“БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ БАЁНОТИ
2013 йилнинг 17 июнь куни – бугун “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Ҳасанович Чориевнинг отаси, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи 1942 йилда туғилган – 71 ёшли Ҳасан Чориев Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ҳеч бир асоссиз равишда қамоққа олинди.
Гап шундаки, яқингинада “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг етакчиси Баҳодир Чориевнинг Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматига, Президент Ислом Каримовнинг ноинсоний бошқарувига нисбатан сиёсий қарашлари, мухолифатчи сифатидаги фикрлари Россия матбуотида эълон қилинган “На грузовике против Каримова”, “Американский дальнобойщик –будущий президент Узбекистана?” сарловҳали мақолаларда ўз аксини топгач нафақат Каримов ҳукуматининг, балки 71 ёшли Ҳасан ота Чориевнинг ҳам тинчи йўқолиб қолди.
Каримов ҳукуматига мухолиф ҳаракат тузган Баҳодир Чориевнинг шахсан ўзини танобини тортиб қўйишга ожизлик қилган, АҚШдан қўним топган мухолифат етакчисига қўллари етмаган куч ишлатар тизимлар унинг кекса падари бузриквори Ҳасан Чориевни зиндонбанд этиш орқали ёш мухолифатчидан қасос хунини олишга чоғланган кўринади.
Акс ҳолда “На грузовике против Каримова” мақоласи эълон қилинган куннинг эртасигаёқ “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Б. Чориевнинг отаси Ҳасан Чориев Қамаши туман прокуратурасига ҳеч бир вазжсиз чақиртирилмаган бўлар эди.
Шу йилнинг 12 июнь куни 71 ёшли Ҳасан Чориевни қарши олган Қамаши туман прокуратураси терговчиси Тўрақулов “Илгариги ишларингиз юзасидан менга қайта тергов беришингиз керак” дея гап бошлаганди қироат билан.
Бунга жавобан Ҳасан отадан “Менинг қилмаган ишим учун айблаб, йўқ гуноҳимни бўйнимга қўйиб, бор мол-мулкимдан, мол-қўйимдан айирдинглар. Қамашидаги уйим, ферма биноларимни текистлаб ташладинглар, бир дунё жарима солдинглар. Ўша кезларда сизга тергов бериб бўлганман. Энди сизга айтадиган гапим қолмаган. Жиноятчи бўлсам чақирув қоғози орқали қонуний чорланг, тергов бераман” деган мазмундаги дангал жавобни эшитган прокуратура терговчиси Тўрақулов пешонасини қашлаб тек қолган эди.
Бироқ орадан ўтган 3-4 кунлик сукунат кўп узоққа чўзилмади.
17 июнь куни эрталабки соат 10.00 даноқ Ҳасан отанинг дарвозасини тақиллатган икки нафар ички ишлар формасидаги ходимлар касал ётган қарияга бу гал энди Шаҳрисабз туман прокуратурасига чақиртирилганлиги ҳақида хабар келтиришди.
ИИБ ходимлари шунчаки хабар етказиш билан чекланган эмас, бетоб отахонни олдиларига солиб Шаҳрисабз туман прокуратурасига келтиришди.
Кундузги соат 13.00 ларга қадар Шаҳрисабз туман прокуратурасида ўтирган Ҳасан Чориевни қўриқчилар жиноятчини қўриқлагандек қуршаб Қашқадарё вилоят прокуратурасига равона бўлишганди.
“Мени иккита ясавул Қаршига, вилоят прокуратурасига олиб кетишаяпти. Илгариги ишларим, фермамни талон-тарож этишганлари бўйича суҳбат қилишмоқчи экан. Мендан хабардор бўлиб туринглар” деди охирги бор бугун кундузи соат 13.00 да қўл телефонидан ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга сим қоққан Ҳасан ота Чориев.
Шу-шу “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориев билан алоқа узилди. Отахоннинг мобил телефони ўчириб қўйилди.
Фақат тунги соат 21.30 ларда Ҳасан Чориев ўзининг эмас ( қўл телефонини ИИБ ходимлари олиб қўйишган), бегона бир рақамдан уйига қўнғироқ қилиб, “Мени Қашқадарё вилоят ИИБсининг ертўласига қамаб қўйишди. Нимага қамашганлариниям билмайман. Ҳеч бир гапдан бехабарман.” дея ўз тақдиридан яқинларини огоҳ этишга улгурган, холос.
Минг афсуски, ҳар доимгидек бу гал ҳам кекса “жавобгар”нинг – мухолифат етакчисининг 71 ёшли отаси Ҳасан Чориевга қўйилаётган айблов тафсилотлари ҳамон мавҳум ва сирлигича қолмоқда.
Фикру ожизимизча, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси бўлганлиги учунгина “гуноҳкор” бўлиб қолаётган Ҳасан Чориевга маҳаллий ҳокимиятнинг куч ишлатар тизимлари то тонгга қадар бирор бир айбловни тупуклаб ёпиштириш учун қойилмақом сценарий “ижод” қилишса ҳам ажаб эмас.
Минг афсуски, кейинги пайтларда ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат вакиллари ва уларнинг яқинларига нисбатан Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари томонидан турли усуллар билан асоссиз айбловлар, турфа туҳматлар уюштирилаётганлиги сир эмас.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон ҳукуматидан, давлат расмийларидан, Қашқадарё вилояти қонун идоралари вакилларидан ёш мухолифат етакчиси Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориевни таъқиб этмасликни, 71 ёшли кекса кишига туҳмат уюштирмасликни, мухолифатчининг падари бўлганлиги учунгина бир отахонни сиёсат қурбонига алнатирмасликларини қатъий талаб қилади.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати



