Номалар, ҳангомалар: МИЛИЦИЯ КИЙИМИ НИҚОБ СИФАТИДА

БИРИНЧИ ҲАНГОМА. Соқивой билан Боқивойнинг суҳбати…

Соқивой:-  “Бўлди, ажойиб, қизиқ ҳангомалар, арз этайин, Сизга ёзиб номалар”, деган экан, бир шоир. Боқивой, мен ҳам шоир бўлмасамда, Қашқадарёда бўлаётган ҳангомаларни эшитиб, кўп гаплар эсимга тушди…

Боқивой:- Йўғей, қайси номалару, қандай ҳангомалар эсингизга тушди?

Соқивой:- “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати лидери Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Ота Чориевнинг ғойиб бўлганини эшитдингизми?

Боқивой:-  Ҳа, эшитгандай бўлувдим, нима бўлган экан?

Соқивой:- Э, Ҳасан отага осилишгани-осилишган? Ҳалиги милиса кийимидагиларда.

Боқивой:- Нима қилишибди?Соқивой:- Обкетиб қолишибди.

Боқивой:- Ажабо, шунақа бўлибдими? Ҳасан отанинг молларию қўйларини олиб кетишувдику, яна нимасига осилишган экан?

Соқивой:- Осилишаётган ашёлари ҳам нима эканлиги маълум бўлди. Ҳасан ота бир ёш жувонга жинсий тажовуз уюштирган эмиш, шунга олиб кетишибди эмиш, “жиноий иш очилганмиш” дейишди.

Боқивой:- Йўғей?

Соқивой:- Ҳа, ишонаверинг. Сўнг эса, икки кун ўтмай,  жиноий иш ҳақидаги гаплар ҳам, Ҳасан ота ҳам  қаергадир йўқолди. Қариндош уруғлари, ҳуқуқ ҳимоячилари роса суриштиришди. Аммо ҳамма  милиция кийимидагилар ҳам, солиқчилару балиқчилар ҳам “биз кўрмадик”, дейишди.

Боқивой:- Ажабо, куппа кундуз куни 71 ёшли бир одамни милиция кийимидагилар олиб кетишадию, яна уни ўша идоранинг одамлари кўрмаган бўлиб чиқадими?

Соқивой:- Кўрмаган бўлиб чиқди. Беш-ўн кун ахтаришгандан кейин эса “топилгани”  маълум бўлди?

Боқивой:- Бу қипқизил майнваозчиликку! Қаерда экан?

Соқивой:-  Қамоқда экан.

Боқивой:- Ажабо, қамоқда нима қилаётган экан?

Соқивой:- Сўроқ бераётган экан.

Боқивой:- Қанақа сўроқ?

Соқивой:- “Бўри билан қўзичоқ” эртагини эшитганмисиз?

Боқивой:- Ҳа, невараларим айтиб беришганди…

Соқивой:- Қамоқда эса Ҳасан отани милиция кийимидаги бўрилар сўроқ қилишаётган экан…

(ИККИНЧИ ҲАНГОМА. “Бўри билан қўзичоқ” эртагининг давоми)

Терговчи:- Хўш, отахон, бизларнинг ўрмонда нима қилиб юрувдингиз?

Ҳасан ота:- Болам, ўрмонда эмас, уйимда ўтирувдим, сизларни одамларингиз, Икки милиса келиб: “Отахон, юринг, бошлиғимиз чақиряпти, гаплари бор экан”, дейишувди, мен содда одам келаверибман.

Терговчи:- Йўғе, Сиз соддамисиз?

Ҳасан ота:- Ҳа, энди болам, содда бўлмасам, “нега чақиради, қани повесткаси?”  демасмидим.

Терговчи:- Соддамассиз, отахон! Сизни устингиздан ариза тушгани учун чақиртирганмиз.

Ҳасан ота:- Қанақа ариза?

Терговчи:- Сиз ёшгина жувонни зўрлаган эмишсиз?

Ҳасан ота:- Қўйсангчи, болам, мени уялтирма, мен 70дан ошган чол, ёш жувон билан нима ишим бор?

Терговчи:-  Билмадик, отахон, ариза тушгандан кейин текширишимиз керак.

Ҳасан ота:- Текшир, болам, нимамни текширасан?

Терговчи:- Бобой, ўзи бақувватмисиз? Аёллар билан алоқангиз қандай? Аёлларни кўриб турасизми?

Ҳасан ота:- Э, болам, уялтирма, одамни. Ўзим ўша жойимдан операсия бўлган чол бўлсам… Агар операсия бўлмаганимдаку, сениям кўрардим-а!

Терговчи:- Нима деяпсиз, мана шу гапингиз учун ҳам сизни жиноий жавобгарликка тортиш керак.

Ҳасан ота:- Тортгинг келса, тортақол, болам, тортадиган нарса топаолсанг торт.

Терговчи:-  Топамиз… (ўйланиб) Э, нима деяпсиз? Сиз мени ҳалигилардан деб ўйлаяпсизми?

Ҳасан ота:- Қайси ҳалигилар?

Терговчи:- Ҳалиги гомиклардан?

Ҳасан ота:- Кўмик-пўмикингни билмайман болам…

Сен мени “Бўри билан қўзичоқ” эртагидаги қўзичоққа  ўхшатяпсан, шекилли?

Терговчи:- Қўзичоқ бўлмасангиз кимсиз?

Ҳасан ота:- Мен қўзичоқ эмасман, болам. Қўчқорман!

Терговчи:- Ана тилингиздан тутилдингиз. Қўзчқор бўлганингиз учун, ўша қўйларга, йўғе, жувонларга боргансиз.

Ҳасан ота:- Бўпти, болам, ёмон жойдан ушладинг. Сен айтганча қўзичоқ бўлиб турақолай.

Терговчи:- Қўзичоқсиз. Сувимизни булғаяпсиз.

Ҳасан ота:- Мен анчадан бери сув ичмай қўйганман, ангинам бор.

Терговчи:- Сиз бўлмасангиз, Сизга ўхшаган биронта уруғингиз, аймоғингиз, сувни булғагандир, бобой?

Ҳасан ота:- Йўғей, болам, ростдан ҳам худди бўрига ўхшаб гапиряпсан.Менинг уруғ-аймоқларим – болаларим узоқда – океаннинг нарёғида. Узоқдаги уруғларим бу ердаги “сув”ни қандай булғаши мумкин?

Терговчи:- Ҳа, энди, ҳозир замон тезкор, бир зумда келиб булғаб, шип этиб кетиб қолиши ҳам мумкин-да!

Ҳасан ота:-Йўғе, болам. Улар шунча жойдан келмайди. Т

Терговчи:- Улар келмаган бўлса, бу ердаги таниш-билишларига айтгандир, “сувларини булғанглар”, дегандир?

Ҳасан ота:- Танишлари кўп, аммо. Улар ҳам сув булғайдиганлардан эмаслар. Аксинча, сизлар булғаган сувларни тозалаш учун ҳаракат қилиб юришибди.

Терговчи:- Сиз бизни ҳақорат қиляпсиз. Қаерда кўрдингиз, сувни булғаганимизни.

Ҳасан ота:- Мана, ҳозир кўриб турибман, сувни булғаб, тўғрироғи лойқалатиб, балиқ тутумоқчи бўляпсизлар.

Терговчи:- Йиғиштиринг, балиқ-малиғингизни, биз сизни сўроққа чақирганмиз, сизнинг бизга савол беришга ҳаққингиз йўқ.

Ҳасан ота:- Ҳа, болам, ҳамма ҳақ ҳуқуқ сизларга берилган. Фуқароларда ҳақ-ҳуқуқ йўқ.

(Шу дам телефон жиринглаб қолди)

Терговчи:- Хўп, бўлади, хўжайин. Айтганингизни бажараман.(Ҳасан отага) Мана, кўрдингизми, бизларни эшитишаётган экан, “Нега пачакилашаяпсан”, деб уришишяпти. (бақириб) Конвой! Олиб кет бу бобойни. Камерасида ўтира турсин. Хўжайин хафа бўляпти. Қолганини кейин гаплашамиз. Ҳў, бобой, Сиз ўша уруғ-аймоқларингизнинг танишларига айтинг, тинч юришсин, ўшанда Сиз ҳам, биз ҳам тинч бўламиз. Майлими?!

Ҳасан ота:- Мен уларни хўжайини эмасман…

(Ҳасан отани камерага олиб кетишади)

Ушбу № 1 ва 2-ҳангомаларни ёзиб олувчи, Ботир Норбой


Таҳририятдан: Ҳангома ҳали давом этади. Уни ёзувчилар ҳам оз эмас. Ҳасан ота тақдирини кейинги номаларда ҳамкорларимиз ёритади.

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares