ЎЗБЕКИСТОН: ҚИШЛОҚЛАРДА ИҚТИСОДИЙ ИНҚИРОЗ

Сир эмаски айни дамда жаҳон иқтисодий инқирозга юз тутган. Аммо «Ўзбекистонда бугун инқироз ўз таъсирини ўтказмаяпти» деган баланд парвоз гаплар қай даражада ҳақиқатга яқин? деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий албатта. Ана шу қизиқиш сабаб Бухоро ва Қашқадарё вилоятларининг айрим туманларида бўлиб, қишлоқликлар ҳаёти билан танишишга уриндик. Президентимизнинг «Жаҳон молиявий иқтисодий инқирозга юз тутмоқда. Ўзбекистонда уни олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирлари» асарида молиявий-иқтисодий инқироздан чиқиш йўллари ва чора-тадбирлари келтириб ўтилган. Шу асосда бугун аввало, томорқа маданиятини ривожлантириш, чорвачиликда наслдорликни ошириш, паррандачиликни ривожлантириш, қўйингки, қишлоқ хўжалик соҳасини ривожлантириш орқали маҳсулот сероблигини ва нарх-навонинг мўътадиллигини сақлаб қолинишига эришишга асосий эътибор қаратилди. Бу албатта, ўз самарасини ҳам берди. Аммо бу «хўроз ҳамма жойга бир хил қичқиряпти» дегани эмас.

ҚАШҚАДАРЁ: Қарши шаҳридаги Чақар МФЙ ҳудудида яшовчи Ойсара Саноқулова икки сотихли торгина ҳовлида уч нафар фарзандининг оиласи билан биргаликда тўрт хўжалик 14 нафар жон яшайди. Айни пайтдаги ишсизлик унинг уч нафар фарзандини Россия давлатига иш излаб кетишга мажбур қилган. Унинг айтишича, фарзандларининг алоҳида ҳовли сотиб олиш муаммолари Россияга ишлаб келиши ортидан ҳал бўлар экан. Чунки икки сотих майдонли томорқасиз, ҳовлида томорқа ҳам чорва ҳам ва ҳаттоки парранда ҳам боқиб бўлмайди.Бишкент шаҳрида яшовчи Лобар Саноқулова икки нафар қизи билан ёлғиз қолиб турмуш ўртоғини  Россияга ишлаб келиш учун жўнатган эди. Аммо узлуксиз икки йил давомида ишлаб пул топиш учун кетган турмуш ўртоғи бошқа бир аёлга ўйланибди. Алоҳида ҳовли жойи қуриб чиқармиз, эрим ишлаб пул топиб келса  деган ният билан кутган аёлнинг болалари бугун отасиз бўлиб қолди.

Нишон туманидан ҳам бугун Россияга пул ишлаб топиб келиш учун кетганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Биргина Мўминовлар хонадонидан 4 нафар эркак,  Узоқовлар хонадонидан 3 нафар эркак  Россияга иш излаб кетган. Биргина Пахтаобод фермерлар уюшмасининг ўзидан 80 нафарга яқин эркаклар иш излаб Россияга кетиб қолишган экан.

Юқоридаги ҳар иккала ҳудудда ҳам ичимлик суви ўта муаммо. Бишкентликлар сув ҳовузларидан фойдаланишса, Пахтаободликлар бетон ариқлаЭлектр токи ҳам бир кунда икки соатдан 4 соатгина узатилар эканг. рдаги оқава сувдан истеъмол қилишади. Электр энергияси эса аҳолининг айтишича, бир суткада 4 соат эрталаб ва кечқурун икки соатдан узатилмоқда. Табий газдан фойдаланишни эса аҳоли мутлақо унутиб бўлишган.

Биз вилоятнинг Когон туманидаги Бойғунди, Муфина, Оброн, Наврўз, Машъал, Оқтепа маҳаллалари ва Муборак туманининг Хитой, Олмазор, Ёшлар, Кагинауч, Наврўз, Қурувчилар каби маҳалларида бўлдик. Барча маҳаллаларда деярли бир хил турмуш тарзи мавжуд эканлигининг гувоҳи бўлдик. экин майдони кенг бўлган оилалар ҳам йўқ эмас албатта. Аммо маҳаллий аҳолининг айтишича, тупроқнинг шўрлиги юқори бўлганлиги сабабли томорқадан даромад орттириш амримаҳол. Мевали дарахтлар 2-3 йилгача ҳосил бериб, ўз-ўзидан қурийди.  Вилоятнинг бешта шаҳар ва туманлари мисолида ҳисоблайдиганг бўлсак, Россияга иш излаб кетган фуқароларнинг сони минг нафарни ташкил этмоқда. 300 нафарини эса аёллар ташкил қилади. Бу ҳали биз кириб борган маҳаллалар мисолидаги кўрсаткичлар ҳисобланади

БУХОРО: Қоровулбозор туманига қарашли Бўзачи, Қўриқтепа, Туркман маҳаллаларида ҳам юқоридаги  каби ҳолатлар ҳукмрон. Тўғри, аҳоли меҳнат қилиб томорқадан даромад олиши мумкин эди агар тупроқнинг шўрлиги юқори бўлмаганда. Ҳудудларнинг кўпчилиги чўлда жойлашганлиги сабабли ҳаттоки томорқани суғоришда оқава сувдан фойдаланиш ҳам муааммо бўлмоқда. Чунки оқава сув етказиб бериш учун бир пайтлар миллионлаб маблағ сарфланиб, қурилган бетон ариқларнинг бугунги ҳолати хароб. Бузилиб, синиб, сув оқмайдиган бўлиб ётибди. Когон туманидаги Нақшбанд маҳалласида тупроқнинг шўрлиги бироз пасайган. Айтишларича, бу ерда томорқадан фойдаланиш мумкин.Бироқ бу ерда ҳам ишсизлик ҳукмрон, нақд пул муаммо. Аҳолига нафақа пуллари ҳам пластик карточка орқали мажбурий тўланмоқда. Жумаев Ато бобонинг аламзадалик билан айтишича, «гўрковга ҳам пластикдан пул тўланадиган кўринади.»

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчи эдикки, республикамиз миқёсидаги деярли барча қишлоқларда бир хил турмуш тарзи ҳукмрон. Шаҳарлик бир сиқим аҳолининг молиявий аҳволи яхшилигини эмас, балки кези келганда, қишлоқликларнинг ҳам ҳақиқий ҳаётини очиқ кўз билан кўра олайлик. Имкон даражасида уларнинг турмуш тарзини яхшилаш учун янгича имкониятлар излаш ўринли бўлармикан? Шундагина балки юртдошларимизнинг ишчи кучи четга эмас, ўзимизга сарфланармиди? Оиллар тинчлиги ҳам шу йўл билан таъминланармиди?

Дилдора Боймуродова

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Навоий вилояти бўйича етакчиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares