ЎИҲЖНИНГ ҚАРШИ ШАҲАР БЎЛИМИ РАИСИ НОДИР АХАТОВНИ ҚИЙНОҚҚА СОЛГАН КУЧ ИШЛАТАР ТИЗИМЛАРИ ҚОНУН ОЛДИДА ЖАВОБ БЕРИШЛАРИ КЕРАК!

 

 

Қарши шаҳар, Пахтазор митта тумани, 26-уй, 3- хонадон. - Матлуба мутлақо ижарада турмаган уй

Ҳозиргина Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг етакчи фаолларидан бири Гулшан Қораеванинг “Ҳуқуқбонлар моғорлаб кетаётган жамиятнинг туйнукларидир” деган маъқоласи билан танишиб чиқдим.

 

 

Барча қатори унда баён қилинган воқеалар, теши тегмаган фикрлар мени ҳам бефарқ қолдирган эмас.

 

Айниқса, Қашқадарёлик жонкуяр ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов ҳуқуқларининг айнан қоун идоралари томонидан топталиши ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай  киши учун таҳқирли ҳолатдир.

 

Савол туғилади: Хўш, нега шундай бўлди?

 

Негаки, Нодир Аҳатов чор-атрофида рўй бераётган воқеа ҳодисаларга лоқайд қараб турадиган, бефарқ кузатиш билангина чекланиб қоладиган шахс эмас.

 

У барча Ўзбекистон фуқароларинниг тақдири хусусида қайғуради, ғам чекади. Ўзбекнинг эртаси деб ёлиб-югуради.

 

Шунингдек, Нодир Ахатовни “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоси, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаоли, айбсиз айбдорлик тўрига тушиб қолган 71 ёшли содда отахон Ҳасан Чориевнинг тақдири ҳам бефарқ қолдирган эмас.

 

Нодир ака Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг жонкуяр вакили сифатида биринчилардан бўлиб Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун отланган фидоийлардан бири.

 

Тақдири ҳамон номаълум қолаётган Ҳасан Чориевни вилоят шифохоналаридан қидириш ва “морг” –ўликхонани кўздан кечириш жараёнларида айнан Нодир Ахатов билан Гулшан Қораевлар Чориевлар оиласи вакилларига ҳамроҳлик қилдилар.

 

Нафақат ҳамроҳлик қилдилар, балки уларга ҳуқуқий маслаҳат кўрсатдилар, қайғуларига шерик бўлдилар, руҳий далда бердилар.

 

Қашқадарё вилоят ҳуқуқ тартибод идоралари ходимларининг ғазабини қайнатган яна бир нарса шундаки, Нодир Ахатов ва Гулшан Қораеваларнинг жонбозлиги туфайли “жабирдийда” Матлуба отлиғ қизалоқнинг номуси топталганлиги иддао қилинаётган хонадонда нафақат “шаъни топталган қиз”, балки  ҳеч қандай шахс йиллар оша ижарада турмаганлиги, ва умуман ушбу хонадонда номусга тажоввуз қилиш жинояти содир бўлмаганлиги ўз исботини топди. Буларнинг бари Қашқадарё вилоят қонун идоралари томонидан саҳналаштирилган театр томошаси эканлиги оммага ошкор этилди.

 

Мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаолларининг уринишларига қарамасдан, улар айтаётган ҳақиқий ҳолатга Ўзбекитсон Ҳукуматининг бирор бир арбоби қулоқ осай, ҳуқуқлари оёқ ости қилинган фуқаро манфаатларини ҳимоя қилай   демади: Ҳукумат расмийлари қулоқларини кар, кўзларини кўр қилишдан нарига ўтмадилар.

 

Хўш, Ўзбекистон расмийлари мамлакатда рўй бераётган адолатсизликларга қарши лом-мим демасдан, мум тишлаб туришган айни бир дамда нима қилмоқ керак?  Кимдан кўмак кутиш мумкин?

 

Ноумид шайтон ахир!

 

Адолатсизликлар ин қурган мамлакат ҳуқуқбонлари, айниқса, Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоллари ноҳақликларга жим қараб турадиган кимсалар эмас. Улар қонида қашқадарёликларга хос мардлик, жумрадлик, дангаллик жуш уриб, ростгўйлик руҳи уфириб туради.

 

Шундай ҳам бўлди.

 

Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоллари ўз позицияларини мардоновор ҳимоя қилдилар.

 

1 июль куни Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасида окиан орти мамлакат мустақиллигининг тантанасига бағишланган катта тадбирда Нодир Ахатов бошлиқ бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари провокация орқали ҳамон хибсда қолаётган 71 ёшли отахон Ҳасан Чориевнинг озод этилишида амалий ёрдам қўлини чўзишларини сўраб элчи жаноблари Жорж Крол ва у орқали АҚШ президентига ёзма равишда   мурожаат қилишга аҳд қилдилар.

 

Табиийки, Ўзбекистон расмийлари ва ғайриқонуний ҳаракатлардан ўзларини тия олмаётган Қашқадарё вилоят қонун идоралари ходимлари Нодир Ахатовдан бунингдек жасоратни кутмаган эди.

 

Айниқса, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти жонкуярлари билан “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзолари ва “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаолларининг бир мақсад – ҳуқуқлари топталаётган кекса отахон Ҳасан Чориев ҳимояси йўлида бирлашиши шубҳасиз Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимларини саросимига солиб қўганди.

 

Эрксевар ва элсевар турли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва мухолифат одамлари орасига тинимсиз қутқу солиш орқали улар ўртасида мунтазам низо келтириб чиқаришга муваффақ бўлиб келаётган куч ишлатар тизимлари турли ташкилотларнинг ўзоро ҳамжиҳат бўлиб, бир ёқадан бош чиқаришларини умуман кутмаганди. Бу ҳолат уларни етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

 

Шуни баралла айтишим мумкинки, айни дамда Ўзбекистон расмийларини бир нарса: Ўзбекитсон ичкарисидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи турли ташкилотларнинг, шунингдек,  мухолиф ҳаракатларнинг ўзоро ҳамкорлиги, ҳамжиҳатлиги қўрқувга солади. Айтиш мумкин бўлса, оромини бузади.

 

Худди ана шундай хатардан ҳадиксариган ва дахшатга тушган Қашқадарёлик куч ишлатар тизимлари ходимлари кўп кечиктирмасдан, 2 июль куниёқ Тошкент сафаридан қайтаётган ҳуқуқ фаоли Нодир Ахатовга таҳдид ўтказишни бошлаб юборганликларига шубҳа йўқ.

 

Ягона мақсад: Қаршилик ҳуқуқ фаолининг кўзини қўрқитиб қўйиш, овозини ўчириш ва жим юришга мажбур қилиш бўлган.

 

Мен дунё ҳамжамиятини, Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларини, Ўзбекистон ичкарисида ва ташқарисида ўзбекнинг эртанги озод ва обод куни учун ҳаётларини хатарга қўяётган барча инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоларини, жамики мухолифат фаолларини  Қашқадарёлик фидоий ҳуқуқ фаоли Нодир Ахатовнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақираман.

 

Барчамиз бир тану бир жон бўлиб Нодир Ахатов хаётининг хавфсизлиги учун, ҳуқуқлари топталмаслиги учун курашга отланишимиз, сергак ва шай турмоғимиз шарт.

 

Акс ҳолда Ўзбекитсоннинг адолатсиз куч ишлатар тизимлари “Айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри” ер деганларидек, ҳур фикрли инсонлар руҳини  битта-битта осонгина синдиришга муваффақ бўлишлари, ва ҳатто жисмонан йўқ қилиш имкониятини қўлга киритшлари аниқ.

 

Шу маънода биз, ўзини ўзбекнинг эртаси учун масъул деб биувчи ҳар бир шахс, ҳар қандай ташкилот “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган халқимизнинг доно ўгитига итоат этишга, ҳамжиҳат ҳаракат қилишга мажбурмиз. Зеро Ўзбекистондаги қалтис вазият шуни тақозо этади.

 

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

 

Бирдамлик” Халқ демократик Ҳаракати Ўзбекитсон бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares