26 апрел куни Ислом Каримов Андижонда бўлди, у ерда вилоят ҳокимини алмаштирди, фермерларни эса, шу сўзлар билан илҳомлантирди: “Ғайрат солинг! Қўрқманг! Ортингизда мен борман!” Бу ўзгаришлардан ташқари Ислом Каримов андижонликларни ўз чиқиши билан хурсанд қилди, бунинг учун у Андижон вилоят Кенгаши халқ депутатларининг гулдурос қарсакларига сазовор бўлди.
Ўзбекистоннинг эришган ютуқлари, деди Каримов, бутун дунёни қойил қолдирмоқда, бунда Андижон вилоятининг ҳам ҳиссаси бор.
Кейин у Андижон вилояти ютуқларини рақамларда ифодалашга киришди. Бунда ялпи даромаднинг ўсиши 2 карра, саноат моллари ўсиши – 2,9, қишлоқ хўжалиги – 1,6, пуллик хизматлар – 2,7, қурилиш ишлари – 3,4 марта ва ҳоказо.
Каримов ўз нутқини шундай тугатди: “Фермерлар! Кичик тадбиркорлар! Ғайрат қилинг! Қўрқманг! Ортингизда мен борман!!!”
Агар ортингда Каримов бўлса…
Вилоятлардаги айрим фуқаролар президент сўзларини муҳокама қилишга киришди, уларнинг кўплари, ўтган йиллар тажрибасидан келиб чиқиб, ҳаммасини аксинча тушуниш керак деб билади.
Ўзбекистоннинг марказий вилоятларидан бирида яшовчи фермернинг сўзларига кўра, 2003 йили ҳам Каримов фермерларни қўллашини айтиб чиқиш қилган эди, натижаси эса баттар ёмон бўлди.
2003 йилгача ҳар йили фермерларнинг ёнилғи, ўғит ва солиқлар бўйича қарзларидан кечишар, солиқларини камайтиришарди.
Президентнинг чиқишидан кейин улар олдинги имтиёзларга янгилар қўшилади, балки пахтанинг харид нархини кўтаришади дея умид қилишди.
Бироқ бундай бўлмади. 2003 йилдан фермерлар қарзидан кечмайдиган бўлишди, бунга қўшимча топширилган техник уруғ эвазига ёғ заводларидан бериладиган пахта ёғини бермай қўйишди.
“Шундан буён ўша қўшиқ давом этади. Йилдан йилга – қаттиқроқ, жарангдорроқ…”, – дейди фермерлар президент маърузаси ҳақида.
Бугунги фермерлар, унинг сўзларига кўра, хонавайрон бўлган ва таланган, ҳатто солиқчилардан ҳам қўрқмай қўйишган.
Агар илгари улар бир неча кунлаб ҳисоботни, кечиктирилса жарима ва пениялари ошишидан қўрқиб, ўз вақтида топшириш учун солиқ идораси эшиги олдида турган бўлишса, эндиликда солиқчи ва статистларниг ўзлари ҳисоб бланкалари билан уларникига қатнайдиган бўлиб қолган, фермерлар фақат муҳрлари ва имзоларини қўйсалар бас.
“Шунчаки фермернинг аллақачон йўқотадиган нарсаси қолмади, у тирикчилик қилиш, оилани боқиш учун бир икки гектар полиз экиш ҳақидагина ўйлайди”, – дейди Uznews.net суҳбатдоши.
Пахта хом ашёсидан ва ғалладан тушадиган даромаддан у умид қилмай қўйган, уларни етиштириш фақат зарарига, дея қўшимча қилади у.
Фермерлик ҳисоб-китоби ва хомчўти
Фермерлар 2012 йил кирим чиқимининг оддий хомчўтини таклиф қилишади.
Айтайлик, бир гектар ердан фермер 3 тонна пахта олади. Буни у ўрта ҳисобда тоннасига 800-840 минг сўмдан жами 2,4 млн. сўмга (857 АҚШ доллари) сотади.
Айни пайтда фермернинг бир гектарга сарфлаган харажати қуйидагича:
Ер ағдариш – 100 минг сўм.
Ерни техник экишга тайёрлаш (длинновоз, чизеллаш, бороналаш, сеялка) – жами 200 минг сўм.
Культиватор билан ўн марта ерга ишлов бериш, шунинг ичида майда харажатлари билан 40 минг сўмдан жами – 400 минг сўм.
500 кг аммиак селитраси – 300 000 сўм, маҳаллий ўғит олиб чиқиш – 50 000 сўм. Жами ўғит – 350 минг.
Биолаборатория – 50 минг сўм.
Битта ишчига бир гектардан, бунинг ичига бегона ўтдан тозалаш, чеканка, ягана, дефоляция ва бошқалар киради – ойига 150 минг сўмдан, бунга пенсия фонди ва даромад солиғини ҳам киритиш керак. Жами ойлик – 2 500 000 бўлади.
Бир тонна пахтани териш учун, фермер ўртача теримчига 200 минг сўмдан беради. Бунга 25 % пенсия фонди солиғини қўшамиз – 50 000 сўм.
Тағин транспорт харажати, пахта пункти лобарантига пора, теримдан ташқари теримчиларга қилинадиган харажат (кимларнидир овқатлантириш, тарози, фартук ва ҳоказоларга) – 50 000 сўмдан.
Натижада бир тонна учун – 300 000 сўм харажат. Агар фермер 1 гектардан 3 тонна олса – демак терим харажати – 900 минг сўм бўлади.
Бундан ташқари, техника харажати – трактор таъмири, культиватор, сеялка, чеканка, дефолиатор, тележка ва ҳоказо, камида 200 минг сўм.
Солиқ учун 1,6 фоиз пенсия жамғармаси, 1,4 фоиз йўл жамғармаси, 0,5 фоиз – мактаб фонди, жами 3,5 фоиз 2,4 млн. сўмдан – 100 минг сўм.
Ер солиғи ўртача 1 га – 500 минг сўм.
Турли бошқа ҳаражатлар – 100 сўм.
Жами 11 боб бўйича чиқим – кирим 2,4 млн бўлган тақдирда, чиқим 5,4 млн. сўмни ташкил этади.
Андижондаги чиқиши пайтида Ислом Каримов мутлақо бошқа рақамларни айтган, шунинг учун фермерларнинг сўзларига кўра, унга ишониб бўлмайди, у ўтган йиллардаги каби мамлакат реал ҳаётидан узоқда юрибди.
Uznews.net



