Оқсаройда қабул

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 22 май куни Оқсаройда расмий ташриф билан мамлакатимизга келган Ҳиндистон Республикаси Вице-президенти Ҳамид Ансорийни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари мунтазам равишдаги Ўзбекистон-Ҳиндистон сиёсий мулоқоти томонларни қизиқтирган барча йўналишлар бўйича икки ва кўп томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда икки мамлакатнинг давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралари ўзаро товарлар етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни янада фаоллаштириш ва диверсификация қилишдан, иқтисодиётнинг ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, фармацевтика ва биотехнологиялар, енгил ва кимё саноати, шунингдек, углеводород хомашёси конларини ўрганиш ва ўзлаштириш каби юқори технологияли тармоқларида ўзаро фойдали қўшма ишлаб чиқариш объектларини барпо этишдан манфаатдор экани қайд қилинди.2012 йил якунига кўра икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми аввалги даврдаги кўрсаткичга нисбатан анча юксалиб, 201 миллион АҚШ долларидан ошган.

Асосий минтақавий ва глобал масалалар ечимига ёндашувларнинг ўхшаш ва яқинлиги томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлигида муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Афғонистон муаммоси юзасидан фикр алмашув чоғида ушбу жафокаш мамлакатда вазиятнинг барқарорлаштирилиши минтақамиз халқлари манфаатларига мос келиши ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратиши таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклигига доир бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Ҳамид Ансорий самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон раҳбарияти Президент Ислом Каримовнинг 2011 йил май ойида Деҳлига давлат ташрифи асносида эришилган принципиал келишувлар руҳида Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.

ЎзА, Аъло Абдуллаев

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares