Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Бўладиган элнинг болалари бир-бирини ботирим дейди

Бўлмайдиган элнинг болаларичи?….

Шу йилнинг  9 апрел куни Тошкент шаҳар, Олмазор туман Ички Ишлар бўлимига қарашли паспорт бўлими бошлиғи Ўринов Шокир Эркаевичнинг қўлига ўз иш кабинетида Респулика Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари томонидан  кишан солинган.

Паспорт столи “начальник”ини хибсга олиш жараёнида МХХ ходимларига Ички Ишлар Вазирлигининг вакили ҳам ҳамроҳлик қилгани айтилмоқда.

Шокир Ўринов 2012 йилнинг июль ойида Олмазор туман ИИБсининг паспорт бўлими вақтинча раҳбар вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Орадан бир ой ўтиб, август ойида Ш.Ўриновга омад кулиб боқди, бу пайтда у Олмазор туман паспорт столининг бошлиғи этиб тайинланганлиги ҳақидаги Ички Ишлар Вазирлигининг буйруғини қўлга киритган эди.

Афсуски, бугунги кунда буйруқ тутган қўли кишанда.Бироқ, шуниям таъкидлаш керакки, Олмазор туман ИИБ паспорт столи бошлиғига қўйилаётган айблов айтиш мумкинки, ўта мавҳум ва ноаниқ.

Биздаги маълумотларга қараганда Шавкат Ўринов порахўрликда айбланмоқда.

Гумондорнинг қариндошларига кўра, пайтахтдаги Юнисобод тумани  ИИБ паспорт столининг собиқ бошлиғи Сарвар исмли шахснинг ёзма кўрсатмаси Ш.Ўриновнинг қамоққа олинишига асос бўлган.

Даъвогар ўз кўрсатмасида Шавкат Ўриновга 2010 йилда 30 доллар миқдорида пора берганини иддао қилган.

Ш.Ўриновнинг пора олганлиги ҳақидаги жиноят  орадан 3 йиллик муддат ўтган айни бир пайтда юзага қалқиб чиққанлиги қизиқ.

– Янаям ажабланарлиси, – дейди “Альянс” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Шуҳрат Рустамов, –  Шавкат Ўринов ўз иш кабинетида қўлга олинган ўша 2013 йилнинг 4 апрель куни у тайинланиши лозим бўлган янги лавозими юзасидан ИИВда суҳбатдан ўтиши режалаштирилган бўлган. Бироқ, МХХ томонидан ногоҳон қўлга олиниши ортидан мазкур суҳбатда ҳозир бўлиш унга насиб этмаган. Бу айблов унинг амал пиллапояларидан ўсишига тўсқинлик қилиш ниятида ғанимлари томонидан атай уюштирилган ўйин, туҳмат бўлиши ҳам мумкин.

Олмазор туман ИИБ паспорт столи бошлиғи Шавкат Ўриновнинг  пора олганликда айбланиб кутилмаганда қўлга олиниши масаласида аниқ бир гап айтишимиз қийин.

Бироқ, ҳаётий кузатувларимиздан келиб чиққан ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, шоир таъбири билан айтганда, “Бўладиган элнинг болалари –  бир-бирини ботирим дейди, бўлмайдиган элнинг болалари бир-бирининг этини ейди”, деганлари айни ҳақиқат.

Ўзбекистонда бир-бирига чоҳ қазишлар, кўтарилиб кетмаслиги учун оёқдан  чалишлар одатий бир ҳол, аслида…

Воқеалар ривожини кузатамиз….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

 

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares