Ўзбекистон махсус хизматлари Фазлиддин Қурбонов шахсини аниқлашга киришди

Ўзбекистон махсус хизматлари АҚШда террорчиликда гумон қилиниб ҳибсга олинган Фазлиддин Қурбоновнинг шахсини аниқлашмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида аккредитациядан ўтган Россиянинг «РИА Новости» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

«Айни вақтда ишлар давом этмоқда. Бу Қурбонов ким ўзи, қаердан – бу маълумотлар ҳали тўла аниқланганича йўқ», – дейди агентликнинг Ўзбекистон махсус хизматларидаги исми ошкор этилмаган манбаси.

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган 30 ёшли Фазлиддин Қурбонов чоршанба куни АҚШнинг Айдахо штатидаги Бойсе шаҳрида ҳибсга олинган ва ФТБ томонидан ўтказилган суриштирув ишларига асосан унга қарши бир неча айбловлар эълон қилинган эди. Айдахо штатида Қурбонов ноқонуний равишда қурол сақлаш ва террорчилик ташкилотига ёрдам кўрсатиш мақсадида жиноий тил бириктиришда айбланмоқда. Америка адлия вазирлиги маълумотларига кўра, гап бунда «Ўзбекистон ислом ҳаракати» ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, Юта штати томонидан Қурбонов бомба ва бошқа оммавий қирғин қуролларини тайёрлаш тўғрисида ахборотларни тарқатишда айбланмоқда. Адлия вазирлиги хабарида Қурбоновнинг АҚШ фуқаролиги бор-йўқлиги маълум қилинмаган, бироқ, қайд этилишича, у АҚШда қонуний истиқомат қилган.Қурбонов 17 май, жума куни Бойседаги федерал судда жавоб берди. «РИА Новости» хабарига кўра, 30 ёшли гумондор ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, ўзининг айбдор эмаслигини таъкидлаган.

CNN телеканали хабарига кўра, Қурбонов сешанба куни ҳам судда қатнашади ва шу куни, эҳтимол, суд Қурбоновни гаров эвазига озодликка чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Қурбонов иши бўйича суд маҳкамалари 2 июль куни бошланиши кутилмоқда.

kun.uz

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares