Бир неча кун мобайнида камида икки ойлик ёғингарчилик кузатилгани сабаб Чехия, Олмония ва Австрияда аҳолини яшаш жойларида кўчиришга тўғри келган.
Чехияда камида етти инсон, Австрияда икки киши табиий офатлар қурбони бўлгани хабар қилинмоқда
Олмония канцлери Ангела Меркел тошқинлардан зарар кўрганларга 100 миллион Евро кўмак ваъда қилган.
Мамлакатда армиядан тошқин ҳимоясида ёрдам бериш сўралган.
Олмониядаги Бавария, Саксония, Баден-Вюртемберг ерларини сув босган.
Бавариядаги Пассау шаҳрида одамлар энг кучли тошқин деб 1954 йилдаги тошқинни эслашади, ўшанда сув сатҳи 12 метрдан ошган.
Олмония расмийларига кўра, бу ҳудудлардаги тошқин охирги 500 йилдаги энг ёмони бўлган.
Лейпциг шаҳрида истиқомат қиладиган етти минг киши махсус жойларга кўчирилганлар.Чехия расмийларига кўра, Влтава дарёсида қурилган тўғонларни очишга тўғри келган, шунинг учун пойтахт Прагада сув сатҳи янада кўтарилади.
Чехияда уч минг киши яшаб турган жойларидан кўчирилганлар.
Австриядаги Залцбург ерларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Словакия ва Можаристон расмийлари Дунай дарёсининг қирғоқларини мустаҳкамлашга киришганлар.
Дунай оқиб ўтадиган мамлакатлар раҳбарияти яқин орада дарё ўзанларидан тошиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирилганлар.
Оврўпо Иттифоқи сув тошқинларидан жабр кўрган мамлакатларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
bbc.co.uk



