Дилдора БОЙМУРОДОВА: Ҳуқуқларим поймол этилмоқда

Мухолифат сафида бўлганлигим учун ҳам ҳуқуқларим айнан суд-ҳуқуқ идоралари томонидан поймол этилмоқда.

Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликка мувофиқ бугун журналистнинг асосий вазифаси халқ орасида қоғоздаги сиёсат ва қонунчиликни кенг тарғиб қилиш ва унинг амалдаги ижроси таъминланишини талаб этиш орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишдан иборат. Шунга қарамай, бугун жамият ва халқ олдидаги ўз бурч вазифасини виждонан бажаришни истаган журналистга нисбатан доимо жазо муқаррар.

Навоий вилояти, Кармана туманидаги Янгиобод маҳалласида узоқ йиллар яшаб 20 йилдан ортиқ вақт хўжаликда меҳнат қилиб, кексайганида умр йўлдошидан эрта айрилиб, тўнғич ўғли Баҳодир ва келини Қадрия Исломовалар томонидан ўз уйидан ноҳақ қувиб чиқилган Сувон Исломовнинг 15 йилдирки, ётоқхонада кўзи хаста ҳолида хору сарсон бўлиб юриши унинг ўз Конституцион ҳақ-ҳуқуқларини билмаслигидан эди.

Бу кекса фуқаронинг тақдирига бефарқликнинг асл сабаби, унинг ўрта мактаб маълумотига эга келини Қадрия Исломованинг турмуш ўртоғи Баҳодирнинг уч марта судланиб, икки марта қамалиб чиққанлигига қарамай, маҳалла котибаси бўлиб ишлаб келаётганлиги ва Қ.Исломованинг барча ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини туман ҳокимлиги  қўллаб-қувватлаб келаётганлигида экан.Хуллас, ўз ўғли ва келини томонидан калтакланиб, ҳақоратланган отанинг қонуний манфаатлари ҳимояланишини сўраб кекса отахон билан идорама-идора юриб кўп сарсон бўлдик. Амаллаб кадасрт ҳужжатларини қонунга мувофиқ  тайёрлаб бўлгач, туман ҳокими Шарофиддин Исматовнинг қарорини чиқартириш мақсадида ҳокимлик вакили Маҳмуд Бобоқуловга учрадик.

М. Бобоқулов кекса фуқаро С. Исломовнинг айтишича келини Қадриянинг тўй-маъракаларида бориб юрган қариндоши экан. Шу боис ҳам у кўзи хаста отахонга нисбатан қўполлик билан кўп бора «Ўғлингни вақтида йиғиб ол эди. Нега энди шикоят қилиб юрибсан. Менга нима у сени ўғлинг бўлса. Уйинга бориб келишиб ол.» қабилидаги муомала билан хонасидан ҳайдаб чиқарганини кўриб, республика Президенти ва юқори турувчи идоралари номига отанинг манфаатлари ҳимояланишини сўраб йўллаган шикоятимда “наҳот ҳокимият вакили шу қадар маънавиятсиз ва чаласавод бўлса?”, каби фикрларни келтириб ўтган эдим.

Оддий халқ  манфаатлари қолиб, ўз ходимлари қўлида қўғирчоқ бўлиб ўтирган туман ҳокими Шарофиддин Исматов  уялмай-нетмай «Қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида иш кўриб» шахсимга тел теккизди, ҳақорат қилди деб, мени судга бериб  ўтирибди.

Участка милицияси дастлаб мендан тушунтириш хати олганида М.Бобоқуловни нега маънавиятсиз ва чаласавод деб таърифлаганимнинг асл сабабини тушунтириб ўз фикрларимни исботлаб берган эдим.

Негаки, аввало, ҳокимият вакили кекса фуқароларга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслиги керак. Сўнгра эса  қонуний равишда 12 та идора ва масъул шахснинг имзо ва муҳри қўйилган кадасрт ҳужжатини ноқонуний деб атаганини назарда тутган ҳолда чаласаводликда айблаганман.

Бундан ташқари Янгиобод МФЙ нинг 30дан зиёд аҳолиси Қ.Исломованинг бу ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, отанинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимояланишини сўраб ҳам бир неча мурожаат қилган шикоят аризалари натижасиз қолдирилди. Барча ҳужжатлар нусхаси қўлимда.

Хуллас, мени ноҳақ айблаб, судга берган томон сабаб, уч марта судга чақирилдим. Бирида суд қолдирилди. Яна бирида судья келмай қолди. Учинчи маротаба борганимда эса М.Бобоқуловнинг ўзи келмай, мени сарсон қилаётганлигини билиб, тўртинчи маротаба чақиришганда бормадим.

Қолаверса, уйимда 80 ёшли ётоқли касал онам бор эдилар. Хуллас, муҳтарам судья Зафар Тошбеков тушунтириш хатларимда асослаб берилган фикрларимни инобатга олмай, менга нисбатан энг кам иш ҳақининг икки баровари миқдорида жарима қўллаш жазосини белгилабди.

Атай мени иштирокимсиз ортимдан ўтказилган судда  ортимдан иш кўриб ноҳақ ҳукм беришган.

Ажабланарлиси, суд қарори менга орадан 15 кун ўтиб почта орқали етиб келди.  Айни пайтда аппеляцияга ариза берганман.

Бу каби ҳолатлар менга нисбатан биринчи маротаба қўлланилмаяпти. Ҳар гал ҳокиму тўраларнинг ноқонуний атти-ҳаракатларидан норози бўлиб шикоят аризалари ёза бошласам худди шу усул қўлланилиб келинмоқда.

Дилдора БОЙМУРОДОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Навоий вилоят бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares