Ёқай десанг ўтин йўқ, қалай десанг кўмир… Табиий газ қаҳатлиги боис, айниқса, 3 ой қиш ўзбекистонлик учун жаҳаннам азоби эканлигидан хабарингиз бор.
Бу ҳам етмагандек, нафақат 3 ой қишда, балки йил ўн икки ой ҳукуматнинг “ўгай” фуқаролари бўлмиш қишлоқ аҳолиси электр энергияси нима эканлигини билишмайди.
Аҳвол шу зайилда давом этадиган бўлса, электр энергияси, электр чироғи деган сўзлар шу яқин кунларда қишлоқ кишиларининг сўз луғатидан – истеъмолдан чиқиб кетса ҳам ажаб эмас.
Электр тақчиллиги сабаб, қишлоқларда телевизор кўришмайди, радио эшитишмайди, чороғон нур остида китоб мутоала қилинмайди – бир сўз билан айтганда авом оламдан шу тақлидда узиб қўйилган. Шўрлик қишлоқ кишилари, ҳатто, кечки танаввулни ҳам одамлардек чироқ ёруғида истеъмол қила олиш бахтидан ҳам бенасиб.
Бунингдек “ит ётиш – мирза туриш” қабилидаги яшаш широити ўтган асрнинг 20 йилларини эслатиб юборади кишига дафаътан. Ёки Афғон тоғларида умргузорлик қилаётган қўшни халқнинг турмуш тарзини ёдга солади.
Дарвоқе, биз Афғонистонни бежизга тилга олган эмасмиз.Ўзбек элига инъом этиш эп кўрилмаётган электр энергияси Афғон юртига пулланаётганидан хабардорсиз, албатта.
Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси йил ўн икки ой давомида электрсиз ўтган ит азобдаги кунларининг нархи қанчага тушганини билишармикин? Ҳа, сиз нима деб ўйлагандингиз? Бу дунё асли бир бозор: унда ҳар нарсанинг ўз нархи, навоси бор, ахир!
2012 йилнинг илк ойидаги ҳисоб-китобларга таянадиган бўлсак, Афғонистон Ўзбекистондан 9 миллион долларлик электр қуввати харид қилган. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, ўтган йили Ўзбекистон ҳукумати харидор томонга электроэнергиянинг ҳар бир киловаттини 6 центдан пуллаганди. Қолганини ўзингиз хом чўт қилиб кўраверинг.
Мамлакат ичидаги истеъмолчилардан 1 киловатт эелектр энергияси учун ана олинг, 120 сўмнинг нари-бериси миқдорида ҳақ олинади.
6 центимиз ўзбек сўмида қанча бўларкин?
Давлат курсида ҳисоблайдиган бўлсак, 1 центни қўпол қилиб ҳисоблаганда – 20 сўмга тенг деб оладиган бўлсак, 6 центимиз – 120 сўмни ташкил қилар экан-да.
Модомики, ўз халқимизни электр энергиясидан қисиб қўйиш оқибатида Афғонистонга сотилаётган бир кловатт электр 120 сўм қийматида баҳоланадиган бўлса, ҳорижга сотилаётган ва мамлакат аҳолиси учун берилаётган бир киловатт электр таннархи ўртасида қани тафоввут? Деярли миқдорда фарқ йўқ ҳисоби-ку, шундай эмасми?
Кейинги маълумотларга қараганда Ўзбекистон ҳукумати Афғонистонга сотилаётган электр энергияси нархини қимматлагани айтилмоқда. Яқиндан бошлаб қўшни Афғон мамлакатига пулланаётган электр токининг 1 киловатти 7 центдан баҳоланадиган бўлибди.
Ана боринг, 7 центни зиёди билан 150 сўм ҳам деб олайлик.
Афғонистонга сотиш эвазига электр энергиясидан тушган 9 миллон долларлик даромад наҳотки ўзбек халқининг, ўзбек аёлининг, ўзбек боласининг саломатлигидан қимматроқ турса? Наҳотки миллатимиз, миллатдошларимиз 7 центга арзимаса?
Ҳукумат ўзбекнинг электр энергияси истеъмолида тўкисликка эриши ҳақидаги орзуларини 150 сўмга осон ва арзонгина сотиб юбораётган бўлса? Наҳотки?
Наҳотки юртдошларимизнинг, асосий оғирлик зиммасига тушаётган қишлоқ аҳолисининг фаровон турмуш тарзини 150 сўмга алмаштириш мумкин бўлса?
Барака топгур Каримов!
1 киловаттига 150-200 сўмдан солинаётган шу ўлпонни элга солинг, электрни юртга сотинг. Зеро ўзбегимиз ҳам бир марта келадиган дунёсида одамдек яшаш учун бир киловатт электрга 200 сўмдан тўлашга қодир.
Электр энергияси элдан ортсагина, Машриқдан Мағрибгача истаганингизча пуллашингиз мумкин бўлади. Бунчалар улуснинг сабрини синаманг, ахир!
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Ўзбекистон бўлими фаоли



