«Миллий тикланиш» партияси раҳбари ўзгарди, иш кўламичи?

Ўзбекистонда энг “пешқадам” партиялардан бир бўлган “Миллий тикланиш”нинг  узоқ йиллик раҳбари Аҳтам Турсунов ўз вазифасидан озод этилгани айтилмоқда.

Бу ҳақда мазкур партиянинг ахборот хизмати хабар тарқатган.

Унга кўра, партиянинг Х пленумида Сарвар Отамуродов “Миллий тикланиш” партиясининг раиси этиб сайланган.

Бир пайтлар чарақлаб чиққан “Фидокорлар” партиясини таназзулга учратиб, ўз тасарруфига қўшиб олишга муваффақ бўлган  “Миллий тикланиш”нинг собиқ раҳбари Аҳтам Турсунов гуё ўз аризасига кўра истеъфога чиққан.

Бироқ, Ўзбекистонда амалдан олинаётган амалдорларни “ўз аризасига кўра ишдан бўшатиш” урф бўлиб қолганлигини инобатга оладиган бўлсак, оёғи қатор йиллардан буён узангида бўлган партия раҳбарининг “ўз хоҳишига” кўра раҳбарлик курсисини бўшатиб қўйганига ишониш қийин.

Мазкур партиянинг қарийб отаси мақомини олиб қолган Аҳтам Турсуновнинг ўз вазифасидан четлатилиш сабаблари сирлигича қолмоқда.Самарқанд вилоятининг Пастарғом туманида туғилиб вояга етган етук ҳуқуқшунослардан бири Аҳтам Турсунов табиатан йўлига ғов бўлиши мумкин бўлган наинки ҳар қандай тўсиқни, ҳатто ҳар қандай одамни ҳам иккиланмасдан янчиб ташлашга қодир шахс эканлиги Олий Мажлис депутатлигига ўтказилган қатор сайлов жараёнларида кечган кескин курашлар орқали кўпчиликка маълум.

Мана-ман деган рақибини бепичоқ бўғизлашга қодир Аҳтам Турсуновнинг бирданига партия раҳбарлигидан кетишга азму қарор қилиб қолгани ажабланарли, албатта.

Дарвоқе, хонаси келганда эслатиб ўтишимиз керак, бундан 15 йиллар муқаддам таниқли адабиётшунос олим, профессор Ғайбулла ас-Саломнинг Республика Прокуратурасининг амал  пиллаояларидан жадаллик билан кўтарилаётган ёлғизгина ўғлини сирли равишда ғойиб бўлишида Аҳтам Турсуновнинг қўли бор, деган  узуқ-юлуқ гаплар ҳам бўлиб ўтган.

Бундай мазмундаги гапларнинг болалаши боиси – Ғайбулла ас-Саломнинг ўғлини ўз  иш кабинетидан   тушликка таклиф қилиш баҳонасида олиб чиқиб кетган дўсти “Миллий тикланиш” партиясининг собиқ раиси Аҳтам Турсунов бўлади.

Афсуски, домла Ғайбулла Саломовнинг ўз дўсти Аҳтам Турсунов билан бир пиёла чойга чиққан фарзандига  шу-шу ишхонасига қайтиш бахти насиб этмаган.

Миш-мишларга қулоқ осадиган бўлсак, А.Турсунов қалбидаги ҳасад ёш прокурор дўстининг ҳаётига замон бўлган бўлиши мумкин, деган таҳминлар бор.

Ҳар на бўлгандаям ҳуқуқ илмини сув қилиб ичган Турсунов  жавобгарлик туфонларидан “тирик” қолгани таҳмин қилинган пайтлари ҳам бўлган.

Бу Аҳтам Турсуновнинг яқин ўтмишига алоқадор шунчаки эл орасидаги “миш-миш”лар эди, холос.

Бироқ бугун гап Аҳтам Турсуновнинг қора ёхуд оқ ўтмиши, ҳаёт йўли ҳақида эмас, “Миллий тикланиш” партиясининг тақдири хусусида, албатта.

Зеро, “Миллай тикланиш”га Сарвар Отамуродов каби “ўн от кучига эга” ёшлар раҳбар этиб тайинлангани яхши, жудаям, бироқ, партия ишида силжиш ва ўзгаришлар бўлса, партия фаоллари халқ орқасига кириб борса нур устига аъло нур бўлур эди…

Холисхон ҲОТАМОВА

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares