1- ИЮНЬ ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ
Бойчечак болалари
Ўша вақтларда биз томонда бойчечаклар йил бўйи очилаверарди…
Қорлар қалбини эритиб дунега келгувчи бу миттигина гиеҳнинг сеҳрли
қудратигина туфайли қишлоғимиз кунгайидаги Тошбақа тоғнинг обруси жуда
баланд эди.
Сиз томонда тарновлардаги сумалаклар эрий бошлаган палла
«омонлиқ-сомонлиқ» айтиб, уйма-уй суюнчи тўплашса, бизникиларга
гилослар қизариб, ўриклар қоқи бўла бошлаганида ҳам байрам авжида
бўларди…Ол-а! Ёлғон ҳам эви билан-да деманг. Ишонаверинг. Шундай бўлмаса, асли
баҳор даракчилари бўлмиш бу чечакларни қидириб ёз бошида тоққа
кўтарилармидик?
Хўроз қичкирмай йўлга чиққандик, ана, тошбақанинг косаси ҳам ортда
қолди. Оёқларимиз тилиниб, ҳарсиллаб қолганимизга қарамай олға
кетяпмиз. Биз деганим – етти кишимиз. Мен,укам Музаффар, Ойбек,
Зилола, Ҳамида…
Э, қолганлар билан пича кейинроқ таништирай. Ўзи шунақа, сал
бесабрроқман. Ҳикоя қилишни ёқтираману, қахрамонларни таништиришга
келганда сўзга нўноқроқман.
Айтмоқчи бўлган гапимни қизикроқ жойидан бошлагим келади.
Энг орқада келаётган сариқмашак Ойбекнинг тили осилиб, «бир оз дам
олайлик» деган ялинчоқ овозидан сўнг, пака кўришга рухсат бердим.
Қолган болалар ҳам зўрға келишаётган шекилли тап-тап ўтириб, ерга
узала туша қолишди. Мана, Тошбақа тоққа тирмашган полвонларнинг ҳоли!
Яна булар билан сафарга чиқиб ўтирибман-а.
Сариқмашак Ойбекнинг қорнини чангалаб «бирор нарса еб олайлик» деган
саросимали сигналидан сўнг, йўлхалталар очилиб йўлдошлар олачалпоқ
дастурхонларга ҳужумни бошлаб юборишди.
Ким катта-кичик пиширилган тухум, ким қуймоқ, ким нон, кимдир
бодринг, памилдори олиб йўлга чиққан. Қизиқ ота-онамиз бизни
ахтаришаётганмикин?
Мактабдаги дарслар тугаб, ким оромгоҳларга, ким узоқдаги
қариндошиникига йўл олган палла биз қишлоқнинг ўзида дам олиб
қўявердик. Тўғрида, бир томонда баланд-паст адирлар, бир томонда
ўзимиздай эркаланиб, талтайиб оқадиган Исфайрамсой, гир атроф боғ-роғ
бўлганидан кейин бегона жойларга боришнинг нима кераги бор?
Қолаверса, ёзни биздан кўра ота-оналаримиз орзиқиб кутишарди. Қачон
китоб-дафтарлар токчага чиқиб дастёрларнинг қўли бўшаб қоларкин,
кишдан чиқиб қовургалари саналиб қолган сигир-бузоқни далага ҳайдаб
Камол тоғанинг отасидан қолган ерларидан ўт ўриб келишаркин дея
кўзлари тўрт бўлиб, май тугамай сабрлари тугаб бўладику.
Эх ўша дамлар… Мазза эдида, бошқача эди.
-Бувам мени роса қидирятгандурлар,- бурнини тортиб хиққиллай бошлаган
Баҳромга бир ўқрайгандим, йиғлаб юборди.
Ўйинбузуқи! Доим шунақа, тушуниб-тушунмай бирор нарсага аралашади-да
кейин қиз боладай йиғлайверади. Ўзи ўғил болалар шунақ!
Уларнинг шерлиги дарвозалари олдидадан Омон тоғнинг дўончасигача!
Қизларнинг ўйинига аралашиб, копток, арғимчоқларни олиб қочишни,
хола-хола уйларимизни бузишга етади кучлари.
Мана ҳозир ҳам, сафарга чиққан беш қиз миқ этганимиз йўқ аввал
Ойбек, кейин Баҳром минғирлаб асабга тегишди. Ҳамиданинг укаси Отабек
ҳам гапиргандир эшитмаган, аниқроғи тушунмаган бўлсак керак.
Бизни аввалги ҳовлимизни сотиб олган янги кўшниларимизнинг қизи
Ҳамиданинг ва укаларининг тилига ҳеч тушунмадик-да!
Аммо кўчиб келганларига уч ой бўлмай қалинлашиб кетганмиз ҳам рост.
Йўлни-жўл, юрни-жўр дегувчи болаларни аввал кўча-куйда учратардим.
Аммо ўзинг билан шундай гапиришса қизиқ бўларкан.
Аввалига оғзида ютолмай қолган нон-пони бормикан деб ўйлабман. Чайнаб
ютволсин, яна тиқилиб қолса айбдор бўлиб қолмай деб бир соат
пойлабман.
Қарасам, ҳар куни шу аҳвол. Уйга кириб ойимга янги қўшниларнинг антиқа
қилиқларини айтиб берсам, ойим кула-кула Ҳамиданинг оғзи бўшлиги фақат
бошқа миллат вакили бўлгани учун «ж» харфи билан бошланувчи сўзлари
сероблигини уқтиргач яна кўчага чопиб чиққаним эсимда.
Тавба, Ҳамидаларнинг миллати нима ўзи деб ҳам сўрамабман. Кейин билсам
у ҳам мени тушунмас экан. «Жни жутдинми,жединми? деб у ҳам оғзимга
термулар, жумбоққа жавоб тополмай катталарни гаранг қилар экан. Мен
гапирсам у, у гапирса мен кулиб имо-ишора билан кунни кечкиртириб
зўрға ажрашардик.
Янги дугона топганимдан роса хурсандман. Чунки бутун бир маҳаллада
менга тенгдош қиз йўқ эди. Қаранг, иккаламиз ҳам қуён йилида бошоқ
буржида туғилган эканмиз.
У билан тез чиқишиб кетганимга яна бир сабаб, Ҳамида ўта ишонувчан
эди. Табиатан анчагина хаёлпараст бўлганим учун ҳаммани оғзимга
қаратиб эртак айтиш, янаям аниқроғи уни тўқиш жону дилим.
Бошқалар учун оддий кўринган нарсалар масалан: тоғу- тош, дарё,
еру-кўк, дарахтлар жонланиб,тилга кириб мен билан гаплашади.
Тунов куни ойим билан бозорда юрсам расталарда уюлиб турган қизил,
сарғиш картошкалар, камзиллари қат-қат карамлар билан жой талашаётгани
устидан чиқиб қолибман.
Сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам бефарқ савдо-сотиғи билан овора. Мен
бўлса супурги танлаётган ойимнинг биқинида анчагача картошка-карам
можаросида кимнинг ёнини олсам экан деб ўйланиб турдим.
Уйга келибоқ бозордан келтирган янгигина эртагимни қоралаб қўйдим.
«Манмансираш ва жанжалнинг охири димлама!» дедим, дафтарни ёпгач
арчилиб қозонга босилаётган калондимоғ картошка ва камзилсиз қолган
калондимоғ карамтўрага қараб.
Боягина бозорни бошига кўтариб уришган сабзавотлар энди қора қозон
олдида дағ-дағ қалтираб туришарди.
Эртакни бошқача якунласам ҳам бўларди. Аммо начора, қорин оч. Бу ёғи
тушлик дегандай… Оч қоринга эртак тўқиб бўладими?
Ҳа, Андерсен бўлиб кетсама?! Аммо бу қобилиятнинг ҳам ўзига яраша
душманлари бўлар экан. Аввал ўзича кўп китоб ўқиган ўзимдан каттароқ
қизлар «лофчи» дея эшитгиси келмай эртакларимни бўлиб қўйишарди.
Энг алам қиладигани шуки, оғзимга термулиб турган кичкиналарни ҳам
йўлдан уришади.
«-Тур ҳамманг! Шу ёлғончининг гапларига ишониб ўтирибсанларми?!
Саёҳатчи варраклар, болажон бодринг хола, Ўрикжон ва Олмахонни
Ошқозонободдаги саргузаштлари… Буларнинг барини буни узи тўқигану.
Сенлар лаққа ишониб утирибсанлар. Ундан кўра «Ўзбек халқ эртаклари»ни
олиб ўқи кутубхонадан.
Тавба ,Ойша опа ғалатида! Нима, ўзбек халқ эртаклари ҳам тўқилганку!
Мен гаплашаётган қахрамонларимнинг аждодлари қадим замонда ҳам
яшашгандир?
Энг ёмони бир чиройли эртак эшитиб ўтирган кичкиналар ичи қора Ойша
опага эргашишади.
Аммо Ҳамидалар кўчиб келгач бари ўзгарди. Битта бўлса ҳам тингловчи
топилганидан хурсанд, тилимизни яхши билмайдиган янги қўшнимизга
«асарларимни» имо-ишоралар орқали қойилмақом тушунтириб бера
бошлагандим мўжиза юз берди!
Жонли ижро ўз кучини кўрсатди. Ана, эртаксевмасларни ҳам эртакка
ишонтирса бўларкану! Аммо тўқишда ҳам, айтиб беришда ҳам меъёр
булгани яхши экан. Базан ошириб юборганимни сезмай қолардим.
Сезганимда бутун бир шаҳарни оёққа турғизган воқеалар содир
бўлмасмиди?
Хуллас кунларнинг бирида теракзоримиз ичидаги ярми чириган тункага
ўтириб ўйнаётганларнинг диққатини жалб қилиб чаппак чалдим. Ҳар доим
шунақа, латта қўғирчоқлари беланчакда тебранаетган хола-холачиларни
ўзимга қаратиш осон эмас.
Эртакларимга тўлиб кетган калин дафтаримни карнай қилиб бақириб
бўғилиб қоламан. Ўтириб тинглашсин деб тушакчалар солиб кўйсам ҳам
қарашмайди-я! Фақатгина Ҳамида келиб, томошанинг биринчи қаторига
келиб ўтиргач, қолган болалар бирин-кетин жойлашади.
– Бугун сизларга ҳозир ёзган энг янги эртагимни ўқиб бераман,-
бошладим Ҳамидага қараб.
– Қадим замонда, ҳов анави кўриниб турган ўзимизнинг Тошбақа тоғда
бир малика яшаган экан. У жудаям чиройли бўлиб яқин атрофдан жуда кўп
шаҳзодалар совчи қўйиб уйланмоқчи бўлишибди.
Аммо у ҳеч кимни танламабди. Ота-онаси хол-жонига қўймагач ўз
шартларини элга малум қилибди.
-Мен мана шу Тошбақа тоғ бағрини йил давомида очилиб турадиган
гулзорга айлантира оладиган йигитга турмушга чиқаман.
-Ола!- ҳафсаласи пир бўлибди номзодларни. Тошбақа тоғ азалдан қирмизи
тупроқли гиёҳ унмас тепалик бўлса. Гиёҳ унса ёз келмай қовжирайдиган,
номида тоғ бўлгани билан якам-дукам кўзтиконлардан бошқа нарса
чиқмайдиган ерда йил давомида яшнаб тургувчи гулзор яратиш мумкинми?
Куёвлар айниб юртига равона бўлибди… Фақат бир йигитгина маликага
қуллуқ қилиб шартига рози бўлганини билдирибди.
У қўшни подшоҳликдан келган бўлиб, бу ерликларнинг тилин яхши тушунмас
кексалар ҳарчанд «овора бўлиб вақт сарфлама бу тошларда гул битмайди
деса ҳам ҳаракат қилаверибди.
Йиллар ўтибди. Бир куни малика сайр қилиб юриб ўша йигитга дуч
келибди. Қараса, йигит гиёҳ унмас қирмизи тупроқни элакдан ўтказиб,
аллақаёқдан олиб келган унумдор тупроққа аралаштириб ўтирганмиш.
-Ҳой йигит, -дебди малика уни ишини кузатиб,- сен амалга ошмайдиган
иш учун куч сарф қилаётганингни биласанми? Айтишларича тилимизни яхши
билмас экансан. Билганингда кексаларнинг гапига қулоқ солармидинг. Мен
атайин шундай оғир шарт қўйган эдим. Мени турмушга чиқиш ниятим йўқ!
Йигит пешонасидаги терни сидириб жавоб берибди:
-Эй гўзал қиз! Мен сенга уйланиш учун бу ишга бел боғлаганим йўқ. Шу
тоғнинг ортида менинг юртим, ўз юртимнинг ягона шахзодаси бўламан.
Онам анча йиллардан буён оғир бетоб. Ҳакимларнинг айтишича бедаво
хасталикка қизил тупроқда униб чиқиш билан ҳаммага шодлик улашувчи гул
даво бўлар эмиш. Шунинг учун ўн йиллардан бери шу тоғ-тош бағрида
меҳнат қилиб, умидвор юрибман.
Малика меҳнаткаш шахзоданинг иродасига тан бериб у билан бирга тер
тўкишга қарор қилибди.
Улар турмуш қуришибди. Йиллар ўтиб Тошбақа тоғда улар орзу қилган,
йил давомида яшнаб тургувчи гул – бойчечаклар униб чиқибди.
– Ёлгон ҳам эви биланда. Бойчечак факат эрта баҳорда пайдо бўлса.
Қандай қилиб у йил давомида гуллаб туради?
– Мен айтганим, фақатгина Тошбақа тоғда унадиган бойчечаклар,
аниқроги, бойчечакларнинг болалари бўлади.
Шу эртагим сабаб йўлга тушгандик. Мана кун оғиб қолди. Бирорта ҳам гул
йўқ. Оёғимиз остидаги тупроқ ёндирганидан кейин гул-гиёҳ қолармиди?
Уйдагилар нима қилишаетган экан. Роса қидиришаётгандир, балки мелиса
ҳам чақиришгандир. Тушимда кўрган шу эртакни болаларга айтмасам бўлар
экан, аниқ кўрган эдим лекин малика, шахзода, бойчечакларни.
Ана Зилола, Дилшода ҳам йиғлашни бошлашди. Эҳ, қани энди ҳозир
қишлоқда бўлиб қолсак!
Қишлоғимизнинг номи Кўприк боши. Шаҳарга олиб кирадиган кўприкнинг
бошида яшаганимиз учун шундай аташган шекилли. Шу кўприкдан ҳар куни
ўтиб шаҳар мактабига қатнаймиз.
Аллақачон адашганимизни болаларга билдирмай, уларни алдаб олдинга
бошлаяпман. Қоронғи тушмай бирор бошпана топиш, уйдагиларга ҳам хабар
етказишимиз керак.
Бирорта чўпоннинг чайласи ҳам кўринмайди-а. Тошбақа тоғнинг орқасида
косалари кўп экан. Нечта тепаликдан ўтганимизни ҳам саноғидан адашиб
кетдим. Ишқилиб бўриларга ем бўлмасайдик. Бирор бошпана топилса
Бойчечак болалари ҳақидаги эртак ёлғон эканини айтар эдим болаларга.
Ичларида мен ва Ҳамида ўн икки ешдамиз, қолганлар тўққиз, саккиз,
етти… Қорин оч. Мактабимиз йўлларини эслаб ўзимни чалғита бошладим.
Ҳар куни нимадандир баҳслашиб, тортишиб, бизни автобусига миндирмаган
сариқ автобусчи шопирларни калака қилиб дарсдан қайтардик. Умуман
олганда уч-тўрт бекат чиқадиган масофа эрталаб узоқ, дарсдан сўнг жуда
қисқа туюларди. Қани энди, попкани елкага илиб
кетаверсак-кетаверсак… Қорнимиз ҳам очмайди. Кузда йўл четига
экилган олма, беҳилар сийласа, йилнинг бошқа пайтида катта танафусда
ейилмай қолган нон, қанд-қурслар жонимизга оро киради.
Бу билан шаҳардан қишлоққа қайтгилари келмай атай йўлчўзди қилишар
эканда деб ўйламанг, Кўприкбошини бошқача яхши кўрардик.
Ўлмас холанинг уйи олдидаги дўнгда қишда қорнинг устидан сув қуйиб
яхмалак учамиз. Бутун қишлок боласига иккита чана аммо ҳаммага етади.
Бизнинг теракзорчи? Ҳовлимиз орқасида, хола-хола ўйнайдиган, концерт
қўйиб, бокс тушадиган, эртаклар айтиладиган теракзор…
Қани энди ҳозир ўша ерда бўлиб қолсак! Тераклар кам бўлгани билан
сояси ҳаммага етади. Эски чойхона ичидаги ариқчачи? Эрта баҳор
қишлоқ эркаклари ариқ тозалагани чиқишганида, шу ариқчани атайин
бизга қолдиришади.
Ким кетмонча, ким тешача кўтариб ҳашарчани бошлаб юборамиз. Тозаланиб
чиройи очилиб қолган ариқча бизни балиқчалар билан сийлайди.
Челакчалар ичидаги балиқчаларни баъзан ёғочга илиб, оловда пишириб
есак, баъзан ҳовлимиздаги ҳовузчаларга қўйиб юборишга шошамиз.
Балиқчалар ҳам ҳаммага етарди…
Қанча юрганимизни билмайман болаларнинг бари баралла йиғлашга тушган.
Фақат мен ҳаммага далда бериб келаётгандим, қоронғу туша бошлагач мен
ҳам чидаб туролмадим. Наҳотки шу тоғ-тош ичида ўлиб кетсак, ҳали замон
бўрилар ҳам пайдо бўлиб қолишса керак. Саккиз ҳимоясиз бола. Қўлимизда
олов ёқиб исиниш учун гугурт ҳам йўқ. Қўрқиб кетганимиздан «Ёрдам! Ким
бор? Ёрдам беринглар! Адашиб қолдик» дея бақира бошладик.
Қани бирор зоғ эшитса. Қайси томонга боришни ҳам билмаймиз…
Кечаси тоғлар жуда ваҳимали бўлар экан. Тобора қорайиб бораётган осмон
ва оёғимиз остидаги ер бизни еб қўядиганга ўхшайди-я.
Яхши бир эртак тўқирдиму, аммо ҳозир тўқувчилик кўнглимга сиғармиди!
Қолаверса, шу эртагим сабаб етти болани қандай юпатишни билмай
ўтирибман.
Қандай юпатаман? Ўзим улардан атиги уч-тўрт ёш катта бўлсам. Ҳамида
ҳам хўнграганча тескари бурилиб олибди. Унинг аразини ҳам тушунаман.
Резинка калишининг таги тушиб қолиб оёғи шилиниб кетибди.
Хафалигидан шиппагимни ҳам олмади. Энди нима бўлади. Тусмоллаб
кетаверсак қаердан чиқамиз? Дев, аждарлар маконидан чиқсаг-а! Балки
омон қолган диназаврларга ем бўлармиз. Уф, тахминларим ҳам ваҳимали-а!
Ўзимнику бўларим бўлди. Қўрққанга қўш кўринади, деганлари шу бўлса
керак. Мақол айтишни яхши кўрадиган онам ҳозир нима қилаётган экан.
Аллақачон одамларни йиғиб Исфайрамсой дарасидан қидириб йиғлаб
юргандирлар.
Обдон ҳолдан тойиб, юра олмайдиган даражага етгач бир-биримизга
суяниб совуқдан қалтираб мудрай бошладик.
Қанча ётганимизни билмайман, бир вақт узоқдан аввал итларнинг ҳургани
сўнг машъала кўтарган одамларнинг овозини эшитиб болаларни уйғота
бошладим…
Бизни отларга унгариб катта иссиққина кигиз ўтовга олиб келишибди.
Негадир бошига оқ докадан салла ўраган қисиқ кўз кампирга қараб уни
қучоқлаб йиглагим келади. Капиридай қисиқ кўз соқоли оппоқ мўйсафид ва
яна бир одам савол беришяпти. Вой Ҳамиданинг тилида гапиришяптику.
Ҳамида уларга сафаримиз мақсадини айтяптию, гўшт чайнаб йиғлайди.
Мен ҳам нон кавшаб қатиқ хўплаб, унга қовок уйиб қарайман. Ҳамида бор
ҳақиқатни айтар экан уюлган қовоғимга этибор ҳам бермайди.
Биламан, у ҳам ҳаммамизга ўхшаб ўлмай қолганимизга хурсанд.
Бойчечак баҳона қаерга келиб қолганимизни билмайману бу одамларни Худо
етказди дейман ичимда.
Ҳозир мени уришишса ҳам майли. Ҳар қалай йиртқичларга ем бўлмадикку!
Ҳамида қоғозчага бизнинг уйимиздаги телефон рақамини ёзиб бергач чол
кампирнинг ёнидаги учинчи одам ташкарига чиқиб кетди. Ўзларига
ўхшайди. Ўғиллари бўлса керак.
Уф, оёғим узилиб тушай деяптия. Қанча юрдик экан-а?
Кейин уйқу кучли келиб, қўй пўстин устида тарашадек қотиб қолибман.
Қанча ухлаганимизни билмайман кимдир туртаётганидан уйғониб кетдим.
Қарасам, мезбон чол ҳаммамизни бир-бир уйғотиб ташқарига бошлаяпти.
Ҳеч нарсага тушунмай ортидан эргашдик. Аллақачон тонг ёришган экан.
Ўтовдан чиқиб атрофга назар ташлаб кўзимизга ишонмадик. Қизил тупроқли
ер сатҳида минглаб бойчечаклар очилиб ётарди.
Вой! Наҳотки тушда кўрганларим рост бўлса?!
Чол Ҳамидага қараб жилмайиб, бойчечаклардан бирин узиб қўлига тутқазди.
-Эртеклер алдавайт. Байчечекни балдарини коромон деб жўлга чиққандар
уни кўрмой қайтвайт.
Унинг гапларини тушунгандай бўлиб жилмайдим.
Демак эртаклар алдамайди. Болалик бор экан, эртаклар тўқилаверади.
Бойчечаклар ҳаммани хурсанд қилаверади.
Укам Музаффар ҳам уч-турт гулни авайлаб узди. Биламан, дадам уришмоқчи
бўлса шу гулни деб айтмай кетиб қолганимизни айтмоқчи.
Зилола, Дилшода, Дилафруз, Ойбек, Отабек, Бахром , Хамида ва мен ҳам
чолдан изн олиб гуллардан авайлаб териб олдик.
Бутун қишлоқ қойил қолса керак. Ёзнинг биринчи куни бойчечак билан
кириб борамиз. Уйдагилар уришса ҳам майли, муҳими энди эртакларга
ҳамма ишонади!
Ўша куни бир кечада энг яқин меҳрибонимизга айланган чол ва дока
салла ўраган кампир билан хайрлашганимиз, уларнинг ўғлини мошинасида
қишлоққа қайтганимиз ҳамон ёдимда.
Койиётган дадалар, йиғлаётган оналар олдида бош эгиб, кафтимиздаги
мўжиза – бойчечак болаларига жилмайиб турардик.
Йиллар ўтди. Ўшанда бир эртак туфайли Тошбақа тоғнинг ортидаги
Қирғизистон яйловларига бориб келганимизни улғайганимиздагина
билганмиз.
Балки ўша чол-кампир – малика ва шахзода, бойчеклар улар яратган
гулзордаги чечаклардир. Балки биз менинг эртагимга бориб
келгандурмиз? Саволларнинг охири кўринмайди. Нима бўлганида ҳам
болаликдаги энг ширин хотиралардан бирига айланган бу воқеа сабаб яна
бир яхши инсонларга рўпара бўлдик-ку!
Қизиқ, қишлоғимизда биз ўзбеклардан ташқари қирғиз, тожик деган
миллатлар яшашини ҳам катта бўлгандагина билган эканмиз.
Ҳа, болалик чегара, миллат танламайди деганлари рост экан.
– Қанча болалар ўлди экан?
Уч йил аввал йил Қирғизистон ҳудудида рўй берган биродаркушлик
қиргинида Ҳамида иккаламизнинг сочимизга илк оқ толалар оралади.
Уч кунда уч ёшга қариган икки дугона юрак ҳовучлаб тезроқ бу
жаҳолатга нуқта қўйишни Аллоҳдан ёлвориб сўрадик.
У қирғиз, мен ўзбек тилида дуолар ўқиб манфур, жоҳил кимсаларга инсоф,
иймон тилаб тонг оттирдик.
Ҳа, Уруш – болаликни ўғирловчи энг разил ўғри. Талотуплар гирдобидаги
турли давлатларда кунига қанча болалик ўғирланиб, қанчаси бошланмай
ниҳоя топар экан?
Гоҳида Фейсбукка ҳам киргим келмайди. Осилган, чопилган, мурғак
вужудини ўқлар илма-тешик қилиб ташлаган кичкинтойларнинг жонсиз
нигоҳларига қарай олмайман. Уларни ҳимоя қила олмаётганимдан дод деб
йиғлагим келади.
Қани энди Тошбақа тоққа айлансаму ёвуз одамларни Бойчечак болалари
томон адаштириб олиб кетсам. Гапимга киришмаса ютиб юбора қолсам.
Бошимиз ўзра чарақлаб турган қуёш, мовий осмонга қараб янги эртаклар тўқийман.
Эртаклар кўп уни ўқувчи жажжи фаришталар ундан ҳам кўп бўлишсин, илоҳим!
Илоҳим, бахтимизга болаларимиз, бутун дунё болалари соғ-саломат
чопқиллаб, комил фарзандлар бўлиб ортимизда қолишсин!
Ахир, ҳаётнинг мазмуни, жумла жаҳоннинг гўзаллиги шу қоракўзлар, шу
ширин сўзлар, шу беғубор чеҳралар туфайли эмасми?!
Яшасин болалик!
Муаззам ИБРОҲИМОВА



