
(давоми)
Уйқусида тамоман ўзга бир оламда яшайди инсон. Сизни билмадиму, ҳарҳолда мен тушимда ҳамиша бошқа бир оламда айланиб юраман… Ўша, менга мавҳум бўлган дунёда кезиш фурсатим тугади чоғи, руҳим яна шу ерга, ерга қайтгандек бўлди. Кўзларимни очганимда ёғоч стулга юзтубан ётардим…. Даставвал, қаерда эканлигимни англолмай қолдим. Турай десам, қимирлолмайман. Бел қотиб қолган. Кўтариб бўлмайди. “Эй, Худо, қаердаман?”. Тунги воқеалар кўз ўнгимда қайта жонланиб, таъбимни тахир қилди. “Бу нимаси? Гуноҳим нима? Элнинг елкасига офтоб тегсин, оғзи ошга етсин деб балога қолдимми? Нима гуноҳ қилдим ахир? Шу азоблар ҳам бормиди ҳали менга?”. Беҳол ўрнимдан қўзғалдим. Ювиниш хонасининг деворига осиғлик ойнага боқдим: қовоқлари шишиб, чўкиб кетган кўзларининг таги салқиб қолган, ботиб кетган столнинг рахлари юзларига “расм” солган бир аёл қараб турарди. Ўзимни таниёлмай қолдим. Мана, чап кўзимда яна ўзгариш содир бўпти. Қаттиқ сиқилганимдан бу. Ички заҳарли бўқоқнинг зўриқишидан далолат… 2002 йилда ЎзМТРКнинг собиқ раҳбарлари билан судлашаётганимда шу бедаво дардни сотиб олганман. Шунча уриндим, бутунлай соғайиб кетишнинг имкони бўлмади. Шу-шу озгина сиқилгудек бўлсам, чап кўзим катталашиб кетади, юрагим питирлаб, титраб қоламан…. Мана, яна шу ҳол такрор…. Юзимни чайқаб олиш учун жўмракни бурадим. Иссиқ сув йўқ. Навбатдагисига қўл урдим. Совуқ сув номигагина, борма-йўқ бўлиб томиб турибди. “Қуриб кетсин, номигагина шаҳар. Қишдаям иссиқ сув бўлмайдими шаҳарнинг қоқ киндигида, а? Ўлсин-э!” дедим ўзимча норози тўнғиллаб. Ойнага такрор тикилдим: қош-кўзимга сурма тортмасам, қирқ йиллик касалга ўхшаб қоламан. Лекин ҳозир рассом каби қошга чизишнинг, бет бўяшнинг мавриди эмас. Кўнгилга сиғмайди. Ўйдан бўшамайман: “Нега бу ерга олиб келишди ўзи мени? Нимага ишорат эди бу? “Кўриб қўй, биз шунақа қудратлимиз! Истасак, сени минг бир балога гирифтор қилишимиз мумкин!” дейишганларимикин? Огоҳлантириш белгисимиди? Ким билади. Нима бўлгандаям, таҳқирлашмади, ҳақорат қилишмади, турткилашмади-ку, шунисигаям шукур…” дедим ичимда. Нимагаям куч ишлатишсин? Зўравонлик қилишларига ҳеч бир асос йўқ-ку? Очиғи, ўзим уларнинг қутиришига имкон қолдирмайман. Куч ишлатар тизими ходимлари билан тўқнаш келганимда, буғзидан олгим келади, аммо бир бало қилиб ўзимни босаман, юзларига ҳечам сапчимайман, пагонларини юлиб отишни қанчалик ҳоҳламай, истакларимни идора қилоламан, юлмайман, ёқасига ёпишмайман. Воқейликга ҳамиша табиий ҳолдек қарашга уринганман, бирор марта ҳам шовқин солмаганман, тўпалон кўтармаганман. Мулойим оҳангда гаплашсам, итоаткор қулдек амирларига сўзсиз бўйсунсам… Ўтир дейишса, ўтирсам, тур деганда “дик” этиб оёққа қалқисам…. Худди ана шу феълим уларни менга қўполлик қилишдан тўхтатиб турса керак-да, янаям ким билади?! Хўп, ана,уларнинг амрларига итоат қилмадим ҳам дейлик. Юр деган жойларига боришдан бош тортсам, қўполлик қилсам қутилиб қолармидим? Шунда омон қоларди деб ўйлайсизми? Йў-ўўўқ, қўл оёғимни боғлаб, билагимга кишан солиб бўлсаям олиб кетишган, ўзларига берилган топшириқни “аъло” даражада адо этишган бўларди…. Истайманми, йўқми, ҳозир уларнинг оёғи узангида… Шундай экан, куч ишлатишларига имкон бериб, нима қилдим, дейман… Эҳтимол, адашарман, хато қиларман, лекин аслида ҳам шундай ўйласам, нима қилай? …
Бир маҳал кимдир эшикни оҳиста чертди:
– Опа, тайёрмисиз? Кетдик, – деган товуш эшитилди. Танидим. Бу, ўша, кечаги новча “табиб”нинг овози. Хонадан чиқдим.
– Бормисиз, опа? Мен ўзингизни олтинчи қаватнинг ойнасидан ташлаб юбордингизми деб қўрқиб турувдим. Саломатмисиз?, – ҳазил аралаш ҳол сўради у.
– Ўзини деразадан отадиган ахмоқманми? Ҳали ўлгим йўқ. Танамиздаги жон ҳам Оллоҳнинг омонати. Бу омонатга хиёнат қилиш увоооол, – дедим чўзиб.
– Кечагина мухолифатчи эдингиз, бир кечада отинойига айланиб қолибсизми?, – деди суҳбатдошим муғомбирона тиржайиб. Унга норози қараш қилдим. Гапирмадим. Кеча бизни келтирган уловга ўтирдик. Машина шаҳарни шошилмай тарк этди.
– Энди Оқдарёгами?, – сўрадим ўзимга таниш дарё кўпиригидан ўта туриб.
– Ҳа, сизни ишончли қўлларга топшириб келайлик, – деди новча ходим олд ўриндиққа ястаниб.
– Тушлик пайти бўлиб қолибдику? Укалар, мен қатнашишим керак бўлган тадбир ўтиб бўлди ҳисоби. Энди қанот боғлаб учган тақдиримда ҳам Тошкентга, “ОШ” га етолмайман. Қўйяқолинглар энди, менга жавоб беринглар, уйимга кетай. Эримнинг ҳоли не кечди ҳали?, – ёлвордим уларга.
Ҳайдовчи билан “табиб” жавоб ўрнига мийиғида кулиб қўйя қолишди.
Оқдарё туманининг Лойиш қўрғончасига кирдик. ИИБ биносининг темир панжарасидан ўтибоқ, ўша, доим илжайиб турадиган Улуғбека кўзим тушди. Икки қўлини чўнтакларига солиб, ИИБ ҳовлисида тиржайганча бизни кутиб турарди. Ё тавба, ҳамма аёллар “дод” деб кўзи ёриса, бунинг онаси “хо-хо”лаб туққанми дейман, нуқул тишининг оқини кўрсатиб туради-я бу бола?…
– Опа, кеча уйдан чиқманг деганимга қарамасдан, қочиб кетибсиз-да? – деган луқма билан қарши олди у.
– Энди менга “қочоқ” деган статьяни қўллайсизми? Бу модданинг бошқа бўлимлариям борми? Мени қувлашдан ҳеч чарчамаскансиз-да? Мана, муддаонгизга етдингиз. Тадбирдан қолиб кетдим. Қутулдимми энди? – таънали оҳангда гап қотдим унга.
Қани, кирайликчи?, – у ичкарига йўл бошлади. Менга ҳамроҳлик қилган кузатувчиларим Ички ишлар биносининг ҳовлисида хайрлашиб, ортларига қайтишди.
Яна ўша, оёқлари қайрилиб, синиб кетганидан стол-стуллари “як” ёнбош бўлиб ётган файзсиз хонага кирдик.
– Хўўўш, меҳмон опа, зерикиб қолмадингизми? – ҳол сўради Улуғбек.
– Сизлар бўласизлару, зериктириб қўясизларми? Қувламачоқ ўйинида қўлларинг балад келди-ку, ютдинглар, табрик, – дедим армон билан.
– Жудаям эркин, ниҳоятда ҳозиржавоб экансиз, опа. Феълингиз менга ёқиб қолди. Аслида эркак киши бўлиб туғилишингиз керак экан. Ҳамкасб бўлармидик?, – деди суҳбатдошим айёрона тиржайиб.
– Нима демоқчисиз? Сизлардан тап тортмаётганлигимни писанда қилмоқчимисиз? Очиқча гапираверинг… Бир пайтлар мен қишлоғимнинг болаларига жўрабошилик қилганман. Ўша кезларда ўғил бола бўлишни орзу қилган пайтларим ҳам кўп бўлган. Лекин бугун эркак киши эмаслигимдан Эгамга беҳисоб шукурлар айтиб ўтирибман, – дедим мен ҳам муғомбирона жилмайиб.
– Э-я, нега энди бирдан?
– Ким билади, йигит киши бўлганимда мана бу синиқ столлардан бири бошимга тушиб, қонимга бўярмиди?, – дедим “мункиллаб” қолган стулларга ишора қилиб, – Эркак киши бўлганимда мен билан бунақа сўз ўйини қилиб ўтирармидингиз? Икки тепки, тўрт мушт билан майиб қилардингиз-да… Ҳа, нима, хонангиздаги стол-стуллар бекорга “мажруҳ” бўлиб қолган дейсизми? Бунинг боисини билмайди деб ўйлайсизми? Буларингизнинг ҳар бири камида ўнта одамнинг бошига тўкмоқ бўлиб тушгандир? Тарки одатингизни қўмсаб, ҳозир ҳам қўлингиз қичиб ўтирибдими?, – ҳазил оҳангида гап қотдим.
– Уҳ-ҳууу, тасаввурингиз жудаям кенг экан-ку, опа? Фолбин-полбин эмасмисиз мабодо? – хандон отди у.
– Тўғрисиям шу-да. Мана, мен кишанбанд этилганман. Билсангиз, сиз жонли кишансиз, – дедим ҳаддим сиғиб. Ҳамсуҳбатимнинг кулгусидан фойдаланиб қолдим.
– Ижодкорлар бўрттиришга уста бўлишади. Журналистлигингизга борасиз-да. У қадар лоф қилманг, сиз эркин фуқаросиз, опа.
– Улуғбекжон, жон ука, мана, хонада иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Келинг, бир эркакчасига гаплашиб олайлик. Муддаонгизни биламан. Айтдимку, ниятингизга етдингиз, деб. 8 декабр ҳам ортда қолаяпти. Тадбиримиз тугаб бўлди. Энди мени бу ерда ушлаб ўтиришнинг маъниси йўқ. Хўп денг, укажон, мени қўйиб юборинг, уйимга кетай, – илтижо қилдим унга.
– Агар фақат менга боғлиқ бўлганида, ўша куниёқ қувламачоқ ўйинини тўхтатган бўлардим, опа, – у шундай деди-да, хонани тарк этди.
Мунғайганча қолавердим. Улуғбек узоқ муддат йўқ бўлиб кетди. Анчадан кейин яна бинойидек кайфиятда қайтиб кирди.
– Опа, ўтирибмиз-да чақчақлашиб, қайга шошасиз?, – у қаршимдаги стулга ўтирди, – Ундан кўра интернетда яна нима гаплар? Шундан гапиринг. Кечадан бери шу ҳақда ўйлайман, – деди ўнг қўлини иягига тираб.
– Қўйинг, укажон, ҳозир сайтлардан сўйлайдиган аҳволда эмасман, – дедим ҳазин овозда.
– Ҳа, нима бўлди? Нега бугун шаштингиз паст?
– Жудаям чарчаганман. Туни билан мижжа қоққан эмасман. Дармоним йўқ. Ундан кўра мени қўйиб юборинг. Жавоб бермасангиз, унда устимдан қулфлаб кетаверинг, бироз мизғиб олмасам бўлмайди…, – ўтиндим ундан.
– Эсиз, бугунам бир суҳбатингизни олсак дегандим-да, – пионина клавишаларини босаётган машшоқдек иккала қўлининг саккиз бармоғи билан навбати-ла столни черта бошлади у. Шу зайил бироз ўтиргач, – Яхши, – деганча хонадан чиқди.
Мактаб ўқувчиси каби стол устига қўйилган иккала қўлимнинг устига ҳорғин бош қўйдим. Шу алфозда кўзим илинибди… Бош кўтарганимда, қуёш ботиб бўлган эди… “Ястиқ” қилиб олган қўлимга бош қўйиб, ўй сурганча ўтиравердим, ўтиравердим…
Ниҳоят эшикда қўлида ҳаво ранг селлофанга ўралган нималарнидир қўлтиқлаб олган Улуғбек кўринди.
– Мана, опа, омонатларингиз, – деди у селлофан ичидаги нарсаларни эҳтиёткорлик билан стол устига чиқараркан, – Қабул қилиб олинг.
Видеокўзойнак, видеофотоаппарат, қизимга, ўзимга, жиянимга тегишли қўл телефон аппаратлари ва флешкаларим… Азборойи чарчоқнинг зўрлигидан орг.техникаларимнинг соз, нозослигини ҳам текшириб кўришга ҳафсала қилмай, қайта идишига жойладим.
– Нарсаларингизни қайтариб олганлигингиз ҳақида тилхат ёзиб беринг, опа, – Улуғбек бир варақ қоғоз билан ручка узатди.
Товуқ тирнагандек қилиб тилхатни ёзибману, тагига 7 декабрь санасини қўйиб, имзо чекиб берибман. Тилхатимга кўз югуртирган Улуғбек:
– Бир кун орқада қолиб кетибсизку, опа. Бугун 8 декабрь, – деди қоғозни қўлимга қайтариб.
– Ҳа-я, узр, ҳалигина ўзим ҳам айтгандим-а, 8 деб… Толиқишдан бу…, – дедим-да, қайта ёзиб ўтиришга эриниб, фақат 7 санасининг устидан 8 деб ўзгартириб қўя қолдим…
Барибир Улуғбек ўз билганидан қолмади. Менга жавоб тегмади. 8 декабрдан 9 декабрга ўтар кечаси соат 1.30 га қадар шу “ғариб” хонада қоқилиб ўтиришга мажбур қилишди… Оқдарёнинг ИИБ-ю ММХ чилари Самарқанд шаҳридаги ҳамкасбларидан хасисроқ экан. Шу вақт давомида қарйиб бир сутка туз тотмадим, ҳисоби… 8 декабр ҳисобидан Оқдарё ички ишлар бўлимида сал кам 13 соат ўтирдим. Бир эмас, тилга келиб уч бор “Оч қолдим, бозорчага бориб, бирор нарса еб келсам майлими?” дедим, қўйишмади. “У ҳолда ўзларингиз бирор егулик келтириб беринглар, тишимнинг кирини сўриб ўтиравераманми?” дедим қайта-қайта, қайда, урвоқ ҳам келтиришмади. “Пул берай, ул-бул олиб келинг, илтимоооос” дедим, ялиндим, қайрилиб ҳам қарашмади…. Аслида, 19 кунлик очлик азобига бардош берган одам учун бир-икки кунлик фурсат чўт эмас. Шундай бўлса-да, “Қорним очиқиб кетди. Бирор егулик беринглар” дея атай хархаша қилиб қўяман. Шу йўл билан махсус хизмат ходимларининг одамийлик жиҳатларини тарозига солмоқ, қаричламоқ бўламан гуё…
– Улуғбек, бугун ҳам шу ерда қоламан шекилли, – дедим ярим тун бўлганда тоқатларим тоқ бўлиб.
– Бу ўзингизга боғлиқ, опа, – деди у шарт қўяётган одамдек, – Сизга қай бири маъқул? Шу совуқ бетон орасида ўтирганингиз яхшими, ё қишлоғингизда, онангизнинг уйида ҳордиқ чиқарганингиз афзалми?
– Танлашим керакми? Албатта онамнинг уйи қулай-да!, – дедим қувониб.
– Ўзбошимчалик қилмайман, ҳеч ерга кетиб қолмайман деб сўз берсангиз, Қиётга олиб бориб қўямиз, – муддаога ўтди у.
– Ишонинг, уйдан бир қадам ҳам чиқмайман, – дедим жон кириб…
Ҳали айтганимдек, 8 декбардан 9 декабрга ўтар кечаси ярим тунда, соат 2.00 ларга яқин Улуғбекнинг ўзи Қиётга, онамнинг уйига келтириб қўйди. Ортига қайтаётиб:
– Сизга ишондим-а, опа? Ҳеч ерга қимирламасдан ўтиринг, – дея тайинлади…
Ҳамма ширин уйқуда. Ором олаётганларни уйғотиб юбормаслик учун ўғри мушукдек пусиб онам ўтирадиган уйга кирдим… Зим-зиё… Шам ҳам ёниб, тугаган экан. Гугурт чақишга юрагим бетламай, кўзларимни юмиб, пайпаслаганча оёқ учида ўзим ётадиган диван томон юрдим. “Манзилим”га етгач, “Худога шукур! Яшасин Озодлик!” дедим ичимда тантанавор… Ҳалигина бирозгина бўлса-да мизғиб олишга маҳтал бўлиб турган одам, қани энди ухласам! Нечоғлик толиққан бўлишимга қарамасдан, уйқу келмайди. Боғ томондаги деразадан ташқарига қарадим: дала уйдан ёруғ! Хаёллар олиб қочгандан олиб қочди… “Эсиз, ҳали Зарнигорни кузатиб қўяётганимда негаям “Хавотир олманглар, нима бўлгандаям, эртага соат 12.00 да Олой бозорида бўламан. Тамом”, дедима, нимагаям катта гапирдим? Нега “Худо ҳоҳласа, насиб этса” деган каломни қўшмадим, нега? Мана оқибати! Насиб этмаган экан, боролмасдан қолдим-ку?”, дея аттанг қилдим кўнглимда. Нима бўлди экан бугун Олойда? Тинчлик бўлсин-да ишқилиб?… Уйқу қайда? Туни билан тўлғониб чиқдим…
… Шу қишлоқнинг ўзи яхши-ю, одамларининг хўроз қичқирмасдан уйғониб олишганлари ёмон-да. Каллаи саҳарлаб “ғужу-ғужу” қилишиб, ухлатгани қўйишмайди. Бошимни кўрпа билан буркаб, қулоқларимни беркитаман. Қайда. Кошки оҳиста гапиришса? Овозлари оламни бузади… Эринибгина турдим. 9 декабр тонги ташқарида, челакда турган сувни музлатишга улгурган экан. Челакдаги музини бир мушт ургандим, синиб, тагидан яхдек сув сизиб чиқди. Кафтимга қуйиб, юзимга ургандим, совуқдан терим тиришиб қолди. Ичкарига чопдим. Келиб, дастурхон атрофида ўтирганларнинг қаторига қўшилдим:
– Ассаломууу алакууум, – ёппасига саломлашдим.
– Икки кун ўтмай, яна қайтиб кеп қопсанку? Тинчликма? Ке, орқанга қоқиб қўяй, чигалинг ёзилади, – қучоғини очди энам, – Худони берган куни шу ерда бўп қолдинг-ку, болам?
– Сизни ўзим би-ииир парваришлай деб келдим-да, энажон…
– Мени деб куёв билан ораларингдан гап қочмасин. Бу кампир ари ўлмади, ари қомади, бошгаям бало бўлди, тўшагимни совутди демасин, мендан домангир бўмасин… Қишлоқда шунча одам бор… Қаровсиз қоп кетмасман…, – тинчимни ўйлади энам.
– Куёвингизни ўзлари атай қайтариб юборди. Одам одамга ғанимат, бориб, энагни дуосини ол, дунё тугаса тугайди, бу иш адо бўлмайди деган, ўзлари изин берган, эна, – ёлғонладим. Нима дейишим керак эди? Бандиман, асираман, истасам ҳам кетолмай қолдим дея олмайманку?
– “Кулдан пул бўмас, куёвдан ўл бўмас” дегувчийдику ота-боболар?… Адашган экан-да? Куёвнинг ҳам қайнонага ич ачири бўларкан-да? Умридан барака топсин, менинг ёшимни берсин. Тўй кўрсин, ғам кўрмасин!, – қўлларини дуога очди энам. Юзларига фотиҳа тортилди…
Ҳамма нонуштага ўтирган бир пайтда, томоғимдан овқат ўтмай, телефонимга ёпишдим.
– Э-я, ойижон, телефонларимизни қайтариб олдингизми? – қувониб кетди қизим.
– Ҳа, қайтариб беришди…, – дедим унга телефон аппаратимни узатиб, – Мана, буни кўрчи? “Антена”си чиқмаяпти-ку?
Учала аппаратни ҳам ишлатишга кўп уриндик. Фойдаси бўлмади. Бирортасини ҳам ишлата олмадик. Ҳеч ким билан боғланишнинг имкони бўлмади.
– “Одам” бўлмади бу Юсел! – дедим жиғибийрон бўлиб, – Сил қилди ҳаммани! – бор айбни компаниянинг гарданига юкладим.
Шу аснода онали-қиз телефон титкилаб ўтиргандик, эшик очилиб, сут кўтарган қўшни келин – Гўзал кириб келди.
– Опа, сизни дарвозахонада бир киши йўқлаяпти, – деди аллақандай ҳадик билан.
Ҳайрон бўлиб, дарвоза томон йўналдим. Қарасам, эшик тагида милиция формасидаги ёшгина бир йигитча турибди.
– Келинг, хизмат?, – дедим жиддий.
– Шу ердамисиз, опа?
“Шу ерда бўлмай, очиқ мозорда бўлармидим?” дея додлагим келди-ю, шайтонга ҳай бердим. Зўрға ўзимни босдим.
– Кўриб турганингиздек… Нима эди? – дедим энсамни қотириб.
– Сиз уй қамоғидасиз, опа. Сизга шуни етказишга келдим. Уйдан чиқишингиз мумкин эмас…
– Аввал ўзингизни таништиринг? Кимсиз?
– Мен Бутанош маҳалласининг участка нозири Ҳусанман…
– Фамилиянгиз?
– Ахроров…
– Сизми ҳали менинг балоғатга етмаган қизимни мажбурлаб машинага тиқадиган, ички ишлар биносига судраб кетадиган? – дедим қошларимни кериб, – Яхшиям ўзингиз келиб қолдингиз. Мен сизни қидираётгандим. Қонунни бузганингизни биласизми?
– Мен ҳеч нарсани билмайман, опа. Олиб кел, дейилди, олиб бордим… Бошқасини билмайман… Мажбур қилмадим, зўрлаб машинага тиқмадим… Илтимос қилувдим, ўзи кириб ўтирди. Ишонмасангиз, ана, қўшнилардан сўранг, – каловланиб қолди участка нозири.
– Уй қамоғида эканлигимни тасдиқловчи қоғозингизни беринг-да, кетаверинг. Одамларни ҳуркитмасдан. Сиз билан бошқа ерда, бошқа вақтда гаплашаман, – дедим унинг жавобини бериб.
– Уйдан чиқмайсиз-а?,- ортига қайтаётиб савол ташлади у.
– Қоғозингиз борми?
– Йўқ…
– Унда бориб, сиз бемалол қоғозингизни келтираверинг, мен ҳеч жойга жилмасдан, шу ерда кутиб ўтираман, бораверинг, – дедим бироз ҳовуримдан тушиб.
У кетди. Дарвозадан эрининг 11-калишини судраганча Гўзал чиқиб келди:
– Нима гап, Малоҳат опа, тинчликми? Эрта тонгдан бери қишлоқда номерсиз машиналар изғиб юрибди. Ана уни қаранг, уйларингизни кузатиб ўтирибди, – ваҳима қилди у Маҳмуднинг уйи томонга ишора қилиб.
Ҳали эътибор ҳам қилмаган эканман. Биздан 200 метр наридаги Маҳмуднинг уйини орқасида оқ бўлиб оқмас, кул ранг бўлиб, кул рангмас, ҳаво ранг ҳам дея олмайман, хуллас, оқишсимон РАФ башара машина турарди.
– Мана бу кўчанинг бошида, дўкончанинг олдида яна битта рақамсиз нексия турибди. Ҳамзанинг уйини қаршисида Матиз бор. Номери йўқ.. Катта трассага олиб чиқадиган йўлнинг адоғигаям битта “без номер” Нексия қўйилган, – ахборот берди қўшни келин хавотирли пичирлаб, кейин саволга кўмди, – Ўтакам ёрилди, опа. Нима гап?…
Участка нозирининг “Уй қамоғидасиз” деган гапини назар ҳам қилмагандим. Рақамсиз машиналарга кўзим тушгач, “Таъқиб ҳалиям тугамаган экан-да” деган ўй миямга урди….
( давоми бор)
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси