Навоий вилоятининг барча чекка туманлари каби Навбаҳор туманида ҳам аҳоли ўртасидаги ишсизлик оилаларни қашшоқликка етакламоқда.
Арабсарой ҚФЙдаги Карвон маҳалласида яшовчи Норқўзи Файзиевнинг ишсизликдан қийин аҳволга тушиб қолиши ҳеч кимни қизиқтирмади.
Айни дамгача ҳам у рафиқаси Шахноза ва уч нафар фарзанди билан том қисми лойсувоқ, шифтидан чакка ўтиб уюлиб тушган икки хоналигина уйда яшайди.
Оила бекаси Шахноза Жумаеванинг айтишича, Норқўзи ишсизликдан икки маротаба мажбур бўлиб, ўғирлик содир этиб, судланган.
Март ойининг бошидан эса, Норқўзи коллежнинг 1-босқичида таҳсил олаётган тўнғич ўғлини ўқишдан олиб қолиб, Навоий шаҳрига хом ғишт қўйиб пул ишлаш мақсадида мардикорликка чиқиб кетган.
9-10 ёшли икки нафар фарзанди билан икки ойдан бери ёлғиз яшаётган Шахноза ҚФЙ раиси Тошев Ислом ва Карвон МФЙ раиси Файзиев Ғофурлардан бир неча бор ёрдам сўраб мурожаат қилишига қарамай, нажот бўлмаган.Фермер хўжаликдан бир гектар ер олиб баҳордан то кузгача меҳнат қилиб тер тўкишига қарамай, Шахнозага фақатгина ғўзапоя яъни ўтин тегар экан.
Бу деярли барча фермерларнинг меҳнаткашларга ҳақ тўлаш усули.
Бекзод БЕК
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Навоий вилояти бўлими фаоли



