Қачон журналистларга бўлган босим барҳам топади?

Навоий вилоятига қарашли Конимех туманидаги тиббиёт бирлашмасида яқин касбдошларимиздан бири  даволанишда бўлганлиги боис касалхонага ҳол сўраш мақсадида бордик.

Касалхона ҳовлисидаги тартибсизликлар ва чиқиндилар уюми ҳамда сочилиб ифлосланиб ётиш ҳоллари бизни ажаблантирди.

Бунинг сабабига аниқлик киритиш мақсадида бош шифокор Бахтиёр Акрамович Имомқулов қабулига киришимизга тўғри келди.

Суҳбат жараёнида бош шифокорга  тозалик ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш лозимлиги, акс ҳолда бу каби антисанитария ҳолатлар беморлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги  ҳақидаги фикрларимизни баён этдик.

Бироқ, афсуски, бош шифокор Бахтиёр Акромович «Касал кўришга келганмисанлар, касалингни кўриб кетавер, бошқаси билан ишларинг бўлмасин!», деб ўдағайлай кетди.

Мен эса вилоят ҳокими томонидан бутун вилоятимиз миқёсида тозалик талаб этилаётганлиги ва ҳатто бу юмушлар вилоят сиёсати даражасигача кўтарилгани  хусусида тушунтиришга уриндим.Шунда Бахтиёр Имомқулов  «Бор қўлингдан келганини қил, бу мени ишим, Эркин Турдимовинга ҳам ҳаққини бериб ўтирганман лавозимга, нима демоқчисан?» деган куйи  ноўрин сўзлар билан бизни мажбурий тарзда касалхонадан чиқариб юборди.

Эркинжон Оқбўтаевич ҳокимлик қилаётган вилоятда журналистларга нисбатан муносабат шу ҳолатга келиб қолганлиги ачинарли ҳол, албатта.

Аммо қачонгача бундай сиёсат давом этади, номаълум.

Қачон журналист ҳақиқатни ошкор этиш имконига эга бўлади? Қачон мансабдорлардаги ноқонуний ҳаракатлар тўхтайди? Қачонгача ҳақиқатни айта олган журналистларга нисбатан туҳмату бўҳтонлар уюштирилиб, жавобгарликка тортилишлар барҳам топади?

Дилдора БОЙМУРОДОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Навоий вилоят бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares