Куч ишлатар тизимлар орқали «Бирдамлик» Халқ Демократик Ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг отаси 71 ёшли Ҳасан Чориевга номусга тажаввуз қилиш жинояти тиркашларининг ўзи мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.
Назаримизда Ҳасан отанинг сиёсат қурбони эканлиги кун сайин равшан тортиб бормоқда.
Бунга ҳибсдаги Ҳ.Чориев олдига ўз адвокатининг қўйилмаётганлиги мисол эмасми?
Айни дамда отахонга нисбатан очилган “жиноят иш”и очиқ-ошкора бўҳтон ва туҳматдангина иборат эканлигини
оддий инсонлар, халқ вакиллари ҳам яхшигина англаб туришибди.
Мухолифат етакчисининг 71 ёшли отасига провокация уюштирган Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари бундай қабих ишлари ортидан нафақат
ўзларини шармсор қилдилар, балки тизимнинг ёвузлигини омма олдида такрор исботлаб, мамлакат обрўйига ҳам каттагина зиён етказдилар.Қарияга нисбатан номусга тажоввуз қилиш билан боғлиқ сохта жиноят иши очиш орқали Қашқадарёлик қонун поспонлари ўзларининг нақадар маънавий тубан, ҳуқуқий саводсиз,
жирканч иш услубига эга эканлигини ва адолатсиз иш услублари омонат ва мўрт эканлигини тўлиқ намоён этдилар.
Ҳасан Чориевга оид мақола ва хабарлар билан танишар эканмиз, инсон ҳуқуқларининг ҳаддан ортиқ топталиши билан боғлиқ аянчли ҳолатлар, куч ишлатар тизимларининг манфур турқи кўз ўнгимизда намоён бўлиб бораверади.
Зотан, қамаш, қийноққа солиш, калтаклаш, жисмоний ва руҳий босим ўтказиш Ўзбекистон ҳибсхоналарига хос ҳусусият. Бундан ажабланмаса ҳам бўлади.
Ўзбекистоннинг ёзилмаган қонунига мувофиқ, ҳур фикрли инсонни йўқ қилиш керак бўлса, бундай шахслар ҳамиша ғайриқонуний ва ноҳолол усуллар исканжасида жиноий жавобгарликка тортилади ва осонгина жиноятчига айлантирилади.
Бу борада маьнавий бузиқ, иймонсиз инсонлар куч ишлатар тизимларнинг қўлидаги қурлолга айланадилар ва улар ҳамиша беайб одамларга маломат ва туҳмат тошларини отишда орган ходимларига қўл келади. Илгаридан тайёрланган тузоқлари – махсус бузиқи аёллар қўлидан даъво аризалари олинади.
Орган ходимлари гуё ана шундай Худо урган нопок кимсаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган киши қиёфасига кириб, ҳур фикри, дунёқарашининг кенглиги билан ажралиб турадиган, тийран фикрли инсонларни айбсиз айбдорга, жиноятчига айлантирадилар.
Бу ҳолат бугунимизнинг оддий ҳақиқатига айланиб қолди.
Насиба МАЪМУР
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Фарғона вилоят бўлими фаоли



