“Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” авиакомпанияси 2013 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига чипталарни фақат нақд пул кўринишдаги АҚШ долларига сотади, аҳолининг баъзи тоифаларига истиснолар қўлланади, дея хабар беради Узметроном веб-сайти. “Фарғона” агентлигининг манбалари ҳам бу ахборотни тасдиқлаяптилар.
Авиачипталарни сўмга фақат Иккинчи Жаҳон уруши фахрийлари, I ва II гуруҳ ногиронлари, болалигидан ногиронлар, хизмат сафарига отланган ҳамда қариндошларининг дафн маросимига йўл олган фуқаролар сотиб олишлари мумкин бўлади, холос. Ўзбекистоннинг қолган барча фуқаролари чипталарни фақат АҚШ долларига сотиб оладилар ва шу билан бирга пулни нақд тўлашга мажбур бўладилар, пластик карталаридаги валюта ўтмайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилдан бошлаб чет эл фуқароларига авиачипталарни сўмга сотишни тақиқлаб қўйганди. Ўзга юртлардан Ўзбекистонга йўл олган ўзбекистонликлар ҳам чипталарни фақат сўмга сотиб олишлари мумкин бўлди. 2012 йилнинг охирида эса Ўзбекистон ҳукумати хорижий авиаташувчиларга республика резидентлари ва норезидентларига чипталарни хорижий валютага сотишга рухсат берганди.Таҳлилчиларга кўра, авичипталарни фақат хорижий валютага сотиш ниятини республика ғазнасининг бўшаб қолгани билан изоҳлаш мумкин. Чунки Ўзбекистон инвестиция киритиш нуқтаи-назаридан истиқболсиз мамлакатга айланиб бўлди, мамлакатда ишбилармонлик фаоллиги кескин равишда тушиб кетди. Бундан ташқари, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” компаниясининг самолётларни лизинг бўйича сотиб олингани оқибатида юзага келган қарзини тўлашга пули қолмаганидан учта А-310 ва учта RJ-85 аэробусларини кимошди савдосига чиқараётганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда хорижий валюталарда операциялар тақиқланганига қарамай, нақд долларни фақат “қора бозор”да сотиб олиш мумкин, холос. Республика банкларига аҳолига валютани 2013 йил 1 февралидан бошлаб фақат нақд пулсиз шаклда сотишга рухсат берилган. Шундай қилиб, авиачипталарни сотиш тартибини ўзгартира туриб, Ўзбекистон расмийлари мамлакат фуқароларини жиноят йўлига итармоқдалар, чунки “қора бозор”да доллар сотиб олмоқчи бўлган ўзбекистонлик қўлга тушса, жиноий жавобгарликка тортилади.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон фуқаролари яқиндан бери Тошкент-Москва-Тошкент ва бошқа йўналишлардаги темир йўл поездларга борди-келди чипталарини сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлганлар. Чипталар фақат Тошкент-Москва йўналишида сотилмоқда. Йўловчи ортга қайтиш учун чипталарни Москвадан ёки хориждаги бошқа шаҳардан, албатта сўмга эмас, валютага сотиб олади. Мамлакатда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳам ўз фуқароларига анчадан бери фақат валютага сотилмоқда. Республикадаги барча йирик савдо битимлари ҳам валютага таяниб амалга оширилади.
“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



