Ўзбекистон: “Обод турмуш йили”да қашқадарёликлар азоби

Бугун Қашқадарё вилоятининг барча қишлоқларида юқумли ички касалликлар
кенг тарқалмоқда.

Бунинг оқибатида қишлоқ аҳолиси азият чекаётир.

Сир эмаски, қишлоқларда бугун тоза ичимлик суви етказиб берилмаяпти.

Оқибатда, Нишон, Қарши, Косон, Муборак каби барча туманларнинг қишлоқ
аҳолиси бетон ариқлардаги лойқа сувларни тиндириб истеъмол қилишга
мажбур бўлаётир.

Ўтган қиш мавсуми давомида аҳоли қорамолларида учрайдиган бюрселлёз
касаллиги ва айни пайтда ошқозон-ичак ва жигар инфекцияси хасталиклари
айниқса, ёш болалар ва эркакларда кўплаб учрамоқда.

Бақирчи қишлоғида истиқомат қилувчи  16 ёшли Дилобод Мўминова ҳам ана
шундай жабрдийдалардан бири бўлиб турибди.

У вирусли гепатит хасталигининг бундан икки йил аввал А формаси билан,
айни дамда эса ушбу хасталикнинг В формаси билан хасталаниб,
даволанмоқда.Беморнинг оиласидан ҳеч ким ҳеч қаерда ишламаслиги боис, ота-онаси
қизининг даволаниши учун соғиб юрган сигирини сотишга мажбур бўлди.
Энди уни сут қатиқли пархез таомлар билан таъминлаб турилиши ҳақида
ўйлашнинг ўзи мушкул.

Мустақилликка эришганимизга ҳам 20 йилдан ошди. Бир йигитнинг умрига
тенг йиллар давомида ҳам, таассуфки, Қашқадарё воҳасида тоза ичимлик
суви муаммоси ўз ечимини топган эмас.

Аниқроғи, бирор бир давлат мутасаддиси халқнинг тоза ичимлик сувига
бўлган эҳтиёжини қондириш борасида ҳатто бир кун ҳам бош қотириб
кўрган эмас.

Провардида эса, “Обод турмуш йили” дея оғиз кўпиртирилаётган айни бир
пайтда турли юқумли касалликлар воҳада истиқомат қилувчи аҳолининг
саломатлигига жиддий хатар солмоқда.

Али ОМОН

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Қашқадарё вилоят бўлими фаоли

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares