Шу йилнинг 24 май куни, жумадан шанбага ўтар кечаси, саҳарги соат 3.23 да Тошкентда мисли кўрилмаган даражада ер қимирлаши содир бўлган эди.
Мен бу пайтда бедор эдим. Компьютерда интернетни кузатиб ўтиргандим.
Даставвал, қаттиқ «шақур-шуқур»дан нима бўлаётганини англай олмадим.
Шунда уй шифтидаги қандиллар чайқала бошлади. Қаттиқ тебранишдан музлатгичнинг эшиги, ҳатто, уй хоналари ва дераза эшиклари ҳам очилиб кетди.
Уйдаги трюмонинг ойнаси йиқилиб, чил-чил бўлди. Ошхонада терилган пиёла ва ликопчалар полга қулади. Ҳатто жавонда турган нарсалар ҳам ағнаб туша бошлади.
Ер силкиниши хаёлимда ҳам йўқ, аввалига, “Уйимизга кинолардагидек, бор жиҳозларни кўтариб-урадиган қахри қаттик арвоҳ кириб олибдими?”, деб қўрқиб кетибман. Хушимни тўплаб олгач, кейин билсам, бу табиат ҳодисаси экан.
Қаттиқ силкиниш натижасида ошхонамиз бурчагида, газнинг тепа қисмидаги деворда ёрилиш ҳосил бўлди. Ванна ва катта зал шифтидаги буёқлар кўчиб тушиб, чизиқ бўлиб қолди.Болалигимда шу каби қаттиқ силкиниш бўлганини элас-элас эслайман. Шунда бувим раҳматликдан, «Ер қимирлаётганида одам оёқда тик турмаслиги керак, мияси чайқалиб, ақлидан озиб қоларди», деган ваҳима гап эшитгандим.
Бу ростми, ёлғонми, билмайман, лекин ўша-ўша ер силкинганида жойимдан қўзғололмай қоламан.
Бу гал ҳам шундай бўлди. Ичимда калима қайтариб, пичирлаб ўтирардим. Зеро, табиатнинг бундай «қирғин-баротида» лифтсиз уйнинг бешинчи қаватидан пастга тушишга улгуришимиз ҳам амри маҳол эканлигини ҳам ҳис қилиб турардим. Улгурмай қолиш ҳеч гап эмас-да….
Бу орада уйимиз ҳовлисида ваҳимага тушган одамларнинг қий-чуви тутиб кетди. Овозини аниқ танидим: ҳовлида ҳамиша писта сотиб ўтирадиган қозоқ келбат аёл «Эй, Художон, ўзинг асра, ўзинг асра Худо! Гуноҳимизни ўзинг кечир!», дея бор овози билан қичқираётганини эшитдим.
Шунингдек, телефонда гаплашаётган кишилар овози: вилоятдан келганлар Самарқанду Бухоро, водийга, турли жойлардаги қариндошларига сим қоқиб, «омонмисизлар», дея ҳол сўрашарди.
Бу тўс-тўпалондан маст уйқудаги қизларим ҳам уйғониб кетишди. Мен ҳам Самарқандда юрган турмуш ўртоғимга сим қоқдим.
Уларнинг гувоҳлик беришича, Самарқандда ер қаттиқ силкинмаган. Бу табиат ҳодисасини биров билиб, биров билмай қолган….
«Нима бўлаяпти? Уруш бошланиб кетдими, деб қўрқиб кетдим! Ҳамма ташқарида-ку, биз ҳам пастга тушмаймизми?!», деди ваҳимага тушиб қолган қизларимдан бири довдираб.
Бу пайтда тебраниш деярли тўхтаб бўлганди.
«Барибир 5-қават зинасидан тушишга улгурмаймиз. Турманглар, уй бурчагида ўтириб туринглар энди. Худодан омонлик сўранглар», дея олдим холос.
Бундай даҳшат шунчалар тез ва кутилмаганда содир бўлдики, шу топда бу дунёда Худонинг қудрати олдида, табиат ҳодисаси қаршисида инсон ҳаёти мисли бир ўйинчоқ эканлигини янада чуқурроқ ҳис қилгандим.
Энам ҳамиша биз болаларига, «Ютганинг ўзингники, чайнаганинг гумон. Агар Яратган насиб этмаса, чайнаганинг ҳам томоғингдан ўтмай, жиғилдонингда қотиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳаммаси насибага боғлиқ», дердилар.
Пастда, ҳовлида юрган одамларнинг, «Худойим, ўзинг раҳим қил. Биз бандаларингни ўзинг паноҳингда асра!», деган илтижоларини эшитарканман, онам минг бора ҳақ эканлигига амин бўлдим. Қизиқ, «Наҳотки одамзод гуноҳларига тавба қилиши учун, албатта, бирор бир фожеага рўпару келиши шарт бўлса?», дея ўйга толаман. «Бандаларни Худонинг қудрати қаршисида татраб-қақшаб қолишлари ҳеч гап эмас экан-ку?….
Умрнинг бир лаҳзалигини била туриб, қачон ўлишимизни билмай туриб нега разилликни касб қиламиз, нега нуқул бебаҳо ҳаётимизни кимларгадир чоҳ қазиш билан ўтказамиз?, деган ўйни кўнглимиздан ўтказиш учун кўп нарса керак эмас экан-да. Аллоҳ одамнинг жони омонат эканлигини эслатиб қўйса бўлди экан-да! Қўрқув ҳиссини туйсангина бас экан-да?!»….
Бир зумлик ушбу қўрқув ва даҳшат таърифини ўша куниёқ қоғозга туширмоқчи эдим. Бироқ, чарчоқ енгиб қўйганлиги сабабли, жазм этмагандим.
Қарангки, бугун, 26 май, якшанба куни саот 11.10да Тошкентда яна ер силкиниши кузатилди. Мазкур табиат ҳодисаси сезиларли даражада бўлган бўлса-да, жумадан шанбага ўтар кечасидагидек кишиларни қўрқувга солиш қудратига эга бўлмади.
Бироқ, Самарқанд, Бухоро ва Жиззахда истиқомат қилаётган дўстларимнинг таъқидлашича, мазкур вилоятларда ер силкиниши ўз дҳхшатини бор бўйича намоён этган.
Ҳеч ким бўлиб ўтган ер силкинишининг салбий оқибатлари талофатлари ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.
Лекин, ер тебраниши шу даражада бўлганки, тик турган одам мувозанатини йўқотиб, юз тубан йиқилиш даражасига етган. Самарқанддаги айрим уй бинолари деворларида ҳам ёриқлар ҳосил бўлган.
Бугун тунги соат 21 дан ўтганда Тошкентда истиқомат қилувчи бир эмас, уч танишим қўнғироқ қилди: «Бизнинг домдаги барча қўни-қўшнилар ҳовлида юришибди. Уйларига чиқишга ҳеч кимнинг юраги бетламаяпти. Бизку, эшитмадик. Лекин, бугун ТВдан «26 май куни соат 22.00 да қаттиқ ер силкиниши содир бўлади. Аҳолини огоҳликка чақирамиз. Ўзингизни асранг», деган мавзунда эълон берилганмиш. Эшитмадингизми, мабодо? Биз ҳам кўчадамиз. Сиз интернетда кўп ўтирадиган одамсиз. Бир қараб кўрингчи, бўлажак табиий офат ҳақида бирор нарса айтилмаганмикин?», дея ваҳима қилиб қолишди.
Ушбу ваҳималарга аниқлик киритиш мақсадида энг аввало Ўзбекистон Ахборот агентлигининг сайтига «бош суқдим». Ҳеч гап йўқ. То мен интернетдан керакли мавзуни қидиргунимга қадар соат миллари 22.10 ни кўрсатди.
Яна Самарқандга сим қоқдим: «Ҳа, кучли зилзила бўлади, деган гап бор. Шунга ҳаммамиз уйга кирмасдан ҳовлида юрибмиз», деган жавоб олдим турмуш ўртоғимнинг қариндошларидан.
Ушбуларни қоралаб ўтирганимда қизимнинг синфдошларидан бири қўнғироқ қилиб, «Аям барча тилло буюмларимиз, пулларимиз, паспортларимизни бир сумкага жойлаб чиқдилар. Ҳаммамиз хатардан ҳоли бўлиш учун ташқаридамиз», дея қўнғироқ қилиб қолди.
Умуман олганда, маҳаллий матбуот, газета, радио, ТВлар бўлиб ўтган ёхуд бўлажак зилзила хусусида оммани хабардор қилгани ростми ёки йўқ, бунисидлан, очиғи, бехабарман, интернет сайтларидан негадир то шу пайтгача бу борада бирор бир манбани ахтариб топа олмадим.
Энди эса, ўзим ўйланиб ўтирибман: Ваҳималарга қулоқ тутиб, қизларимни олиб, офатдан омон қолиш, ўлимни «алдаб қочиш» мақсадида шу тунни ҳамшаҳарларим каби кўчада ўтказсаммикин, ёки Аллоҳга таваккал қилиб тинчгина уйимда ётсаммикин? Ҳайронман….
Малоҳат Эшонқулова
«Бирдамлик» Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими етакчиси
Тошкент, 2013 йил 26 май,
соат 22.30.



