Бир шеър бўларди. Муаллифи ҳам, матниям шошилганда, ҳозир аниқ эсимда йўқ. Адашмасам, Шерали Жўраев ҳам қўшиқ қилиб айтганди, шекилли…
Мазмуни, – Ҳали танклар пахта теради, дейилганмиди, хотирам панд бермаса.
Шу ерда шоир бироз адашган кўринади.
“Ҳали танклар” эмас, “Замон келар, пуллар пахта теради, чопиқ қилади” деганидами, ўзбекнинг энг зўр башоратчисига айланарди, қўярди-да.
Негаки, шу кеча кундузда Ўзбекистон пахта далаларида кишилар эмас, ўзбек сўмлари, даста-даста пуллари тер тўкишмоқда. Чопиқ қилишмоқда, ғўзаларни ёввойи ўтлардан тозалашмоқда.
Ишонмаяпсиз-а?
Бовар қилмасангиз, ўзингиз биласиз, лекин бу бор гап.
Ишонмасангиз, Самарқандга бориб ўқитувчи-ю шифокорларни саволга тутинг, сўраб кўринг.Масалан, Самарқанд вилоят Соғлиқни Сақлаш Бошқармасига, “Барча пахтага, ғўза чопиғига!”, дея кўрсатма берилганди.
Амалдорларимиз ҳар қандай вазиятда ҳам иложини топишади-да. Иложсиз нарсанинг ўзи бораканми? “Қаловини топсанг – қор ҳам ёнади”-ку, ахир!
Шундай ҳам бўлди, вилоят соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиғининг ишбилармонлиги боис, бугунги кунда қоғоз пуллар чопиқ қилиб, сўмларимиз пахта суғориб юрибди-да!
Оқ халатли ҳалоскорларнинг ўрнига пул дегани бел боғлаб ишга киришиши учун бошқармада шундай “қонун” жорий этилган:
Ҳар бир туман шифохоналари, қишлоқ врачлик пунктларида хизмат қилаётган ҳар бир фаррош (шундай дейиш тўғри бўлармикин: санитаркаларни?) 15 минг сўмини, ҳамшира 20 минг сўм, олий маълумотли шифокор эса 30 минг сўм “сўлкавой”ини пахта даласига сафарбар қиладиган бўлди. Аниқроғи, шунга келишилди.
Самарқанд вилят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг кўрсатмасига асосан, белгиланган маблағ ҳар бир ходимнинг ойлик маошидан мажбурий тарзда ушлаб қолинадиган бўлди.
Эҳ-ҳе, вилоят миқиёсида соғлиқни сақлаш ёхуд умумтаълим ўрта мактаблари, коллеж ва лицейларда озмунча ходим бор дейсизми?
Тасаввур қилинг: давлатимиз герби тушурилган 1000 сўмликлар қуёш тиғидан қорайиб кетмон кўтариб юрибди. Ғўза эгатларини сўм деган савил босиб кетган: ким ўзарга чопиқ қилиб ётишибди! Эҳҳеееее…
Чинданам шундай манзарани кўз олдингизга келтирдингизми? Бу қадар содда бўлиш ҳам яхши эмас.
– Биз врачларнинг ҳар биримизни маошимиздан 30 минг сўмдан мажбурий олиб қолишмоқда. Мардикор хизмат ҳақи учун. Қайтага яхшику? Пахта даласига бориб, ўт юлиб, кетмон кўтариб юрмаймиз. Биздан олинаётган пулларга мардикор ёллашади. Ўрнимизга ўшалар ғўза чопиқ қилишади.
Бизнинг ишимиз ҳам қаровсиз қолмайди. Хўжалакда ҳар бир қишлоқ врачлик пункитига чопиқ қилиши учун анчагина майдон, ғўза қаторлари ажратилган экан. Куннинг қизиғида, далада ишлашнинг ўзи бўладими?, – дейди Самарқанд туманидаги қишлоқ врачлик пунктидаги шифокорлардан бири.
– Ўзи қанча маош оласиз? 30 минг сўмни мардикорга бериш малол келмайдими?, – қитмир саволлардан бирини бераман.
– Оғринсак ҳам нима қиламиз? Ҳарҳолда ўзимизнинг чанг ютиб юрганимиздан шуниси тузук-ку? Бизгаям ҳар куни касаллар келиб турибди, Худо ризқимизни кунда бериб турибди, – айёрона жилмаяди танишим.
Вилоятда озмунча ишчи ходимлар борми? Уларнинг ҳар бирларини ўринларини босиш, ўринларига ўрин бўлиш учун шу-ууунча мардикорни қаердан топишаркан-а? Мен нуқул ана шу ҳақида бош қотираман денг….
Наҳотки биргина Самарқанднинг ўзида шунча саноқсиз ишсизларни, мардикорларни топиш мумкин бўлса?
Қизиқ-ку?
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли



