Бу мақолани бизга жамиятимиз фаолларидан бири, журналист Қурбон Ҳайитов тайёрлаб берди. Бу мақолада фарзандини катта умидлар билан Андижон шаҳридаги футбол мактаб-интернатига олиб борган Балиқчи туманидан Муниса Маҳмудованинг Республика Президентига ёзган аризаси ўрин олган.Онанинг арзу-додларини ўқиб ўзингиз хулоса чиқарасиз ҳамда бу мутасаддиларни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.
“Ҳурматли Президентимиз!
Мен бир камбағал фуқароингиз то тирик эканман, токи калтагу туҳматларга қолган болам улғайиб бир йўлини топиб кетгунича, икки қўлим Андижон вилояти Халқ Таълими бошқармасига қарашли футбол мактаб-интернатининг ўзини шу интернатнинг амалдаги эгаси деб ҳисоблагувчи мураббий Азиз Сулаймоновнинг бўйнидадир.
Менинг 2000 йил 1 апрелда туғилган ўғлим Заҳириддин Эрназаров барча футболга оид синовлардан, тиббий кўриклардан аъло даражада ўтиб, мактабга уни олиб борганимизда бизга ва болаларини олиб борган бошқа ота-оналарга А.Сулаймонов “ Бу ерда директор ҳам, мураббий ҳам, бошқаси ҳам менинг ўзим. Қандай гап бўлса фақат мен билан гаплашасизлар”, деган эди.Дам олиш кунлари болаларнинг уйларига жавоб беришар экан. Ҳафта охирида боламни олиб кетиш учун борганимда Сулаймонов боламнинг олдинги икки тиши кулгили ҳолатда эканлигини айтди. Навбатдаги ҳафталарда ҳам Сулаймоновнинг олдингига ўхшаш даъволарини эшитиб, уларнинг замирида астойдил таъма ётганини тушиндиму, лекин қўл учида аранг рўзғор тебратиб турган бизларда, “Ака мана буни олиб қўйинг”, деб берадиган ҳеч вақомиз йўқ эди.”
Маҳмудова аризаси давомида ёзишича, Вилоят футбол федерацияси вице президенти Илҳом Устахонов ҳимоясида бўлган 9-синф ўқувчиси Омонтемир Ўзганбоев унинг фарзандини уриб бир кўзини деярли ишдан чиқишига сабабчи бўлади. Лекин, Сулаймонов бу воқеани яшириб, -Ўғлингиз кроватьдан йиқилиб тушди,- дейди ва шу баҳонада унинг ўғлини интернатдан четлатишга ҳаракат қила бошлайди. Ариза давомида Маҳмудова қуйидагиларни ёзади:
“Бизлар ваколатли идораларга шикоят қилиб юрмаслигимиз учун А.Сулаймонов:
– Заҳириддинни кўзини ўзимиз даволатиб оламиз, -деб, то болам тузалиб олгунича ҳаттоки қилиб келаётган таъмаларини ҳам тўхтатиб турди. Кейин эса Сулаймонов озгина вақт ўтиб менга, – Болангизни кўзи хира экан, оралиқ синов нормативларини ҳам топшира олмади. Олган кийим бошларини топшириб, болангизни олиб кетаверинг, – деб туриб олди. Ҳодиса ҳақида мен шикоят қилишни бошлаганимдан кейин эса, гўёки боламни уч ойга четлатишгану, такрор синовлардан ўтса қайтариб олишлари мумкиндек мазмунда хат жўнатишди. Шундан кейингина мен ва бошқа ота-оналар бу мактаб-интернатнинг директори ва бошқа раҳбарлари мавжудлигидан, лекин улар ҳаммаси негадир ўша “Серый кардинал”ни чилдирмасига ўйнашларидан дарак топдик.”
Аризачининг ёзишича, у боласини сабабсиз равишда ўқишдан четлаштирилиши ва бошқа ноҳақликлар ҳақида у вилоят прокуратурасига ёзма равишда мурожаат қилган.
Прокуратурадагилар бу ҳодисани текшириш ўрнига Маҳудовани ҳудуд милиция нозири орқали ўзини тергов қилишган. Мактаб –интернатда бўлиб ўтган махсус йиғилишда Сулаймонов, – Маҳмудованинг фарзанди Заҳириддин Эрназаровнинг кўзи футболга яроқсизлиги бу наслий касалликдир. Шунингдек, боланинг кўзларига ҳар ҳил нарса кўриниб, алаҳсираб чиқади. Тунлари ухламай, уни пойлаб чиқамиз, – деган.
Маҳмудова эса, аризаси давомида ёзади:
“ Боламнинг етти мучали соғ. Наслимизда руҳий касал ёки кўз касали билан оғриганлар бўлмаган. Болам ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом бола эди. Мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиган. Шунинг учун ҳам у Балиқчи ва Андижондаги тиббий кўриклардан ва синов нормативларини топширишдан муваффақиятли ўтган эди. (Бу ҳақдаги ҳужжатларни илова қилаябман).
Ғаразли ниятларда, ўз нафси йўлида боламнинг футбол мактаб-интернатидаги ўрнига кўз тикиб, атрофида чидаб бўлмас носоғлом вазиятлар уюштирган Сулаймонов ва унинг ҳимоячиларига, – Бундан кўра ҳар бало бўлганларинг яхши эмасми? Мураббий деган ном сенларга хайф!, – дегим келади. Бола ёшлигаданоқ шундай ноҳақликларга учраса, қандай қилиб бизлардан дунё миқёсидаги футболчилар чиқсин?
Сиздан адолат тикланишида ёрдам беришингизни илтимос қиламан.”
Муниса Маҳмудова
Андижон вилояти
Балиқчи тумани



