«Асрлар садоси» одамларни аср этган

Навоий вилоятида ўтказилган «Асрлар садоси»  фестивали аслида халқ сайли сифатида кенг нишонланиши эълон қилинган эди.

Шунга қарамай, мингга яқин ИИБ ходимлари назоратидан ўта олган одамларгина ушбу тантаналарда иштирок эта олди.

Сабаби, аксарият фуқаролар ярим йўлга етмасдан номаълум сабабларга кўра ортларига қайтарилди, тадбир ўтказилаётган Сармишсой дарасига олиб борувчи йўллар баҳайбат автоуловлар ва ИИБ ходимлари томонидан  тўсиб қўйилди.

Энг қизиғи «Бирдамлик» ХДҲ етакчиси сифатида ушбу тантаналарда иштирок этиш “бахти”дан бенасиб бўлдим. “Асрлар садоси”нинг  авж палласида   яшаб турган уйим негадир милиция ходимлари томонидан ўраб олинди. Уйим муюлишида турган ИИБ ходимларнинг «Сизга уйингиздан чиқиш таъқиқланган. Бизни тўғри тушунинг», деган мазмундаги огоҳлантиришлари сабаб уйимда кўмилиб ўтиришга мажбур бўлдим.Бу ҳолат менинг ҳаракатланишимга ИИБ томонидан қўйилаётган илк таъқиқ эмас.  Шу йилнинг 6 февралида ҳам Навоий шаҳрида Фонд Форумнинг ана шундай катта тадбирларидан бири бўлиб ўтаётган дақиқаларда мени ўз ишхонамда “аср” олишган эди. Ўшанда ҳам менга ишлаб турган хонамда  кўчага чиқиш маън этилганди. Ҳаракатим “Асрлар садоси” тадбирининг кундалик кунларидаги каби қаттиқ  назоратга олинган эди.

Кармана шаҳарчасидан 35 км узоқликда жойлашган Сармишсой дарасида ўтказилган мазкур тадбирда аслида аҳоли иштирокини таъминлаш  учун ҳатто қулай транспорт қатнови ҳам  йўлга қўйилмаган.

Сармишсой дараси ҳудудига бирорта транспорт ўтишига йўл қўйилмаганлиги боис,  оддий аҳоли овора-ю сарсон бўлган.  Айримларгина катта қийинчиликлардан кейингина “Асрлар садоси”да томошабин сифатида иштирок этишга муваффақ бўлишган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади:  Қачонгача биз ўз халқимизга шубҳа билан қараймиз? Наҳотки, халқ сайли деб аталадиган тадбир ҳам шу тақлидда қаттиқ назорат остида ўтказилса? Аслида “Асрлар садоси” халқ учунмиди, ёки Ҳожам кўрсин учунмиди ўзи?

Энг муҳими, айнан мени, “Бирдамлик” ХДҲ етакчисини “Асрлар садоси”да иштирок этмаслигим учун аср олишларида қандай маъно бор?  Бу борада ким менга изоҳ беради:  боиси не?

Дилдора БОЙМУРОДОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Навоий вилоят бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares