Ўзбекистонда ишчи ўринлари етишмовчилигини нафақага чиқадиган фуқаролар ҳисобига тўлдириш қайсидир “ақлли” мулозимнинг калласига келиб қолиб, дарҳол қонуншуносларни ишга солишди. Нафақага чиққан фуқаролар агар ишласа нафақасини ярмини олишини “яратишди”. Нафақа пули билан оила тебрата олмайдиган миллионлаб фуқаролар иложи йўқ, “ярмига” ҳам кўниб ишни тарк этишмади.
Аммо, яна қонунга ёпишишди. Энди, нафақада ишлайдиган фуқаро фақат иш берувчининг ихтиёри билан олиб қолиниши мумкин, аммо юқоридан оғзаки буйруқ келиб турса, иш берувчи бунга журьат қиладими, деган савол хеч кимни қизиқтирмади. Айрим иш берувчилар энди ўзига қарашли, унинг тегирмонига сув қуядиган ходимларни бошини силаб олиб қолди. Ўзҳаққини танийдиганларни шу баҳона ишдан четлатиш авж олди.
Айниқса, мактаб ўқитувчилари, тиббиёт ходимлари пенсия ёшига етдими, унинг қўлига ишдан бўшатилгани ҳақидаги буйруқни бериша бошлашди. Қанча нафақа олади, бу нафақа билан оиласини тебрата оладими, оилавий аҳволи қандай, деган фикр ҳеч кимнинг ҳаёлига келмайди. Ҳозирги кунда нафақалар ҳам ўртачаси 100 минг сўм бўлса, энг юқориси 500 минг сўмг аетиб борди. Лекин, 500 минг сўм нафақа олувчилар жуда кам.Шу тариқа билими бор, тажрибаси бор малакали ходимлар нафақахўр сифатида кўчага улоқтирилмоқда. Уларнинг тажрибаси, билими соҳанинг ривожи учун керак аслида, аммо, бундай “эсини” таниган ходимдан кўра беш-ўн сўм чўнтакка пул тиқиб ишга кирадиган саводсиз ходим ҳам яхшида ҳозирги раҳбарларга. Қуллуқ қилиб чизган чизиғидан чиқмайди, энг асосийси ўрнига кўз олайтирмайди. Чекка-чекка қишлоқларда пенсияга чиққан ўқитувчилар ёппасига ишдан бўшатилгач, кўплаб фан ўқитувчиларининг тақчиллиги сезила бошлади.
Давлат томонимдан тўланадаги ойлик маош шаҳардан ёки бошқа худуддан келиб мактабда ишлаши учун йўл ҳақи, тушлик бўлиб, қопламайди. Булар ҳам майли, кўпга келган тўйдир. Яна 3-4 йил ўтсин, олий маьлумотли ходим топилмай, малакали мутахассис керак бўлиб, қатор соҳалар таназзулга учрайди.
Аммо, нафақага чиқиш тўғрисидаги қонун ва қарорлар негадир давлатнинг тепасига чиқиб олган олтмишвой ва етмишвойларга умуман таьсир қилмайди. Биргина Марказий банк бошқарувчиси бўлиб ишловчи Муллажонов жаноблари салкам 22 йилдан буён шу постни тарк этмаганларига тан бериш керак. Улар 63 ёшни қоралаб, ундан ошиб ҳам ўтдилар. Бундай юқори лавозимни эгаллаган жаноблар узоқ даври-даврон суриб етти пуштига етадиган мол-давлат ортириб олганлар. Қолаверса, фарзандлари, невараларини ҳам ана шундай лавозимларга жойлаштириб улгурганлар. Демоқчимизки, оддий, камбағал, фақир яшовчи пенсионерлардан фарқли ўлароқ, рўзғор боқишга, фарзанд уйлашга қийналиб қолмайдилар. Улар каби нафақага чиққач, оиласини боқиш учун иш излаб Россия, Қозоғистонларга йўл олмайдилар. Аммо, ўрниларини бўшатмай, ўрниларига кадр топилмагандек ишлайдилар. Бир умр давлатнинг озгина моянасига кўниб, қўл учида яшаган тиббиёт ходимининг, ўқитувчининг, ишчининг ўрнига негадир кадр нақд турганига ҳайрон қоласан. Қонуннинг икки юзи борлиги шунақада асқотади, шекилли.
Насиба Мансур қизи
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаоли



