Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри, Носир Бердиев кўчаси, 10-уйда истиқомат қилувчи Чориевлар оиласи вакиллари айбсиз айбдор бўлган деб ҳисобланаётган ва ҳозирга қадар хибсда қолаётган 71 ёшли оталари Ҳасан Чориевнинг паймол бўлаётган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида вилоят прокуратураси биноси олдида норозилик пикети ўтказишга аҳд қилганликларидан хабарингиз бор.
Бугун, 3 июл куни эрталаб маҳаллий вақт билан соат 8.00 да ҳақиқатни тиклаш йўлидаги ҳаракатларини амалга ошириш истагидаги 15 нафар Чориевлар оиласи вакиллари йўловчи РАФга ўттириб Қарши томон йўлга чиқиш баробарида Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева Малоҳат Эшонқулованинг мобил телефонига қўнғироқ қилиб, жумладан шундай деди:
“Кеча маслакдошимиз Нодир Ахатов бекорга маълум вақт бедарак кетмаган эканлар. Афтидан маҳаллий ҳуқуқ идоралари ходимлари уни хўўўп ўртага олишган кўринади.
Ва мен сизга Нодир Ахатовнинг омонат гапларини айтиб қўйишим шарт деб ҳисоблайман.
Нодир аканинг кеча Ҳуқуқ идораларидан бирида сизларга, бизларга нисбатан жиноят иши очилганлиги ҳақидаги “дело”га кўзлари тушибди.
Жиноят ишининг моҳтияти шундан иборат экаканки, эсингизда бор, 27 июнь куни мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари сиз, мен, Нодир ака, Шуҳрат Рустамовлар билан Матлуба ижарада турди деб гумон қилинаётган уйнинг ҳақиқий эгасини топиб, у билан суҳбатлашганлигимиз учун Ҳуқуқ идоралари ходимлари ўша эр-хотин уй эгалари Наргиза ва Фарҳодга бизнинг устимиздан шикоят ариза ёздириб олишган экан.
Улар ўз шикоятларини “Бизнинг уйга бир гуруҳ босқинчилар бостириб киришиб, бизни ҳақоратлаб, пўписа қилиб, бизни қўрқитишди, таҳдид қилишди” деган мазмунда ёзишган экан.
Ўша ариза асосида сизнинг устингиздан ҳам жиноят иши қўзғатишганмиш ва сизларнинг вилоят прокуратураси олдига пикет ўтказиш мақсадида келишларингизни орган ходимлари кутиб туришганмиш. Келишларингиз биланоқ, сизларни ўша уй эгаларининг шикоят аризаси асаосида очишган жиноят иши баҳонасида хибсга олишармиш” дея хабар берди пикет иштирокчиларининг ҳаётидан хавотирга тушаётган Гулшан Қораева “Малоҳат опа, эҳтимол вақт борида тўхтатарсизлар? Масала газак олиб кетмасдан туриб” дея таклиф киритди у.
– Мен Гулшаннинг маслаҳатига қулоқ солмадим, негаки, ноқонуний қадам қўйган, ҳуқуқ идоралари ходимларидан қўрқадиган жойим йўқ. Агар улар чини билан исташса, пикет жараёнини ёритишим давомида эмас, уйимдан, ётган жойимдан ҳам қай бир жиноятни содир этганликда айблаб олиб кетиб, “жойимни солишаверади”. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди” дейишади халқимиз. – дейди телефон орқали суҳбатда Малоҳат Эшонқуловаа.
Шундан сўнг бизнинг ва Чориевларнинг тақдиридан ташвишга тушган Гулшан пикетга чиқиш фикридан қайтариш таклифи билан телефон орқали таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаевага боғланди.
Афсуски, Урлаевани ҳам фикридан қайтаришнинг имкони бўлмади.
Мана, ҳозир 2013 йил, 3 июл куни соат 8.40.
Чориевлар оиласи вакиллари Шаҳрисабздан Қарши томон йўл олишган.
Улар ўтирган РАФнинг ортидан ҳар доимгидек давлат рақамисиз қандайдир сирли некция изма-из кузатиб бормоқда.
Бироқ,Чориевлар оиласи ҳозирча ҳадик нима – билишаётганлари йўқ. Аҳдларидан қайтишмоқчи эмас.
Чориевлар оиласига “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова ва етук ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева ҳамроҳлик қилишмоқда.
– Мен бугун ўз касбий маҳоратимни ишга соламан, яъни мустақиил журналист сифатида Чориевлар оила вакиллариннинг норозилик намойиши тафсилотларини ёритиб бориш истагидаман. Худди ана шу мақсадда Чориевларга ҳамроҳлик қилмоқдаман, – дейди биз билан суҳбатда Малоҳат Эшонқулова.
– Менинг мақсадим эса пикет давомида Чориевлар қаторида туриш орқали уларга далда бериш, ёлғиз эмасликларини ёдларига солиб туриш. Зеро, Ҳасан Чориев ана шундай қўлловга муносиб, ҳақиқий инсон, – дейди таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.
Бир сўз билан айтганда Қашқадарё вилоят прокуратураси биноси олдида саноқли соатлардан кейин Чориевлар оиласининг норозилик пикети бошланади.
Уларни қандай тақдир кутаётганлиги эса бизга маълум.
Воқеа жойида уларни хибсга олиш мақсадида тегишли идора вакиллари илқақ кутиб, қараб туришибди.
Воқеалар ривожини кузатамиз.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот хизмати



