71 ёшли оталари Ҳасан Чориевнинг ҳимоясига отланган, адолатни оёққа қўйишга орзуманд бўлган ва орган ходимларининг ҳақсизлиги дастидан “дод” демоқлик учун не-не умидларда вилоят прокуратураси биноси олдида норозилик намойиши ўтказишга бел боғлаган Шаҳрисабзлик Чориевлар оиласи вакиллари ва уларга ҳамроҳлик қилган ҳуқуқбон Елена Урлаева, журналист Малоҳат Эшонқуловалар 3 июль куни Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан ёлланган, махсус жанговор тайёргарликдан ўтган 20 нафар жангари аёллар томонидан қаттиқ калтакланганликларидан воқифсиз. Шунингдек, намойиш иштирокчилари фуқаро кийимидаги 7-8 нафар орган ходимлари томонидан “тунаб” кетилганлигидан ҳам хабарингиз бор.
Норозилик намойиши иштирокчиларига бор-будидан айрилиш, калтакланиш каби кўргуликлар ҳам кам экан чоғи, адолатсиз қонун органлари уларга янада озор бериш истагида.
“Бебош”ларнинг жиловини тортиб туриш, попугини пасайтириб қўйиш мақсадида 6 июль куни соат 10.00 да Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди биносида норозилик намойиши иштирокчилари устидан маҳкама иш бошлади.
Афтидан, амалдаги ҳукумат “Ўйнашмагин арбоб билан – арбоб урар минг боп билан” деган иборанинг “қудрати”ни Чориевлар сулоласи вакилларининг “кўзларига кўрсатиб қўядиган” кўринади.
Бир ўқ билан икки қуённи мўлжалга олган Каримов ҳукумати ҳам Чориевларнинг “эсини киритиб қўймоқчи”, ҳам “Чориев каби ўйлайдиган, сўйлайдиганларнинг ҳолига маймунлар йиғлашини Ўзбекистон аҳолисига исбот қилиб, аҳолининг кўзини қўрқитиб қўймоқчи.
Муддао: токи ноинсоний режимга қарши бирор бир банда бош кўтаришга журъат этмасин. Акс ҳолда “чиранганларнинг чапча қовундек калласи кетади!”.
Маҳкама жараёнларини кузатамиз.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот хизмати



