71 ЁШЛИ ҲАСАН ОТА ЧОРИЕВ ВА ЎЗБЕКИСТОННИНГ 23 ЙИЛЛИК ДИКТАТОР РЕЖИБОШИСИ КАРИМОВНИНГ ҚЎЛИДА ГАРОВДА – ТУТҚИНЛИКДА ҚОЛАЁТГАН БАРЧА СИЁСИЙ МАҲБУСЛАРНИНГ ҲИМОЯСИ УЧУН

 

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи 71 ёшли Ҳасан ота Чориевни маҳаллий қонун идоралари ходимлари айбдорлик тузоғига тушурганидан хабарингиз бор.

 

Халқимиз тили билан айтганда «бир оёғи тўрда бўлса, бир оёғи гўрда” бўлиб қолган бир бобойда бу ҳукуматнинг қандай хусумати бўлиши мумкин?” дерсиз?

 

Ҳамма гап мана шунда-да! Аслида, ёши 72 га қараб кетаётган Ҳасан ота Каримов режимига ҳеч қандай хатар сололмайди. Бу уларга ойнадек равшан. Шундай экан, бунингдек зўравон ҳукумат тепасида ғуддайиб ўтирганлар Ҳасан отадан қўрқиб, лабига учуқ тошмаса ҳам бўларди, аслида.

 

Аммо биласиз-а, ўзбекчиликда “Иштони йиртиқнинг чўпдан ҳадиги бор” деган қўполгина ибора ҳам йўқ эмас. Шу нуқтаи назардан, тобора кети очилиб бораётган Каримов режими “у ёқ-бу ёғимизга кириб, тилиб-нетиб юрмасин яна” деган  хаёлда илинган “чўпдан” ҳадик қилишини, хавотир билан “бир чўқиб, ўн қарашини” қўймаётир!

 

Каримовчиларни қўрқувга солаётган “тилиб-нетиб” қўядиган  ўша “кўзларига тушган чўп” Ҳасан ота эмас, аслида, унинг Америқода яшаётган 7 нафар ўғли, янаям аниқроғи, ўша ўғилларнинг энг тўнғичи – “Бирдамлик” Халқ Демократик мухолиф Ҳаракатининг етакчиси Баҳодир Чориев эканлигини ҳам биласиз.

 

Гап шундаки, июнь ойи бошларида Россия ОАВларида эълон қилиган “На грузовике против Каримова”, “Американский дальнобойщик –будущий президент Узбекистана” мақолаларида мухолифатчи Баҳодир Чориев  Ўзбекистонда ҳукм сураётган  ноинсоний бошқарув ҳақида кескин гапларни гапириб,  кекса Каримовнинг қитиқ-патига тегиб қўйганди.

 

Шу-шу Каримовчиларнинг ороми йўқолган, тунда кўзларига уйқу энмайди.

 

Гуё кўзига 23 йиллик тахти омонот, нақд эмас, насиядек кўриниб қолган Каримов Баҳодирнинг ўзини бепичоқ буғизлай деса, имкони йўқ, у узоқда – қувласа етолмайди, қўл чўзса тутолмайди.

 

Шу боис ҳам пихини ёрган Ислом Каримов Ҳасан отани гаровга олиш эвазига Баҳодир Чориевдан қасд олмоқчи, мухолифат лидерини ўз ёғига ўзини порт қилмоқчи бўлди.

 

Шу йилнинг 17 июнь куни ўз уйидан икки нафар милиция ходимлари томонидан “Вилоят прокурори ўринбосарининг қабулига суҳбатга” дея алдов йўли билан олиб кетилган Ҳасан Чориевнинг ҳамон бедарак қолаётганлиги фикримизнинг исботи.

 

Бунингдек ноинсоний бошқарувга, адоқсиз  ҳақсизликка қарши жим қараб тура олмаган АҚШда истиқомат қилувчи Чориевлар сулоласи вакиллари ниҳоят Каримов режимининг ёвузлигига қарши оёққа қалқидилар.

 

Бугун, 27 июн куни  соат 8.00 да 7 та  трак ва траиллар, шунингдек,  битта миниавтобус ва иккита  енгил машиналарга ўтирган Чориевлар Ўзбекистон ҳукумати қўлида гаровда қолаётган оталари Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун  АҚШнинг  Сент Луис шахридан Вашингтон томон отландилар.

 

Каримов қўлида гаровда қолаётган  71 ёшли оталари Ҳасан Чориевнинг ҳимояси учун астойдил бел боғлаган ака-ука Чориевлар ва уларнинг оила аъзолари норозилик тадбирларини ўтказишга астойдил ҳозирлик кўришган ва улар  28 июнь куни АҚШдаги Ўзбекистон элчихонаси биноси олдида 7 трак ва траиллар билан 2 соат давомида норозилик тадбирини ўтказишлари ҳақида Вашингтон шаҳар  полициясига «Билдиришнома»  ҳам тақдим этишган.

 

27 куни  соат 8.00  да  Чориевлар сулоласи ўтирган  колонна Сент. Луис шахри, Миссури штатидан АҚШ пойтахти Вашингтонга қараб оталнаркан, намойиш иштирокчилари  йўл-йўлакай CB-22 канал орқали Каримов раҳномолагида Ўзбекистонда содир бўлаётган адолатсизликлар хусусида, Ўзбекистоннинг 23 йиллик президенти Ислом Каримовнинг ноинсоний бошқаруви ҳақида ишончли фактларга таянган ҳолда далиллар асосида АҚШ фуқароларига ахборот бериб боришмоқда.

 

Чориевлар томонидан амалга тоширилиши кўзда тутилаётган мазкур норозилик намойишининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, улар ўз оталари Ҳасан Чориевнинг ҳаётини ҳимоя қилиш билангина чекланиб, чегараланиб қолмоқчи эмаслар.

 

28 куни  бўлиб ўтадиган норозилик намойишида Ҳасан ота Чориевнинг АҚШдан қўним топган фарзандлари – 7 нафар ака-ука Чориевлар, уларнинг оила аъзолари, фарзандлари Ўзбекистоннинг манфур президенти қўлида йиллар давомида гаровда сақланаётган ва аёвсиз қийноқда қолаётган Мурод Жураев, Самандар Куконов,  Дилмурод Саидов,  Солижон Абдурахмонов, Исроилжон Холдоров, Максим Попов, Гайрат Михлибаев, Мехринисо Хамдамова,Аъзам Фармонов,Аъзам Тургунов, Носир Исоков, Рустам Усманов, Исак Абдуллаев сингари ўзбек халқининг  озодлиги учун курашишлари оқибатида сиёсий маҳбусга айланиб, тутқунликда  жабр чекаётган ўнлаб сиёсий маҳбусларнинг зудлик билан озод этилиш талабини олға суришни ҳам ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.

 

Дунё ҳамжамияти, Ўзбекистон аҳолиси, жамики элсевар, эрксевар фуқаролар Чориевлар томонидан ўтказилажак мазкур норозилик намойишининг тафсилотлари билан Фейсбук,Твиттер каби   интернетнинг турли ижтимоий тармоқлари орқали ҳам батафсил танишиб бориш имкониятига эга бўладилар.

 

“Бирдамлик”  Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот маркази

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares