ҚАРШИ ШАҲАР ПРОКУРОРИГА: ШИКОЯТ АРИЗА

Фуқаролар: Эшонқулова Малоҳат,

Урлаева Елена Михайловна ва Шаҳрисабзда яшовчи

Чориева Зулфия, Чориева Зулайҳо,Чориев Бекзод,

Расулова Пари ва Маллаева Шоҳисталар томонидан

Телефонлар: +99893 506 0531;  +99891 210 06 54

 

Ш И  К   О   Я  Т       А   Р   И   З   А

(жиноят иши қўзғатиш ҳақида)

Мен, Эшонқулова Малоҳат Худжамовна журналист сифатида, фуқаро Урлаева Елена Михайловна ва Шаҳрисабздаги Чориевлар оиласи вакиллари Зулайҳо, Зулфия,  Бекзод, келинлари Маллаева Шоҳиста, хонадон қарамоғида бўлган ёлғиз она Расулова Парилар жами ўндан ортиқ Чориевлар оиласи вакиллари  шу йилнинг 3 июль кунида маҳаллий вақт билан соат 10.00 ларда вилоят прокуратураси олдида норозилик намойиши ўтказишга келганимизда, бизни аввалдан маълум мақсадда кутиб турган, биз ўтказмоқчи бўлган норозилик намойишимизни бостириш мақсадида вилоят прокуратураси томонидан ёлланган жангари аёллар қуршовида қолдик.Аввалига 7-8 нафар фуқаро кийимидаги эркак кишилар бизнинг барча нарсаларимизни, шахсан Эшонқлованинг фотовидео оппаратини, аёллар сўмкачасини (ичидаги бор бисоти билан), мобил телефонини, ноутбугини, оқ фианит кўзли бир жуфт тилло зирагини куч ишлатиш йўли билан тортиб олишди. Е. Урлаева ҳам бор будидан айрилди. Кейин 20 нафарга яқин махсус жанг санъатидан сабоқ олган аёллар кутилмаганда бизга ташланиб, шундоққина вилоят прокуратурасининг “прёмний”сининг биқинида бизни  беаёв калтаклашди, тепишди, хуморларидан чиққунларича дўппослашди.

Натижада, биз, айниқса, Малоҳат Эшонқулова, фуқаро Елена Урлаева ва Зулфия ва Зулайҳо Чориевалар 20 нафрага яқин ёлланган аёлларнинг зарбали дўппослашлари, тепкилашлари натижасида оғир тан жароҳати олдик ва ўша дақиқанинг ўзидаёқ ИИБ ходимлари оғир тан жароҳати олган М. Эшонқулова ва хушсиз ётган Елена Урлаевани, шунингдек, барча Чориевлар оиласи вакилларини “Тез ёрдам”га – шифохонага олиб борамиз деган алдов билан дамас русмли машинага ўтқазиб, тўппа-тўғри С. Турдиев раҳбарлик қилаётган Қарши шаҳар Ички ишлар  бўлими биносига келтиришди.

Ўша кунги қайта-қайта қилган талабларимиздан кейин ИИБ биносига “Тез ёрдам” машинаси чақиртирилди ва шифокорлар ИИБ биносининг ўзида биз жабрдийдаларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишди.

Биз, юқорида номлари тилга олинган жабирдийда фуқаролар ИИБга келтирилишимиз биланоқ   бизни зудлик билан суд  тиббиёт экспертизасидан ўтказишларини талаб қилдик.

Қистовларимиз натижасида тушликдан кейин соат 15.00 лардан ўтганди, адашмасак, бизга суд тиббиёт экспертизаси тайинланди. Яъни суд тиббиёт экспертизаси ходимлари ҳам ИИБ биносига чақиртирилди ва биз Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимининг ўзида тиббий кўрикдан ўтказилдик.

Шахсан М. Эшонқулова, Е. Урлаева, З. Чориеваларни  суд тиббиёт экспертизасидан ўтказган шифокорлар (улар икки нафар эди) жабрланувчилардаги зарблар ўрнини сантметрлаб ўлчаркан “Энига 3 сантметр, бўйига 4 – 4,5 сантметр” деб ўлчаб, қоғоз қоралашганди. Биз  суд тиббиёт  экспертиза хулосасини имзо чекаётганимизда диққат билан ўқигандик, ўшанда суд тиббиёт экспертлари Эшонқуловани, Урлаева ва Зулфия Чориеваларнинг олган барча жароҳатарини аниқ-тиниқ кўрсатишиб, хулоса беришганди ва ўзимизга ҳам имзо чектириб олишганди.

Ва ўша куннинг ўзидаёқ Қарши шаҳар Ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси ходими  А. Ешимов билан бўлган сўроқ-саволдан кейин бизнинг ишимиз тергов бўлинмаси бошлиғи У. Умировга ўтказилди.  Умиров  бизни тергов қилар экан, суд тиббиёт экспертизаси кўригидан кейин, кечки соат 18.00 ларга яқин бизни  жабрланувчи сифатида тан олиш ҳақида қарор чиқариб, бизга имзолатиб, дастлабки сўроқ—саволларни амалга оширганди. Биз жабрланувчи тариқасида сўроқ бергандик.

Ва ўша куни тунги соат 21.30 ларда барчамизга уй-уйимизга жавоб беришганди.

Эртасига, 4 июль куни тергов бўлимининг терговчиси Умиров бизга милиция ходимлари орқали чақирув қоғози юбориб, соат 16.00 га яна Қарши шаҳар ИИБ нинг тергов бўлинмасига чақиртирди.

Биз, Малоҳат Эшонқулова, Елена Урлаева, Чориева Зулфиялар 4 июль куни тонгда чақиртирилган “Тез ёрдам” машинасида калтаклар зарбидан саломталиклари ёмонлашганлиги сабабли   Шаҳрисабз шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонсида саломатликларини  таклаш мақсадида даволанаётган, муолажалар олаётганди.

Бироқ, Шаҳрисабз шаҳридаги Носир Бердиев маҳалласи участка нозири “Бормасанглар, мажбурий тарзда олиб бориласиз” деган иддаолар билан жабирдийда беморларни  зўрлик билан шифохонадан олиб чиқиб, шу куни – 4 июль соат 16.00 ларга Қарши шаҳар ИИБ тергов бўлими терговчиси  Умировнинг қабулига келтиришди.

Биз, барча норозилик иштирокчилари ва мустақил журналист Малоҳат Эшонқуловалар 4 июль куни тунги соат 21 га қадар шаҳар ИИБсининг тергов бўлимида ушлаб турилдик ва соат 21.00 да Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биносига келтирилдик.

Ўшандагина, биз суд биносига жабрланувчи сифатида эмас, маъмурий ҳуқуқбузар сифатида келганлигимиз ҳақида судда раислик этувчи судья Фарҳод Мустафоевдан эшитиб ҳангу манг бўлиб қолдик.

Кейин билсак, бизни ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси, 1-қисми билан  судлашаётган экан.

Адвокат олиш талабномаси билан чиққанлигимиз сабабли судья то 6 июль куни соат 10.00 га қадар танаффус эълон қилди.

Ниҳоят 6 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судьяси Фарҳод Мустафоев  бизни  ЎзРесМЖтК нинг 201- моддаси, 1- қисми билан айбдор деб топди ва  суд биз – 7 нафар намойиш ўтказиш истагидаги фуқароларнинг ҳар биримизга  энг кам иш ҳақининг 75 баробарида жарима жазоси белгилаш  тўғрисида қарор қабул қилди.

Суд мажлисидан кейингина биз ўз “Маъмурий иш”имизга оид “дело”ни ўқиб, Қарши шаҳар ИИБ ТБ бўлинма бошлиғи, Ў. П. Умиров томонидан  2013 йилнинг 4 июль куни имзоланган “Жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва маъмурий чора кўриш учун юбориш ҳақида”ги қаро мазмуни билан танишиб кўриб,  карахт бўлиб қолдик. Чунки у ердаги терговчи хулосалари сохталаштириб, уйдирмалар асосида битилганди. 3 июль куни жабрланувчи сифатида тан олиниб сўроқ саволга тортилган биз жабрланувчилар бир кечада суъний равишда сохта ҳқуқбузарларга айлантирилган эдик.

Шу билан бирга, энг дахшатлиси,  мазкур маъмурий иш матреалларига М. Эшонқулованинг, Е. Урлаеванинг, Зулфия Чориевалар ўша куни 20 га яқин махсус ёлланган жангари аёллар томонидан ўласи қилиб калтакланиб, тепкиланиш натижасида мисли кўрилмаган даражада тан жароҳати олган бўлишларига қарамасдан,  суд тиббиёт экспертиза хулосалари бутунлай сохталаштирилиб, “ҳеч қандай тан жароҳати аломатлари йўқ” қабилида қалбакилаштириб  тергов матреалларига тиркаб қўйилган. Биз мана шу каби қонунбузарликларга, сохтакорликларга гувоҳ бўлдик.

Шунингдек, биз, намойишга чиққан фуқароларнинг барчамизни вилоят прокуратураси биноси олдида 7-8 нафар фуқаро кийимидаги орган ходимлари зўравонлик йўли билан тунаб кетишди.

Биздан куч билан тортиб олинган нарсалар эса қисман қайтарилди, бироқ икки намойиш иштирокчисига тегишли икки жуфт тилло зирак, аёллар сумкасасидаги пуллар, Урлаевага тегишли 300 АҚШ доллири, Зулайҳо Чориеванинг 38 000 сўм солинган сумкаси қайтарилмади. Урлаеванинг фотовидеоаппаратини синдириб қайтаришди.

Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда ўз мансаб ваколатини суъистеъмол қилган масъул мансабдорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-, 206-, 207-, 209-, 229- моддаларига асосан жиноят иши қўзғатишингизни талаб қиламиз:

1) Ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб бизнинг ЎзРес Конститутцияси  ва қонунларимиз билан қўриқланадиган манфаатларимизга дахл қилганлиги ва ҳуқуқларимизни оёқости қилиб, тергов ҳужжатларини сохталаштирганликлари, бизга нисбатан содир бўлган босқинчилик, талончилик жиноятини ўз иссиқ изида очишга уриниш ўрнига, атай пайсалга солиб, алал оқибат бизнинг ўзимизни жабрдийдан сохта ҳужжатлар оқибатида маъмурий ҳуқуқбузарга айлантиришга муваффақ бўлган Қарши шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи С. Турдиевга, Қарши шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи Ешиомвга, терговчи Умировга, 3- Микрарайон участка инспекторига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-, 206-, 207-, 209-, 229- моддаларига асосан жиноят иши қўзғатишингизни талаб қиламиз:

 

2) Малоҳат Эшонқулова, Елена Урлаева, Зулфия Чориеваларга оид суд тиббиёт экспертиза хулосаларини сохталаштириб терговга тақдим этишга журъат этган, Гиппрократ қасамига хиёнат қилган икки нафар суд тиббиёт экспертизаси шифокорлари (ўзларини таништирмаган)га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатишингизни ва улар томонидан берилган суд тиббиёт экспертиза хулосаларини ноқонуний деб топишингизни талаб қиламиз.

 

3) Шу йилнинг 3 – июль куни соат 10.00 ларда вилоят прокуратураси биноси  олдида М. Эшонқулова, Е. Урлаева ва биз – Шаҳрисабзлик Чориевлар оиласининг норозилик намойишини тўхтатиш мақсадида уларни урган, тепкилаган, куйлакларини йиртиб, яримялонғоч ҳолаттга солган, куч ишлатган, беаёв калтаклаб тан жароҳати етказган ва куппа-кундузи уларни тунаб кетган 6-7 нафар фуқаро кийимидаги орган ходамларини ва махсус мақсадли ёлланган 20 га яқин жангари аёлларни топиб, шахсини аниқлаб, уларни жиноий жавобгарликка тортишингизни сўраймиз.

 

4) Биз – Е. Урлаева, М. Эшонқулова ва Чориевлар хонадонининг барча аъзоларини қайта суд тиббиёт экспертизасидан ўтказишингизни сўраймиз.

 

Бахтимизга, қўлимизда 3 июль куни соат тахминан 10. 00 ларда  вилоят прокуратураси олдида бизга ҳужум уюштириб, калтаклаган, тунаб кетган босқинчи эркак ва аёлларнинг расмлари бор. Жиноятчиларни аниқлаш масаласида керак бўишини назарда тутиб, мазкур босқинчи ва талончилар суратини ҳам эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Илова:

1)    Босқинчи ва талончи эркак ва аёллар сурати. 3 дона.

2)    Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Мустафоев томонидан чиқарилган суд қарори нусхаси.

3)    Қарши шаҳар ИИБ ТБ бўлинма бошлиғи, Ў. П. Умиров томонидан  2013 йилнинг 4 июль куни имзоланган “Жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва маъмурий чора кўриш учун юбориш ҳақида”ги қарор нусхаси.

 

Деб,  шикоят ариза ёзувчилар:                  Эшонқулова Малоҳат.

Урлаева Елена

Зулайҳо Чориева

Зулфия Чориева,

Бекзод Чориев

Шоҳиста Маллаева

Пари Расулова

2013 йил, 8 июль.

 

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares