ЎЗБЕКИСТОН ҳукуматининг бугунги шиори: “Американский дальнобойщик –будущий президент Узбекистана?”ни урма-сўкма, қорнига теп, бадном қилу киши билмас сиёсат саҳнасидан супириб ташла!” деган ақидага айланган… ми?
Баҳодир Чориевни Шаҳрисабзда истиқомат қилаётган қариндошларининг уч кундирки оила бошлиғини кундуз куни чироқ ёқиб ҳам қидириб топа олмаётганлиги сабаб, еган-ичганлари ичига тушмай турган айни бир пайтда Ўзбекистон ҳукуматининг кирдикорлари 20 июнь куни “Замондош” сайтидаги “Седина – в бороду, бес – в ребро” уйдирмасида бўй кўрсатиб қолди.
Куч ишлатар тизимларининг фантазияси ва фитнасининг маҳсули бўлган мазкур “асар”да мухолифат ледири Баҳодир Чориевнинг 71 ёшли отаси Ҳасан Чориевнинг “жиноятлари” “ошкор этилади”.
Тўппа-тўғри, дарҳақиқат, Шаҳрисабзлик Ҳасан Чориевнинг Ўзбекистон ҳукумати олдида кечириб бўлмас гуноҳлари кўп: Бобонинг бор айби “Американский дальнобойщик –будущий президент Узбекистана?” отлиғ фарзандни, ўзини Ўзбекистон тахтига “никоҳланган” деб ҳис қилаётган Каримовга “меросхўр” ўғилни дунёга келтириб қўйгани бўлади, аслида.
Нимасини айтасиз, Ҳасан Чориевнинг “жиноятлари” шунчалар бисёрки уни сув билан кетказиб бўлмайди, Ўзбекистон режимбошининг таъбирига кўра, бунингдек “гумроҳлик”ни фақат қон ва қурбонликлар бериш эвазига ювиш мумкин холос.
Хўш, айни дамда Каримов ҳукумати нега энди дабдурустдан яна Ҳасан ота Чориевга ташланиб қолди? Нега энди айнан бугун 71 ёшли отахонга нисбатан “номусга тажоввуз қилиш” жиноятига асосланган сценарий “ижод” қилинди?
Гап шундаки, “Бирдамлик” Халқ Демократик Мухолиф Ҳаракати асосчиси ва етакчиси Баҳодир Чориев хусусида Россия матбуотларида устма-уст эълон қилинган ва қилинаётган мақолалар Каримовнинг кўксига қўрқув солиб қўйди:
“Нега энди Америкада “арава” ҳайдаб юрган “ёш бола” рус матбуотининг назарига тушиб қолди?” деган ваҳимали ўй Ислом отанинг кўксини ўйиб ўтди: “Бир молбоқарнинг Америқодаги бу ўғли Пакана Путин билан менинг тахтимни эгаллаш хусусида махфий битим тузиб олган бўлса-я яна?!” деган хаёл Каримовни ҳардам хиёл восвос қилиб қўйди чамаси.
Окэан ортидаги ака-ука Чориевларга қўли етмаслигига кўзи етган Ислом Абдуғаниевич “Ҳап сеними?!” деди-да, ёш мухолифат ледирининг кекса падари бузруквори Ҳасан Чориевни ҳар доим қўллайдиган маккорона ўйин “усули” билан гаровга олди. Аниқроғи, қопқонга солди.
Каримовнинг қопқониям унча бунча хом ашёдан бунёд бўлган эмас: макр, ҳийла, туҳмат ва иғво тузоғи эди бу!
“Энди нима қилса экан? Қизалоғи Гулнараойнинг келажагига соя сола бошлаган АҚШдаги бу “аравакаш”нинг танобини қай усулда тортиб қўйса экан?” – Каримов жанобларининг шу каби хаёллари навбатдаги фитнага пойдевор бўлди.
Ҳасан Чориевни ўғирликда айблаб зиндонбанд этай деса, бобо бировнинг томини тешган эмас. Қотиллик қопқонига чорлай деса, Ҳасан отанинг қўлида қурол йўқ. Молиявий зарба берай деса, бир йил алгари бобойнинг бор будини шилиб олган – ўхшатиб, ўнгланмайдиган қилиб иқтисодий зарар бериб қўйган: қўй-қўзиларини, қора молларини тортиб олган, уй биносидан тортиб то молхонасига қадар суриб, текистлаб ташлаган.
Туҳмат деган “ёрлиқ”ни ёпиштирай деса, бу усул ҳам эскириб бўлган, Ҳасан отага нисбатан бир мартта туҳмат “статья”си қўлланиб қўйилган!
Чўнтагига гиёҳванд модда ёки “варақа” тиқиштирай деса, бу нағмалар ҳам урфдан қолган.
Йўл–пулда бахтсиз ҳодисага “учратай” деса, ихтиёридаги тайёр ўлжа – “гаров”и қўлдан кетиб қолади, қария осонгина ўлим топади.
Хўш, унда нима қилиш керак: Чориевлардан “чиройли” усулда қай тақлид хун олса бўлади?
Шундай қилиш керакки, Каримов жаноблари Ҳасан отани бепичоқ бўғизлаши керак: токи кекирдагига ҳанжар тортганида қон чиқмасин! Қотиллигини биров кўрмасин!
“Призидентлик курсиси”га “кўз олайтираётган” Чориевдан қасос олиниши учун унинг отаси Ҳасан Чориевни шундай куйга солиши керакки: жисмонан йўқ қилинмасин, ТИРИКЛАЙ ЎЛДИРИЛСИН!
Ўзбекчилигимизда тириклай ўлмоқлик нима сизнингча?: Киши шаънининг топталиши, орияти оёқ ости этилиши, кекса кишининг ахлоқсизликда айбланиши эмасми? Ҳаа-ааа, ўлманг! Топдингиз! Худди шундай!
Каримовнинг ноинсоний режими шундай усул қўлласин – пичоқнинг сопини ўзидан чиқарсинки, Ҳасан ота ва умуман Чориевлар тириклай ўлсин, ўзларининг ёғида ўзлари қовурилсин! Уятдан боши эгилиб, қадди букилиб, қайтиб қад кўтара олмайдиган бўлиб кетишсин, етти пуштига ўт кетсин!
Айни дамда 71 ёшли қария Ҳасан Чориевни айнан номусга тажоввуз қилиш жиноятида айблаш “ўйи” худди ана шу “ўйин”нинг маҳсули эди агар билсангиз!
Отага айнан ана шундай айбловни ёпиштириш мақсадида, куч ишлатар тизимлари аввалдан пухта ва пишиқ битилган “асар”асосида иш тутдилар:
Бу борада Чориевлар оиласидан кўп бора меҳр-мурувват кўрган, ҳаёт йўлининг баланд-пастини кўрмаган тажрибасиз, отасиз, ҳимоясиз Матлуба отлиғ бир қизалоқ жудаям қўл келди.
Ҳасан Чориевни шармандалик тўрига тушириш учун энг аввало Матлубани кўндириш, макр тўрига туширишлари керак эди. Шундай ҳам бўлди.
Бу талх оламнинг аччиқ-чучигини татиб кўрмаган бу қизалоқ бир оз аввал “гиёҳванд модда ўтказувчи” манба сифатида “жиноят устида” қармоққа “илдиришди”.
Гарчи ҳаётда кўпни кўрмаган бўлса-да, Матлуба “наркотик сотиш” жинояти учун Ўзбекистон қонунларида қандай жазо қўлланилишини жуда яхши биларди: қонун идоралари бола бечорани ўтакасини ёришди, ўлгудек қўрқитишди.
Ранги мурдадек оқариб кетган бу “жабрдийда” қизалоқнинг олдида энди бор йўғи иккита йўл қолган эди, холос: “Ё “айби”ни тан олиб, “гиёҳфуруш” сифатида панжара ортида узоқ муддат қолиб кетиш, ёхуд “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг отаси Ҳасан Чориевга “номусимга тегди” дея туҳмат қилиш!”.
Бунингдек чорасиз куйга тушиб қолган аёл қай бир йўлни танларди, билмадигу, бироқ Қамашилик Матлуба умрининг гул йилларини қамоқда ўтказиш азобини танламади. Ҳасан Чориевни куч ишлатар тизими ходимларига тайёр “ўлжа” қилиб бериш, туҳмат орқали бадном этишни афзалроқ ва осонроқ деб билди.
Натижада, гангиб қолган Матлуба маҳаллий қонун идоралари ходамларининг қистови билан бобоси тенги Ҳасан ота Чориевни “зўрлаш, номусга тегиш” жиноятида айблади, чорасизликдан даъво аризаси каритишга мажбур бўлди.
Ҳасан отани ва у орқали бутун Чориевларни, отанинг олисдаги ўғилларини бадном этиш, номусга қолдириш, Баҳодирни сиёсат саҳнасидан сиқиб чиқариш бобидаги сизу бизнинг кўз ўнгимизда гир-гир айланаётган бу “фильм” тасмасининг кадрлари худди ана шундай – Ўзбекистон ҳукуматининг итялоқлари – куч ишлатар тизимлари томонидан “суратга” олинган, тўқиб чиқарилган эртак эди, аслида.
Ваҳоланки, “марҳаматли” қонунларимизда ота ўғил учун, ўғил ота учун жавобгар эмаслиги ҳақидаги ақида илгари сурилади.
Бироқ, минг афсуски, кўриб турганингиздек, Шаҳрисабзлик Ҳасан ота Чориев Каримов қўллаётган жирканч сиёсатнинг навбатдаги қурбони бўлиб ўтирибди.
Зеро Ҳасан Чориевга бу кўргуликлар ҳам кам: Қариганида сиёсат қурбони бўлмай деса, Каримов тахтига меросхўр бўламан дея кўкрак керадиган “ворис”ни дунёга келтирмаслик керак эди!
Мирмуҳсин МУҲИДДИНОВ
Мустақил сиёсий шарҳловчи



