“Йўл ҳаракати қоидалари”да велосипед одам кучи билан ҳаракатлантириладиган, икки ёки ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситаси сифатида келтирилади. Кам учрайдиган осма двигателли велосипедлар эса мопедга тенглаштирилади.
Бундан келиб чиққан ҳолда, мантиқий нуқтаъи назардан таъриф бериладиган бўлса, велосипедчи – велосипеддан транспорт воситаси, дам олиш усули ёки спорт тури сифатида фойдаланадиган шахсдир. Бу доимий ишга велосипед билан қатнайдиган шахс, дунё кезувчи сайёҳ, профессионал спортсмен-велопойгачи, вақтини чоғ ўтказаётган ўсмир ёки бошқа мақсадларда велосипедда ҳаракатланаётган инсон бўлиши мумкин.
Шуни билиб олиш керакки, велосипед етаклаб кетаётган шахс пиёда ҳисобланади. Велосипеднинг ушбу хусусияти унинг яна бир афзалликларидан биридир, айрим ҳолларда жуда асқатади.
Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганлар борки велосипедни бошқариши мумкин, уни бошқариш учун ёшга нисбатан талаб қўйилмаган. Шунинг учун ҳам, ёш болалар, ўсмир ёшлар, катталар учун мўлжалланган турли туман ва исталган дизайнга эга велосипедлар оммалашган. Бироқ, унитмаслик керак, Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, йўлларда велосипед бошқариш 14 ёшга тўлган шахсларга рухсат этилади. Ушбу талабга риоя қилишга боланинг ота-онаси масъулдир.
Велосипедга қандай талаблар қўйилади?
Велосипедда ҳаракатланиш хавфсиз бўлиши учун уни доим барча техник талабларга жавоб берадиган ҳолатда тутиш даркор. Акс ҳолда эса хавф туғилишига шубҳа йўқ. Масалан, тепаликдан носоз тормоз ёхуд тормозсиз тушаётган велосипедчини тасаввур қилинг.
Шу мақсадда, хавфсизликни таъминлашга қаратилган қатор талаблар Йўл ҳаракати қоидаларида ўз аксини топган. Хусусан, мазкур нормага кўра велосипед товуш бергич мосламаси билан жиҳозланган ва унинг тормози соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарли кўринмаслик шароитида велосипеднинг олд томонига оқ рангли, орқа томонига қизил рангли чироқча ёки қизил рангли нур қайтаргич, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак (ЙҲҚ 27.3 б.). Ушбу талабларга риоя этмаслик Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳисобланади.
Шу ўринда яна бир маълумот, велошлем, тирсак ва тиззаларни ҳимояловчи воситалар ҳам мавжуд. Уларни тақиш мажбурий ҳисобланмайди. Бироқ, турли жароҳатларни олдини олиш, муқаррар жароҳатларни енгиллаштириш, ҳаракатланиш ва соғлиқ учун муҳим бўлган тана аъзоларини асраш мақсадида улардан фойдаланиш тавсия қилинади.
Ҳаракат қоидалари.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларига қўйилган талаблар велосипедчига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Шу билан бирга, механик бўлмаган воситаларни бошқаришнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуд (ЙҲҚ 27.2 б.). Энг аввало, бу велосипеднинг двигателли транспорт воситаларига нисбатан заифлиги билан изоҳлаш мумкин.
Таъкидлаш лозимки, велосипедда ҳаракатланиш авваламбор велосипед учун ажратилган махсус йўлкаларда амалга ошириш лозим. Махсус йўлкаларда мопедда, айрим ҳолларда эса пиёдалар ҳам ҳаракатланиши мумкин. Бироқ бизда, ҳозирги вақтда махсус ажратилган йўлкалар жуда камлиги сабаб ҳаракатланишнинг бошқа альтернатив имкониятларидан фойдаланилмоқда.
Велосипедни бошқариш пайтида йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишга йўл қўйилади. Аммо, мазкур қоида велосипед йўлкалари мавжуд бўлган йўлларда таъқиқланади. Шунингдек, велосипедчилар агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасида ҳам ҳаракатланишга рухсат этилади (ЙҲҚ 27.2 б.). Бунда яна бир эътибор бериш керак бўлган ҳолат, яъни йўл ёқасини тротуардан фарқлаш зарурдир. Тротуар – йўлнинг қатнов қисмига туташган ёки ундан майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми. Маълум ҳолларда, йўл ҳаракатини тартибга солувчи шахснинг талабига биноан велосипедчи тротуарда ҳам ҳаракатланиши мумкин.
Алоҳида қайд этиш лозимки, автомобилларнинг катта тезликда ҳаракатланишига мўлжалланган, бошқа йўллар билан тўташмайдиган автомагистралларда велосипедларнинг ҳаракатланиши нафақат бизнинг давлатимизда, балки бошқа мамлакатларда ҳам тақиқланган (ЙҲҚ 18.1 б.). Шу билан бирга, “Велосипедда ҳаракатланиш тақиқланган” йўл белгиси ўрнатилган йўлларда ҳам ҳаракатланиш мумкин эмас. Мазкур тақиқлар, энг аввало хавфсизлик нуқтаи назари билан боғлиқ десак муболаға бўлмайди.
Велосипедчилар колоннаси учун махсус қоида ўрнатилган. Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш давомида велосипедчилар колоннаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштириш учун гуруҳларга бўлиниши керак.
Йўлга чиқаётган ҳайдовчи унинг ҳаракат йўналишини кесиб ўтаётган велосипедчиларга йўл бериши керак. (ЙҲҚ 10.2 б.). Бундан ташқари, чапга ёки ўнгга бурилаётган ҳайдовчи велосипед йўлкасидан йўлни кесиб ўтаётган велосипедчиларга йўл бериши керак (ЙҲҚ 15.1 б.). Кўпроқ ушбу қоидаларга қатъий амал қилиш, мижоз олиш ниятида тўсатдан тўхтаб, велосипедчилар йўлини тўсиб қўйувчи такси ҳайдовчиларига тегишли.
Шу билан бирга велосипедчилар томонидан ҳам ҳаракатланаётган бошқа транспорт воситаларига ҳалақит бермаслик ва ноқулай вазиятларни вужудга келтирмаслик мақсадида айрим ҳаракатлар чекланган. Масалан, велосипед ҳайдовчиларига трамвайлар ҳаракатланадиган йўлларда ва тегишли йўналишда бўлаги биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш таъқиқланган (ЙҲҚ 27.4 б.) бўлса, чорраҳадан ташқаридаги ҳаракат тартибга солинмайдиган жойда велосипед йўлкасида бораётган велосипедчилар бу йўлка билан кесишган йўлларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл беришлари керак (ЙҲҚ 27.5 б.).
Сигнал ва ишоралар.
Автотранспорт воситаларнинг ҳаракатланиши йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари учун тушунарли ва кўринарли бўлиши учун уларда турли ёруғлик (чироқ) мосламалари ўрнатилган. Велосипедда эса бундай техниканинг мавжуд эмаслиги боис, ушбу вазифани велосипед ҳайдовчиси томонидан амалга оширилади.
Велосипед ҳайдовчиси: ҳаракатланишни бошлашдан, қайта тизилиш, бурилиш (қайрилиб олиш) ва тўхташдан олдин ишора бериши лозим. Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, қуйидаги расмда велосипедчи томонидан қўл билан ишоралар бериш тартиби намуна сифатида кўрсатилган (ЙҲҚ 9.2 б.).
Намунада кўрсатилганидек велосипедчи чап қўлини ёнга узатса ёки ўнг қўлни ёнга узатган ҳолда тирсакни тепага тўғри бурчак остида букиши велосипедчи чапга бурилиш (қайрилиб олиш)ни билдирувчи ишорани саналади. Ўнгга бурилиш учун эса қўлларнинг ҳаракат тартиби алмашади ҳолос, яъни таъкидланган тартиблар унг ва чап қўлларда бажарилади.
Тўхташ ишораси чап ёки ўнг қўлни юқори кўтариш орқали билдирилади.
Тегишли ҳаракат ишорасини бериш манёвр бошланишидан олдин бажарилиши ва тугаганидан сўнг дарҳол тўхтатилиши лозим. Ишорани тўхтатиш маневрдан олдин тўхтатилиши ҳам мумкин.
Бироқ, юқоридаги ишоралар велосипедчига олдин ҳаракатланиш ҳуқуқини бермаслиги билан бир қаторда, уни зарур эҳтиёткорлик чораларини кўришдан озод этмайди.
Хусусан, ҳайдовчи ўзидан орқада келаётган, қувиб ўтишни бошлаган ва бошқа транспорт воситаларига ҳалал бермаслигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина, ҳаракатланиш йўналишини ўзгартириш ҳақида огоҳлантирувчи ишора бериши кераклигини билдиради (9.3 ва 9.4 б).
Кўриш мумкинки, огоҳлантирувчи ишоралар унча кўп эмас ва улар соддадир. Муддао, фалокатли ҳолатларнинг олдини олиш ёки ҳаракатланиш йўналишини ўзгартиришни англатишдир. Шу сабабли ишора бериш – велосипедни хавфсиз ҳайдашнинг муҳим қисми ҳособланади.
Белгилар.
Ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси билиши лозим бўлган қатор йўл белгилари мавжуд, буни Йўл ҳаракати қоидаларида мужассамлиги барчага маълум. Шу билан бирга велосипедчиларнинг ҳаракатланишини тартибга солувчи қуйидаги махсус белгилар ҳам мавжуд.
1. 2. 3.
1. Велосипед йўлкаси
2. Велосипед йўлкаси билан кесишув
3. Велосипед ҳаракатланиши тақиқланган.
Жавобгарлик.
Йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари сингари велосипедчилар ҳам ҳуқуқбузарлик учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади. Даслаб, маъмурий жавобгарлик хусусида. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда қуйидаги нормалар мавжуд:
– 136 модда, велосипедчининг алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши – энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
– 138 модда, велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги – энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Велосипедчининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши авария ҳолатини вужудга келтирса, – энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, велосипед ҳайдовчининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, – энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шу билан бирга бундан ҳам жиддий жавобгарлик турлари мавжудлигини унутмаслик лозим. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси инсонларнинг ҳаёт ва соғлиғига, уларнинг мулкига қарши қаратилган жиноий тажовузлардан қўриқлайди. Ушбу қонун нормалари велосипед эгарига ўтириб, қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасидан йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари ҳуқуқларига зиён етказган шахсларга нисбатан татбиқ қилиниши мумкин.
Шу ўринда фойдадан ҳоли бўлмаган маслаҳатлар билан таништириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Йўлларда юқори хавфсизлик ва ҳар жиҳатдан қулай ҳаракатланиш учун малакали велосипедчилар қуйидаги тавсиялар беради:
– юқори тезликда юрмасликка ҳаракат қилинг – меъёрдаги тезликда вазиятни назорат қилиш осонроқ;
– чироқлар ва ёруғ қайтаргичларда пул тежаманг, чунки йўллардаги яхши кўриниш тўқнашув хавфини камайтиради;
– йўл ёқасидаги автомобиллардан эҳтиёт бўлинг – улар тўсатдан ҳаракатга келиши ёки кутилмаганда эшиклари очилиши мумкин;
– ҳаракати зич бўлган йўлларда юрмаслика ҳаракат қилинг ёки бундай йўлларда пиёдалар сафига ўтинг;
– атрофиздаги вазиятни билиш учун доим йўлларни кўздан кечиринг.
Оқ йўл!
Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлиги масъул ходими
Сотиболдиев Жахонгир
Даракчи газетаси