
Хабарингиз бор, шу йилнинг февраль ойида қашқадарёлик Ҳасан Чориев “Озодлик” радиоси орқали жиззахлик бир фуқаро билан Ўзбекистондаги бугунги вазият хусусида баҳсга киришганди. Баҳс чоғида билдирган эркин фикрлари учун ҳукумат Ҳасан Чориевнинг 169 бош қорамолини олиб қўйган эди.
Бугун айни шу дамларда эса Ўзбекистон тарихида биринчи марта Ҳасан Чориевнинг бетоблигига қарамасдан, Қамаши туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўзининг ўн нафардан ортиқ ходимлари билан унинг хонадонида зўравонлик билан бостириб кириб, Қамаши туман жиноят ишлари бўйича суди вакиллари иштирокида сайёр суд йиғилишини ўтказмоқда. Ҳозирги пайтда, айни шу дақиқаларда ўтказилаётган сайёр суд йиғилишидан асосий мақсад Ҳасан Чориевга руҳий босим ўтказиш, унинг қорамолларини қайтариб бермаслик ва уни ҳукумат фойдасига ҳал қилишдан иборат.
Қизиғи шундаки, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Ҳасан Чориевнинг ҳовлиси олдида тез тиббий ёрдам машинаси турганлигини кўргани ҳолда унинг уйига бостириб кириб, сайёр суд мажлисини ўтказишаяпти. Ҳасан Чориевнинг ҳовлиси атрофи тўлиқ қуршаб олинган. Ҳатто яқин қариндош-уруғлари ҳам унинг олдига киритилмаяпти.
Бирдамлик Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот Маркази



