ЎЗБЕК БОЛАЛАРИНИНГ ТАҚДИРИГА БЕФАРҚ БЎЛМАГАНЛИКЛАРИ УЧУН АҚШ ДАВЛАТ ДЕПАРТАМЕНТИДАН МИННАДДОР БЎЛИШИМИЗ КЕРАК

freedom ChorievМаълумки, шу йилнинг 17 июнь куни Шаҳрисабздаги ўз уйидан алдов йўли билан олиб чиқиб кетилиб, “номусга тажоввуз қилиш” жинояти билан айбланаётган Ҳасан Чориевнинг ҳақ-ҳуқуқсиз Ўзбекисон ҳукумати хибсхонасида  қолаётганига мана, бугун роппа-роса бир ой бўлди.

Ҳамон тақдири номаълум қолаётган Ҳасан Чориевнинг ўз адвокати билан учрашишига айнан Қашқадарё вилоят прокуратураси ходимлари томонидан монеълик қилиниши,  рухсат этилмаётганлиги Ҳасан Чориев иши оддий жиноят иши эмас, балки сиёсий ИШ эканлигини далиламоқда.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Деклaрацияси талабларига, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конститутциясига, мавжуд қонунчилигига хилов равишда хибсда қолаётган Ҳасан Чориевнинг ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши – энди бу оддий ҳол эмас, балки мухолифат етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси эканлиги учун ҳам Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари томонидан Ҳасан Чориевнинг гаровга олинганлигининг исботидир.

Табиийки, 71 ёшли Ҳасан Чориевнинг ҳаётидан яқинлари, оила аъзолари, фарзандлари қаттиқ  ташвишда.

Оталари тақдирига бўлган  қайғуриш 28 июнь куни АҚШдан қўним топган 7 нафар ака-ука Чориевларни Вашингитонда жойлашган Ўзбекистон элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказишга ундаган эди.

Бироқ, таассуфки, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси расмийлари азалий одатларига кўра ўз фуқаролари тақдирига ҳар доимгидек ўта совуққонлик ва бефарқлик билан қарадилар.

Натижада норозилик кўлами кенгая борди: бунинг дебочаси ўлароқ бугун Чориевлар оиласининг адолат истаган 11 нафар фарзандлари  икки кундирки  пойтахти Вашингитондаги АҚШ  Давлат Департаменти биноси олдида саф тортиб турибдилар.

11 нафардан иборат норозилик намойиши иштирокчилари асосан болалардан ташкил топган. Улар ўз боболари Ҳасан Чориевга қўлланилаётган ҳақсизликларга барҳам берилишида АҚШ ҳукуматидан қуллов кутишмоқда.

“Ўзбек халқига озодлик!”, “Сиёсий маҳбусларга озодлик!”, “Бизнинг бобомиз Ҳасан Чориев –  диктатор Каримов қўлида гаровда!”, “Америка, Ўзбекистон аҳолисига кўмак бер!”, “ Йўқолсин Каримов!”, “Америка, биз сенга ишонамиз!” каби шиор ва талабу истаклар битилган плакатлар кўтариб турган болалар тақдири АҚШ Давлат Департаменти вакилларини бефарқ қолдирмади.

Намойишнинг иккинчи кунида Чориевлар сулоласининг кенжа вакиллари АҚШ Давлат Департаментининг Ўрта Осиё масалалари бўйича мутахасиси  Чарлз Селлз (Сharles Sellers) томонидан қарши олиниши эътиборга лойиқ.

Ёш намойиш иштирокчиларининг талаб ва истакларини эътибор билан тинглаган  Чарлз Селлз (Сharles Sellers)   Ҳасан Чориев ишига оид ҳолатни диққат билан кузатиб боришликни ва назоратга олишликни ваъда қилган.

 Айни вақтда  АҚШ Конгрессида ҳозир  бўлган  Бобур Чориев конгренссмен жаноб Миссури Анна  Уогнер (Anna  Wagner)га отаси Ҳасан Чориевга қўлланилаётган ҳақсизликлар ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Воқеликдан хулоса қилиш мумкинки, АҚШ ҳукумати провокация орқали ҳамон хибсда қолаётган ва  ҳуқуқлари паймол бўлаётган 71 ёшли Ҳасан Чориев тақдирига бефарқ эмас. Диктатор Каримовнинг ноинсоний бошқарувига қарши кураш бошлаган ёш мухолифатчи Баҳодир Чориевнинг гаровда қолаётган кекса отаси тақдирига қизиқиш билдирмоқда.

Чориевлар сулоласининг кенжа вакилларига Давлат Департаменти ва конгренссменлар томонидан берилган ваъдаларнинг натижаси ўлароқ  АҚШ ҳукумати  Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид  масалаларда,  куч ишлатар тизимлар томонидан тузоққа туширилган Ҳасан Чориев тақдири билан боғлиқ ҳолатларда  амалий кўмак қўлини чўзишига умид билдириб қоламиз.

Орзигул ХУДОЁРОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares