МЕН ҚАШҚАДАРЁДА ҲУҚУҚ-ТАРТИБОТ ИДОРАЛАРИ ТОМОНИДАН ИНСОННИ ҚОНУН НИҚОБИ ОСТИДА ҚАЙ ТАҚЛИД ЖУВОНМАРГ ҚИЛИШЛАРИНИНГ ГУВОҲИ БЎЛДИМ
Шу даврга қадар катта-кичик адолатсизликларни озми-кўпми кўрганим, ҳақсизликлардан чексиз ҳайратга тушганим бор гап.
Аммо, адолатсизлик олови мени бугунги кундагидек шок ҳолатига солган эмасди.
Оталари Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун куни кеча, 3 июль куни норозилик намойишига отланган Чориевлар ва уларга ҳамроҳлик қилган таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг бошдан кечирганлари, уларга нисбатан шафқатсизларча уюштирилган ҳуружлардан хулоса қилиб айтишим мумкинки, жиноятчидан жабрдийда ясаш, жабрдийдани жиноятчига айлантириш Қашқадарё қонун идоралари ходимлари учун чўт эмас экан.
Улар бу каби “юмуш”нинг анчадан буён хў-ўўўп ҳаддиларини олишган экан-да!
Қашқадарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бошимизга солинган кўз кўриб-қулоқ эшитмаган савдоларни шунчаки адолатсизлик десак, адашган бўламиз.
Қашқадарёдаги қонун идораларининг ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиган қилғиликлари энди бу шунчаки ҳақсизлик эмас, балки бориб турган ёвузликдир.
Шу қисқа муддат ичида Қашқадарёда кўрган-кечирганларимнинг хулосаси сифатида шунга амин бўлдимки, 71 ёшли Ҳасан Чориев шаксиз ҳуқуқ идораларининг ҳақсизлиги қурбони бўлган.
Зотан, қабихлик бобида шайтонга ҳам дарс берадиган қонун идоралари ходимлари учун содда, бир қоп ёнғоқ феълли бобони ҳақсизлик тўрига тушириш мутлақо мушкул бўлмаган. Бунга ишончим комил.
Мен бу гапларни шу бугун, 6 июль куни ноҳақ маҳкамага тортилиш оқибатида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги қонуннинг 201-моддаси, 1- қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор, деб топилиб, суд қарорига кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баробарида жарима билан “сийланганлигим” сабабли айтаётганим йўқ.
Мен кўрган ҳақсизликлар олдида ноқонуний равишда ҳуқуқбузар, деб эътироф этилишу, жаримага тортилиш ҳеч гап эмас. Суд томонидан жарима “солиғи”нинг солиниши бу – адолатсизликнинг энг оддий ва энг арзимас бир формаси, майдагина бир кўриниши экан, холос.
Қашқадарёлик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан мисли кўрилмаган даражада катта ва қалтис “ўйинлар” уюштирилмоқда-ки, бунингдек, ноинсоний ҳолатларга гувоҳ бўла туриб лом-мим демаслик, гапирмаслик увол.
Мен қонун идораларининг бунингдек ифлос ўйинлари ҳақида батафсил тўхталиш истагидаман.
Бироқ, биласиз, 3 июль кунги айнан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ёлланган, махсус жанговор тайёргарликдан ўтган жангари аёлларнинг калтаклари зарби оқибатида танам жабр чеккан бўлса, фуқаро кийимидаги куч ишлатар тизимлари ходимларининг талончилиги туфайли руҳиятим зада бўлган.
Шу боис, ҳозир ҳақсизликлар ҳақида батафсил ҳикоя қилишни соғлиғим кўтара олмайди.
Негаки, кўрган-кечирган ғайриқонуний, ноинсоний воқеаларни хотирламоқ – машъум воқеаларни яна бир бор руҳиятдан ўтказмоқ, танда ҳис қилмоқ демакдир.
Айни дамда зирқираб турган бошим, нотинч ураётган кўксим бунингдек оғриқли азобларни қайта ортмоқлашга дош беришига кўзим етмайди.
Вазият тақозоси билан Қашқадарёлик қонунчиларнинг қабих қилиқлари ҳақидаги
ҳикоямни кейинроққа қолдиришга мажбурман.
Бугун эса, сизга етказмоқчи бўлган энг асосий ва ўта муҳим омонатим шу:
Ҳа, мен Қашқадарё вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг инсонларни қонун ниқоби остида қон қақшатишларининг, бадном қилишларининг, қабих қилғиликларининг тирик гувоҳиман.
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими етакчиси
6 июль, 2013 й.
Қашқадарё вилояти



