Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида “Тошкент баҳори” учинчи халқаро опера ва балет санъати фестивали бошланди.
Ижодкорларнинг ўзаро ҳамкорлиги, уларнинг турли учрашувларини ўтказиш маданият ривожига хизмат қилади. Анъанавий “Тошкент баҳори” халқаро опера ва балет санъати фестивали бу борада ажойиб тажриба алмашиш имкониятини бераётир. Бу галги фестивалда Ўзбекистон, Италия, Россия, Беларусь ва Украина мамлакатларидан машҳур опера ҳамда балет усталари иштирок этмоқда.
Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ташкил этилди.
Ушбу ажойиб санъат байрамининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири М.Ҳожиматов мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида санъат, маданият ва маънавиятни юксалтиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон истиқлолга эришгач, миллий театр санъатини ижодий ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилди. Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 26 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ижодкорларнинг эркин фаолият кўрсатиши учун шарт-шароит яратиш, уларни янги ижодий муваффақиятлар сари рағбатлантириш ва театр санъатини янги маъно-мазмун билан бойитишдан иборат. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз театр ва бадиий жамоалари, артист ҳамда мусиқачилари нуфузли халқаро кўрик-танловлар, фестиваллар, концертларда фаол иштирок этиб, томошабинлар ҳукмига қўшма лойиҳаларни ҳавола этиш имконига эга бўлди.
“Тошкент баҳори” халқаро опера ва балет санъати фестивалини ўтказишдан мақсад ўзбекистонлик ушбу ажойиб санъат мухлисларини мамлакатимиз ҳамда дунёнинг бошқа давлатларидаги энг яхши опера ва балет ижрочилари билан таништириш, опера ҳамда балет санъатини оммалаштиришдан иборатдир. Шу билан бирга, фестиваль ижодий алоқаларни кенгайтириш учун ҳам ажойиб имконият яратади.
– “Тошкент баҳори” ўтган йиллар мобайнида жаҳондаги энг машҳур фестиваллардан бирига айланди, – дейди италиялик дирижёр Эдди де Надаи. – Мазкур тадбирнинг кўп йиллардан буён мунтазам ўтказиб келинаётгани Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантиришга улкан эътибор берилаётганидан далолатдир. Мен ушбу фестивалда иштирок этиш муносабати билан бир неча марта мамлакатингизга ташриф буюриш шарафига муяссар бўлдим. Бу ерда нафақат ижодкорлар, балки санъат ихлосмандлари ҳам мени ҳайратга солди.
Бир неча кун давомида “Туркистон” санъат саройи саҳнасида опера ва балет санъатининг дурдона асарлари намойиш этилади. Дастурдан Жакомо Пуччинининг “Богема” операси, Пётр Чайковскийнинг «Оққуш кўли» балети каби дунёга машҳур асарлар жой олган. Фестиваль мамлакатимиз ва Украина санъат усталари иштирокида Жузеппе Вердининг «Травиата» операси намойиши билан бошланди.
ЎзА,
Сардор Тожиев, Сарвар Ўрмонов (сурат)



