«Paynet»лар юлғичлик қилса нима қилиш керак?

Ўзбекистонда UZPAYNET компанияси иш бошлаганига адашмасам 8 йил бўлябди.

Аҳоли, жумладан, биз самарқандликлар ҳам телефонларимизнинг «чакаги ўчиб» қолмаслиги учун “Paynet” шаҳобчалари хизматидан фойдаланишга мажбурмиз.

Очиғи, “Paynet”ларнинг фаолият кўрсатиши айни муддао, албатта.

Бироқ, “Ҳар яхшининг аммоси, ҳар ёмоннинг лекини бор”, деганларидек, айнан  Uzpaynet  компаниясининг вилоятлардаги  “paynet” шаҳобчаларида мана бир йилдирки ана шу “аммо” деган иллат пайдо бўлиб қолган-да.

Негаки, вилоятимизда бирор бир  “paynet” шаҳобчаси оператори йўқки, телефонингиз ҳисоб рақамига ташлаётган сармоянгиздан 100 сўм ўмариб қолмаса.

Тўғри, бу рақам айримлар учун арзимасдек туюлиши мумкин. Бироқ ишсизлик қийнаётган  қишлоқ кишиларининг ўша 100 сўмни топишини айтинг. Азборойи ишсизлик, пулсизликдан азият чеккан аҳоли қишда боқувдаги қора молини пуллаб, ёз кунларида табиат инъом этган мева чеваларнинг ҳисобига тирикчилик қилиб кун кўриб келаётган айни бир дамда 100 сўмнинг эмас, сизга гарчи хасисликдек туюлса-да, халқимиз тили билан айтганда “бир тийиннинг устида ўн марта сапчип  турмаса” бўлмайди киши.Ҳа, нима,  100 сўмга Ўзбекистон шароитида телефонда бўлса-да бирор бир яқинидан  20 дақиқа кўнгил сўраш мумкин  ахир одам.

 

“Paynet” шаҳобчаларидаги шаввозлар эса аҳолини худди ана шундай имкониятдан маҳрум қилишади-ю, ичи оғримайдими кишининг?

Айтайлик, телефонингиз ҳисоб рақамига мабодо 2000 сўм “ташлагудек” бўлсангиз, мазкур “paynet” шохобчаларида ўтирган ходимлар кўзини лўқ қилиб қаршисидаги компьютерга 1900 сўмни “киритиб” қўйшади.

Уларга “1900 сўм эмас, 2000 сўм бердиму, нега 100 сўм кам “ташлаяпсиз?” деб кўрингчи? Маблағингизни нақд пешонангизга улоқтиришади: “Ана, шаҳар марказидаги бош офисга боринг! Кўрамиз, бориш-келиш учун транспортга қанча ҳаражат қиларкансиз?”, дея камига дағдаға ҳам қилиб қўйишади.

Кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, вилоятнинг нақафат туман ва қишлоқларида, ҳатто Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган  “paynet” шаҳобчалари ҳоқонлари ҳам абонент ҳақидан уриб қолишга устаси фаранг бўлиб кетишган.

Қачонки мазкур шаҳобча ходимларидан ортсагина, ана ундан кейин  “paynet” тармоқларига тушган маблағ ҳисобидан  Uzpaynet компанияси хизмат ҳақига ўз фоизини ушлаб қолади. Қарабсизки, шўрлик биз мижозлар икки ҳисса улуш улашишга мажбур бўлмоқдамиз.

Буниси ҳам етмагандек, Ucell ва  Билайн уяли алоқа компаниясининг умумий  тўлов  карталарига 500 сўмдан “устама” қўйиш урф бўлган.

Мазкур алоқа компанияларининг асл нархи  3000 сўмлик умумий тўлов  картасини 3500 сўмга, 5000 сўмлигини эса, 5500 сўмга харид қилишга мажбурсиз. Нафақат бизда, бу ҳолат бутун Ўзбекистон бўйлаб одат тусига кирган десам., адашмайман.

Uzpaynet компанияси ўз  шаҳобчаларидаги бунингдек юлғучликлардан бехабар десангиз, хато қиласиз. Негаки, “балиқ бошидан…” деб бежиз айтишмаган-да…

Маълумотларга қараганда, Uzpaynet компанияси тасарруфида  25 000 дан ортиқ тўловларни қабул қилиш шаҳобчалари мавжуд экан. Ана энди оддий арифметика: 2500 ни 100 сўмга кўпайтириб кўринг-а? Бу  Ўзбекистоннинг 30 миллион эмас, ана борингки 20 миллион аҳолиси ҳисобидан Uzpaynet компанияси киссасига бир кунда тушаётган ноқонуний даромад.  Ucell ва Билайн уяли алоқа компанияси умумий тўлов карталаридан келаётган ноқонуний фойдани ҳам хом чўт қиладиган бўлсак, қанча миқдорни ташкил қилар экан-а?

Орзигул ХУДОЁРОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Ўзбекистон бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares