Ҳукумат “маҳаллаком”нинг ноқонуний даромад манбаини яна биттага кўпайтирди

Ўзбекистонда ўзини ўзи бошқариш органлари деб аталадиган  қишлоқ ёхуд маҳалла фуқаролар йиғинлари  ва унинг оқсоқоллиги, яъни раислиги “пост”ига навбатдаги сайловда курашлар янада кескин кечадиган бўлибди.

Нега дейсизми?

То шу кунга қадар мазкур оқсоқоллар 2 ва 16 ёшгача бўлган болаларга нафақа пули тўлаш, кам таъминланган оилаларга моддий кўмак кўрсатиш каби ҳуқуқларидан фойдаланиб бирлари машинали, бирлари қўш иморатли бўлишаётган эди.

Шу кеча кундуздан бошлаб, ҳукумат томонидан маҳалла оқсоқолларига хусусий самолёт сотиб олиш имконияти яратиб берилди.

Куни кеча кучга кирган “Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун оқсоқолларга берилган ана шундай  имкониятнинг калити, айтиш мумкин бўлса, кафолати ҳисобланади.

Гап шундаки, янги таҳрирдаги мазкур қонунда ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб боради, дея белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон шароитида бу нимани англатишини биласизми?  Бунинг таржимаси шундан иборатки, маҳалла оқсоқоллари  ёш болаларнинг нафақа пуллари баҳона илгарилари “майда чайнаб”   юришган бўлса, энди ямламай ютадиган бўл-иш-ди-иии, дегани-да.

Айни дамда  “текинга мушук офтобга чиқмайди”, деган ақидага амал қилмайдиган “маҳаллаком”нинг ўзи йўқ Ўзбекистонда. Ҳаттоки, 2 ёшгача бўлган болаларга нафақа пули тайинлашнинг ҳам ўз “ставка”си ҳар бир маҳаллада қатъий қилиб белгилаб қўйилган.

Бозордан арзон нархда аҳолига тарқатилиши керак бўлган ун, ўсимлик ёғи, шакар каби маҳсулотларни “маҳаллаком”лар томонидан енг ичида улгурчи савдога чиқариб юборилиши-ю, кўпнинг нонини тўя қилиб чўнтак тўлдиришларини-ку эслатмасак ҳам бўлаверади.

Модомики, фуқаролар йиғини раисларига ўз ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектларини назорат қилишга фатво қилинибдими, демакки, Худо берибди деяверинг.

Прокуратура, давлат солиқ инспексияси, участка нозирлари, “санэпстанция”, ёнғинга қарши кураш – ўт ўчириш бўлимлари-ю, “электросет” деган ташкилотлардан ташқари шўрингкўрғур тадбиркорларни талайдиган нонхўрлар сони яна биттага кўпайибди.

Тадбиркорларни талаш имконияти берилгач, таъма эвазига тушаётган сармояларига  самолёт сотиб олишади-да, бошқа нимаям қилишарди, деган хавотирли ўйдан ташвишдамиз.

Орзилуг ХУДОЁРОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Ўзбекистон бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares