“Гулнора Каримова ниҳоят, ўзи ҳақидаги гап-сўзларга нуқта қўйди. Куни кеча бўлиб ўтган матбуот анжумани қизғин тус олди”, дея хабар тарқатади мамлакатдаги санъаткорликка даъвогар порлай олмаётган юлдузларнинг “қўйди-чиқди”сини оммага овоза қилиш орқали обрў ортиришга интилиб келаётган “Shov-shuv.uz” сайти.
Мазкур хабар ҳидидан “оламшумул учрашув” 2 май куни содир бўлганинианглаш мумкин. Бутун жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида нега энди айнан Гулнора Каримова хоним сўз эркинлиги имкониятларидан фойдаланиб қолишга урингани биз учун мавҳумлигича қолмоқда.
Мамлакатдаги маданият вазири курсисини эгаллаб турмаган ва айни санъат оламига мутлақо доҳил қилмаган президент қизи билан айнан санъат соҳасида савол-жавоб бўлганлиги эса янада таажжубга солади кишини.
Аввал бошда ўзлари ари уясига чўп тиқиб – ўз твиттерида президент оиласининг шахсий “ҳамёни” вазифасини ўташи иддао қилинаётган Рустам Азимовга тил теккизиб қўйиб, бугунгилик кунда бу қилғилиғига нисбатан хориж интернет сайтларида бўй кўрсатаётган муносабатларнинг асоссиз эканлигини иддао қилишга уринган Гулнора Исломовна, айтишларича, “доно ва дангал” эканлигини кўз-кўз қилишга уринган.Матбуот анжуманида гап айланиб келгуси сайловларга келиб тақалади.
Иштирокчилардан бири “Президентлик сайловларида номзодингизни қўясизми?” деган қабилидаги саволга мамлакатнинг катта қизи “Худони кулдирмоқчи бўлсанг, беш дақиқадан кейин нима бўлишини айт!”, дея донишмандликка ҳам даъвогарлик қилгани айтилмоқда.
Қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистонинг ҳар бир фуқароси сайловларда ўз номзодини кўрсатишга ҳақли. Шу маънода, Гулнора Исломовна ҳам. Унинг бу борадаги орзусига ҳеч бир монеълигимиз йўқ, албатта.
Бироқ, Гулнора Ўзбекистон президентлигига, аниқроғи, ўз отасига ворислик қилишга биринчи даъвогарлардан бири эканлиги ҳақидаги ҳақиқатни, орзу-инлишилари, шу йўлда босқичма-босқич амалга ошираётган ишлари,тузган режалари, босган қадамларини кенг жамоатчиликдан сир сақлашга уриниши, ўзини мусичаи беозор қилиб кўрсатишга интилиши кишинингэнсасини қотиради.
Зеро, Гулнора Исломовнанинг президентлик постини эгаллашга бўлган иштиёқи сўқирга ҳам маълум-ку.
Асл муддаосини сир сақлашга интилишга сабаб не? Келажак қўрқувими ва ё?…
Бу саволга жавоб топишни, Сиз ўқувчиларга қолдирамиз-да, биз бошқа бир жиҳатга урғу қаратамиз: айтингчи, мазкур матбуот ажуманида Гулнора “қоғозга ўрамасдан” очиқ ва дангал гапира олди, деб бўладими?
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли



