Ҳасан Чориевнинг адвокат ҳимоясидан маҳрум этилишига сабаб нима?
Шу йилнинг 8 июль куни ниҳоят Қашқадарё вилоят прокуратурасининг 15 кунлик Тошкент сафарида қочиб юрган катта терговчиси Рустам Новчаевнинг рухсорини кўриш Зулайҳо Чориевага насиб қилганди.
– Йўқ, Ҳасан Чориевнинг жинояти ижтимоий хавфлилиги юқори бўлган жиноятлар туркумига киради. Шу сабабли то тергов тугамагунга қадар Ҳачан Чориев билан кўришишга ҳеч бир қариндошига рухсат бера олмайман, -деди Р. Новчаев ҳиссиз, ўта совуққонлик билан.
– У ҳолда отамизнинг саломатлиги ҳақида қандай хабардор бўлишимиз мумкин? – зорланди Зулаҳо Чориева.
– Ҳасан Чориевга хибисхонада барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Саломатлиги жойида. Шу пайтгача бирор маротаба шифокор кўмагига муҳтож бўлган эмас. Ташвишланманг. Буни сизга мен айтаяпман, – виқор билан деди Новчаев.
– Келиб-келиб отамга минг бир нағма билан туҳмат уюштирган одамларга – сизларга ишонаманми? Нега энди сизнинг гапингизга бовар қилишим керак? Токи отамни кўрмагунча бирортаям гапларингизга ишонмайман!
– Ҳасан Чориев билан кўришишга фақатгина унинг қонуний ҳимоячиси – адвокатгина ҳақли. Тўғри, 15 кун давомида сафарда бўлганлигим сабабли Ҳасан Чориевнинг адвокати ордерига муҳир босиб бера олмадим. Шунинг учун ҳам улар Ҳасан Чориев билан кўриша олмаганлар. Мана, энди адвокатларингизга етказишларингиз мумкин, истаган пайтларида ордерларини олиб келишлари мумкни, расмийлаштириб, кўришишга рухсат бераман. Сизларга қиладиган ягона кўмагим шу, – дея суҳбатга якун ясади Новчаев.
Нима бало Рустамжон Новчаев уйғурми дейман-да, лағмон чўзишга жудаям уста бола экан.
Орадан икки кун ўтмай Новчаевнинг Зулайҳо Чориева қулоғига лағмон илгани маълум бўлиб қолди.
Негаки, эртаси куни ордерини қўлтиқлаб прокуратурага етиб келган адвокат Мели Холмирзаев яна ноумид ортга қайтишга мажбур бўлди:
– Шошилманг, оқсоқол. Ҳали ўз ҳимоянгиздаги Ҳасан Чориев билан кўришишингизга эрта. Яна 4-5 кун сабр қилишингизга тўғри келади. Қачонки мен тергов ўтказишга жазм қилсам, тергов жараёнида адвокат сифатида иштирок этишингиз ва ўшандагина менинг иштирокимда Ҳасан Чориев билан кўришишингиз мумкин, – дея адвокат Холмирзаевга кескин жавоб қилди Новчаев.
– Мана, ўша гапнинг бўлиб ўганигаям 10 кундан ошиб кетди. Лекин Ҳасан Чориевнинг ишини тергов қилишга ҳатто терговчи Рустам Новчаевнинг ҳам имкони бўлмаяпти, – дейди адвокат Мели Холмирзаев, – Тергов ишлари тақа-тақ тўхтаган. Шу саббали аввалига терговчи сафарда дейилди. Кейин эса тергоқ жараёнида терговчи иштирокида мижозинг билан кўришасан дейилди, хуллас, ана-мана, салкам бир ойдирки ҳимоямдаги Ҳасан Чориев билан учсрашишга ҳечам имкон топа олмадим. Бунинг мутлақо имкони бўлмаяпти.
Энг қизиғи, адвокат Мели Холмирзаевга вилоят прокуратураси мутасаддилари томонидан айтилган энг охирги калом ҳаммасидан ўтиб тушди.
Гап шундаки, ҳа деганда тергов бўлавермаганидан хуноби ошган Мели Холмирзаев яна вилоят прокуратураси эшигига бош суқди-да, “Барака топгурлар, мен мижозни ҳимоя қилиш учун шартнома асосида унинг қариндошларидан пул олиб қўйганман. Ҳасан Чориевни ҳимоя қилиш менинг бурчим. Сизлар мени бундай имкониятдан маҳрум қилмоқдасизлар. Терговчи тергов ўтказмаса, мен Ҳасан Чориев билан кўришмасдан, ёш бола каби бармоғимни сўраб ўтиравераманми?! Бўлди, бас, тезда ордеримни расмийлаштириб беринг, мен мижозим билан кўришишим керак!” талаб қила бошлади.
Шунда вилоят прокуратурасидагилар Ҳасан Чориевнинг адвокатига нима дейишди денг:
“Сизнинг ордерингизни расмийлаштириш, тергов хибисхонасидаги мижозингиз Ҳасан Чориев билан учрашишингиз учун ордерга муҳир босиб бериш юмуши терговчи Рустам Новчаев тасарруфидаги иш эмас. Адвокат ордерларини расмийлаштиришга оддий терговчи эмас, вилоят прокурорининг тергов масалалари бўйича ўринбосари масъул.
Ҳозир сизнинг хибисхонага киришлигингиз, мижозингиз билан учрашишлигингиз учун ордерингизни расмийлаштириб, муҳр уриб берадиган вилоят прокурорининг тергов масалалари бўйича ўринбосари иш билан сафрада. Кутинг, икки кундан кейин қайтади. Ўшанда масалангизни ҳал қилиб беради”, дея жавоб қилишса бўладими?
Хуллас, шўрлик адвокат Мели Холмирзаевни вилоят прокуратурасидагилар истаганларича хў-ўўўп “футбольный мяч” қилиб у оёқларидан бу оёқларига олишди.
Авокатураси ёпилиб, лицензиясидан айрилиб қолишни қай бир адвокат ҳоҳлайди?
Мели Холмирзаев қарасаки, аҳвол чатоқ. Адвокат сифатида у Ҳасан Чориевнинг иши шунчаки одатий жиноят ишларидан бир эмаслигига ишонч ҳосил қилди, назаримизда, адвокат бора-бора Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун, отахон билан кўришмоқлик учун ортиқча ҳаракат ҳам қилмай қўйди. Қила олмайди ҳам.
– Адвокатлар ҳам вилоят прокуратурасининг қаршисида ожиз, – дейди Зулайҳо Чориева, – Шу йилнинг 26 июнь куни «Насаф ҳуқуқ маслаҳатчиси” адвокатлар ҳайъати адвокати Мели Холмирзаев имзоси билан Қашқадарё вилояти прокурори муҳтарам Х. Т. Турдибоев номига “Қўлланилган эҳтиёт чорасини қамоқ билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасига алмаштириш ҳақида” ёзилган ИЛИМОСНОМАси матни ҳам негадир ўзгариб қолибди. Мазкур ИЛТИМОСНОМАни адвокатимиз Мели ака бизнинг кўз ўнгимизда 5 тақиқада ёзиб улгургандилар ва бизга ўқитиб, “Маъқулми?” деб сўрагандилар ҳам. Биз “Маъқул” деганимиздан кейингина вилоят прокуратурасининг фуқароларни қабул қилиш бўлими ходими Дилфуза Қўчқоровага ўша куниёқ олиб бориб топширгандилар.
Бизнинг биргина хатоимиз, ўша куниёқ адвокатнинг ИЛТИМОСНОМАсидан нусха олиб қўймаганимиз. Ўшанда ўқиб кўрганимизда мазкур илтимоснома бор йўғи бир саҳифа эди холос.
17 июль куни мен адвокатдан ўша илтимосномадан нусха беришларини илтимос қилгандим. Негадир улар қўлимга икки варақдан иборат Илтимоснома матнини тутқаздилар. ИЛТИМОСНОМА матнининг 2 варақ ҳимобига кўпайиб қолганлигининг ўзиёқ адвокатимизнинг ўзгариб қолганлигидан далолатдир. Қолаверса, Мели Холмирзаев вилоят прокуратураси терговчиси Новчаевдан “Ҳасан Чориевга нисбатан жиноят иши қўзғатиш” ҳақидаги қарор нусхасини, қолаверса, даъвогар Матлуба Абдураимованинг даъво аризасидан то ушбу кунга қадар нусха олишга қизиқмаганлиги, умуман, отамга тааллуқли жиноят иши кўлами билан танишишга иштиёқ билдирмаганлигининг ўзиёқ Мели ака Холмирзаевнинг мижози бўлган отамнинг тақдирига қай муносабатда эканлигидан далолат бермайдими?, – дея адвокат фаолиятини ҳам сўроқ остига қўяди Зулайҳо Чориева, – Мен бу Масалада адвокат Мели Холмирзаевни ҳам тушунаман. Отам учун жон куйдургудек бўлса, уларнинг ҳаётлари ҳам хавф остида қолиши мумкин….. Шу сабаб ҳам адвокатимиз отамнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳамон учрашцувга рухсат ололганларича йўқ…. Қолаверса, отам Тошкентда урлогик жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган дедик. Бундан ташқари улар икки маротаба инфарк, бир марта инсултни ўз танларидан ўтказган. Адвокатимиз Мели ака прокурор номига ёзган ИЛТИМОСНОМАларини асослаш учун отамнинг ҳақиқатдан ҳам бетоблигини тасдиқловчи ҳужжатларни – Ҳасан Чориевнинг касаллик варақаларидан кўчирмаларни илова қилишлари лозим эди. Айни мақсадда укам Бегзод Чориев 27 июнь куни Шаҳрисабз шаҳар бирлашган шифохонасига отамизнинг касаллик тарихидан нусха олиш мақсадида борганди. Бирқ касаллик тарихидан нусха беришмаётир, – дейди Зулайҳо Чориева.
Ўзбекистонда ҳукум сураётган диктатура шароитидан келиб чиқиб очиғига кўчадиган бўлсак, ҳукумат таъқибига, куч ишлатар тизимларининг тайзиқига учраган бир фуқарони ҳимоя қилиман деб ойдеккина ишлаб турган адвокатураси тақа-тақ ёпилишини, рўзғорини тебратиб турган лицензиясиздан мосуво бўлиб қолишни ким ҳам истайрди дейсиз?
Ҳасан Чориевга оид касаллик тарихини яширишдан муддао не?
Шу йилнинг 27 июнь куни Шаҳрисабз шаҳар шифохонаси маъмурияти Ҳасан Чориевга оид касаллик тарихини топа олишмаган. Айтишларига қараганда, 2012 йилнинг бошларида Ҳасан отага нисбатан “Туҳмат” моддаси билан жиноят иши очилганида Қамаши туман прокуратураси Ҳ. Чориевнинг касаллик тарихига мурожаат қилган ва сўров хати орқали касаллик тарихини олиб кетишган. Биздаги маълумотларга қараганда, Ҳасан Чориевнинг касаллик тарихи ҳамон Қамаши туман прокутарурасида ётган экан.
– Зарурат туфайли укам Бегзод касаллик тарихини йўқлаб Қамаши туман прокуратурасига мурожаат қилишга мажбур бўлганди. Бироқ, Қамаши туман прокуратураси мутасаддилари укамнинг қўлига отам Ҳасан Чориевнинг касаллик таригини тутқазишмаган, аксинча, Бегзод билан бирга-бирга Шаҳрисабзга келган прокуратура ходими тилхат асосида Ҳасан Чориевнинг касаллик тарихини Шаҳрисабз шаҳар бирлашган шифохонасининг бош шифокори қўлига топшириб кетишган, – дея суҳбатини давом эттиради Зулайҳо Чориева. Шунда ҳам шифохона маъмурияти Ҳасан Чориевнинг касаллик тарихидан биз болаларига нусха беришдан қатъий бош тортиб туриб олишди.
Куни кеча, 17 июль куни адвокат Мели Холмирзаев Шаҳрисабз шаҳар бирлашган шифохонаси маъмуриятига Ҳасан Чориевнинг касаллик тарихидан нусха беришлари хусусида сўров хати битиб, биздан бериб юборгандилар.
Шаҳрисабз шаҳар бирлашган шифохонаси бош ҳакими адвокатнинг расмий сўров хатига асосан отамиз Ҳасан Чориевнинг касаллик тарихидан нусха беришдан бугунги кунда негадир бош тортмоқда. Бунинг сабаби нимада эканлигини англайолмасдан қолдик. Афтидан улар касаллик тарихини ё таг-туги билан йўқ қилиб юборишмоқчи, ёки бўлмаса, отамнинг касаллик тарихини ўз билганларича сохталаштириб қўйишмоқчи. Буниси энди бизга қоронғу….
Юқоридагилар хибисда қолаётган 71 ёшли отахон Ҳасан Чориевнинг тўнғич қизи Зулайҳо Чориеванинг фикрлари эди.
Ўзбекистондаги нафақат куч ишлатар тизимлари ходимларидан, ҳатто шифокорлардан ҳам ҳамма нарсани кутиш мумкин. Оқ халатли ҳолоскорларга Гиппократ қасамини бузиш чўт эмас.
Ҳасан ота Чориевнинг Шаҳрисабздаги уйини ишғол қилган шантажчи аёлларнинг муроди нима эди?
17 июль куни бир гуруҳ суюқоёқлардан иборат эканлиги тахмин қилинаётган Шаҳрисабзлик аёлларнинг ““Тутзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Суяров етакчилигида Ҳасан ота Чориевнинг хонадонига бостириб киришганлари ва “шаъни топталган қиз” номуси учун ҳақ талаб этиб, савдо қилишга уринганликлари ҳақидаги хабарни эшитиб ҳангу манг бўлиб қолдим.
Нима бу?
Ҳукумат танлаган муроса йўли шуми?
Ўйлаймасдан хом-хатала пиширган ошларини ҳазим қилиш усулимиди бу?
Ҳали хибисдаги Ҳасан отанинг айби суд ҳукми билан тасдиғини топмасдан туриб уй-жой, мул талаб қилиб келишга бало борми яна? Бу билан улар нимани исбот қилишмоқчми ёки нимани аслослаб қўйишди? Мазкур туҳмат театр томошасини намойиш қилишдан кўзланган асл мақсадларини эмасми мабодо?
Нега эни шантажчи аёллар бирданига еру кўкдан топиб бўлмайётган, прокуратура ходимлари этак остида бекитиб ўтирган “номуси топталган” Матлубани э йўқ, бе йўқ Ҳасан отанинг хонадонига ташлаб кетшига қарор қилиб қолишди экан? Нега энди “Икки хонали бўлсаям уй оберасанлар! Акс ҳолда бу ҳовли жойлардаям Матлубанинг ҳақи бор! Уни шу ҳовлига ташлаб кетамиз!” деб тизинглаб қолишдийкин?
Ушбу ҳаракатнинг тагида қандайин синоат яширин?
Менинг назаримда, 71 ёшли Ҳасан Чориевга нисбатан туҳматдан жиноят иши очишга муваффақ бўлган куч ишлатар тизимлар ўзлари ўйлаганларидек обру орттира олмадилар.
Аксинча, дунё ҳамжамияти олдида шармандаи шаримсор бўлганлари қолди.
Энди уларнинг навбатдаги ҳийласи, мижозлари Матлубани қайсидир йўл билан бўлса-да Ҳасан Чориев хонадонига суқулиб киришиб олишига имконият яратиш. Бу борада улар “Тутзор” маҳалла раиси Суяровнинг кўмагига умид боғлашмоқда. Маҳалла оқсоқоли сифатида махфий хизматларнинг айғоқчилиги-ю югурдаклигидан бошқасига ярамайдиган маҳалла раиси Суяров ҳукумат идораларига қандайин ваъдалар қилган билмадигу, ҳарҳолда уларнинг ниятлари холис эмас. Мақсадлари Шаҳрисбаздаги Чоиревлар хонадонига туҳматчи ёш жувоннни жойлаштириш. Куч ишлатар тизимларига бу каби ўйинлар нега ас қотиб қолдийкин дерсиз?
Муддао нафақат Ҳасан Чориевни, балки бутун бир оиланинг номига қаро чаплаш, бутун бир оила аъзолари устидан маъмурий, ёхуд жиноият иши қўзғатишга эришмоқлик.
Бу борада Матлуба отлиғ Худосиз ўзларига қўл келишини улар жуда яхши билишади.
Биргина ёлғиз муаммо: Матлубани Чориевлар ҳовлисига жойлаштиришса бўлгани. Қолгани хамирдан қил суғургандек кетаверади.
Матлуба деганлари эртасига “Ҳасан отанинг кенжа ўғли менга куч ишлатди деб даъво қилса, эртасига кенжа келин сочимни юлди дея маломат бошлайди. Кўп ўтмай кекса Норой момо жонимга қасд қилишга уринди деб арз қилса, ҳаял ўтмай Ҳасан ота қизларидан бири мени заҳарламоқчи бўлди дея шикоят битади…. Қарабсизки, провордида, Шаҳрисабздаги бутун Чориевлар оиласи аъзолари устидан ё маъмурий, ёки жиноий иш очилиши нақд бўлиб турибди-да!
Шахсан мен ҳаётни диққат билан кузатган бир журналист сифатида Матлубани Чориевлар хонадонига тиқиштиришга бўлган уринишни худди юқоридагидек талқин қилган бўлардим.
Бироқ бу борада ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовнинг қарашлари ўзгача:
– Назаримда, Қашқадарёдаги орган ходимлари, прокуратура вакиллари еб бўлмайдиган, ачиган кашани пишириб қўйганлар. Улар нима қилиб бўлсаям шалтоқларини беркитиш, ишни ёпиш пайида. Бунинг энг асон ва қулай усули қиздан қарши даъво ариза олишга эришиш. Бунинг учун эса даъвогарни рози қилишга тўғри келади. Афтидан маҳаллий қонун идоралари шу йўл орқали, яъни Ҳасан Чориевдан унга 1-2 хонали уй ундириб бериш орқали Матлубанинг оғзини ёпишмоқчи, муроса-ю мадорога келмоқчи, ишни ёпди-ёпди қилишмоқчи… Афтиидан шундай, – Шуҳрат Рустамов ана шундай тўхтамда.
Нима бўлган тақдирда ҳам, шаҳрисабзлик 71 ёшли Ҳасан Чориев томонидан 19 ёшли Матлуба Абдураимованинг “нормусига тегиш” “эпизоди” Қашқадарё вилоят прокуратурасининг уқувсиз, салоҳиятсиз “ижодкор” эканлигининг такрорий исботидир. Зеро бу каби чучмал сценарий воқеликлари асосида бирор кимнинг ишончига эришиш душвор. Шу нуқтаи назардан Қашқадарё вилоят прокуратураси эсини борида этагини йиққани маъқул эмасмикан?
Менимча шундай.
Токи Қашқадарё вилоят прокуратураси ўқувсиз ва саводсиз эканликларини ўз вақтида англаб етиб, ишни Ҳасан Чориев фойдасига ҳал қилмас экан, Каримовнинг зўравон бошқариувига қарши турган “Бирдамлик” Хақл Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси бўлганлиги сабабли ҳам шахсан Каримовнинг ўзлари ўч олиш, гаровга олиш мақсадида 71 ёшли қарйиб тенгдоши Ҳасан Чориевга қармоқ ташлаган бўлиши мумкин деган якуний тўхтамга келишдан бизни ҳеч ким ва ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди.
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист



