НАМОЙИШГА ЧИҚҚАН ЧОРИЕВЛАР ЖАРИМА БИЛАН ЖАЗОЛАНДИ

ҚАШҚАДАРЁЛИК ҚОНУН ИДОРАЛАРИНИНГ ҚОНУНБУЗАРЛИКЛАРИГА ҚАРШИ НОРОЗИЛИК НАМОЙИШИГА ЧИҚҚАН ЧОРИЕВЛАР ЖАРИМА БИЛАН ЖАЗОЛАНДИ

Шу йилнинг 3 июль куни 71 ёшли оталари Ҳасан Чориевга нисбатан бўлаётган адолатсизликларга барҳам бериш истагида Қашқадарё вилоят прокуратураси биноси қаршисида норозилик намойиши ўтказишга келиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан махсус ёлланган, жаговорлик санъатидан сабоқ олган аёллар томонидан беаёв калтакланган ва фуқаро кийимидаги орган ходимларини “ҳиммати” туфайли тунаб кетилган Шаҳрисабзлик Чориевлар оиласи вакиллари ва таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева,  шунингдек, мустақил журналист тариқасида намойиш жараёнларини ОАВларда ёритиш мақсадида намойишчиларга ҳамроҳлик қилган Малоҳат Эшонқуловалар устидан бошланган маҳкама бугун, 6 июль, шанба куни ўз ишига якун ясади.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг судьяси Мустафоев томонидан чиқарилган суд  қарорга кўра  норозилик намойишига чиққан фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 201-моддаси, 1- қисми билан айбдор, деб топилди.

Малоҳат Эшонқулова, Елена Урлаева ва Зулайҳо Чориевалар энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баробари миқдорида жаримага тортилди.

Норозилик намойишининг қолган иштирокчиларидан тўрт нафари: Бекзод Чориев, Зулфия Чориева, Шоҳиста Маллаева ва Пари Расуловаларга  эса, энг кам ойлик иш ҳаққининг 60 баробари миқдорида жарима солинди.

– Мен суднинг ушбу қарори мутлақо асоссиз ва ноқонуний деб ҳисоблайман. Масалан, мен намойиш жойида норозилик намойиши иштирокчиси сифатида эмас, норозилик намойиши тадбирларини, воқеа жараёнларини ОАВларда ёритиш мақсадида ҳозир бўлганман. Ва ўз хизмат фаолиятим давомида, яъни намойиш иштирокчиларини видео ва фото тасвирга олаётган чоғимда фуқаро кийимидаги қонун идораси вакили томонидан фото-видео аппаратим куч ишлатиш йўли билан тортиб олинганди. Шундай экан, одил суд қандай қилиб  мени ЎзМЖт Кодексининг 201-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиши, аниқроғи, айнан нимага асосан мени  “Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганликда”, айблашлари мумкин?

Энг асосийси, аслида, мазкур норозилик намойишининг ҳеч бир аъзоси  ЎРМЖтК Кодекснинг 201-моддаси, 1- қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган эмас.

Чориевлар оиласи вакиллари бор йўғи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33- модасида кўрсатилган ҳуқуқларидан фойдаланишни истагандилар, холос.

Ва маҳаллий ҳокимият идораларига ўтказилажак норозилик намойиши хусусида белгиланган тартибда, ўз вақтида хабар бериб, фуқаролик бурчларини ҳам аъло даражада уддалаб қўйганлар.

“Сув келтирган хору, кўза синдирган азиз”, бўладиган жамият бўлдида бу мамлакат. Акс ҳолда кечагина Қарши шаҳар Ички ишлар Бошқармасининг  тергов бўлимида жабрланувчи тариқасида сўроқ берган намойиш иштирокчилари бугун ҳуқуқбузарга айланган бўлишармиди?

Норозилик намойиши иштирокчиларини калтаклаган ёлланма аёллар сувдан қуруқ чиқиб қолишармиди?

Қонун идораларидаги ноқонуний ишларни кўравериб, асаблари қақшаб кетади кишининг, – дейди “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова.

Жаримага тортилган норозилик намойиши иштирокчилари Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Мустафоев томонидан чиқарилган суд қарори устидан Қашқадарё вилоят судига аппеляция тартибида шикоят қилиш истагида.

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Ўзбекитсон бўлими Матбуот Хизмати

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares