Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ҳамон уюшган жиноий гуруҳ изғиб юрибди.
Махсус малакага эга бўлган аёл ва эркак кишидан иборат бу банда гоҳида электр ёки газ таъминоти ходими, маҳалла фаоли сифатида, асосан, кимсасиз қариялар хонадонида “меҳмон” бўлишмоқда.
Уй эгасининг ишончига кириш мақсадида эшик қўнғироғини чалган аёл ортидан уйга бостириб кирган талончилар хонадон соҳибларини тунашмоқда. Босқинчиларга қаршилик кўрсатган уй эгалари аксарият ҳолларда ўғриларнинг қурбонига айланмоқда.
То шу кунга қадар пойтахтнинг Чилонзор, Учтепа каби туманларида, шунингдек, Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида ҳам босқинчи банда билан боғлиқ қатор талончилик ва қотилликлар амалга оширилган.
Бироқ маҳаллий милиция, жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳамон аҳоли тинчлигига раҳна солаётган ўғри-қотилларнинг иссиқ изини топиш имкониятини қўлга киритиш борасида сусткашликка йўл қўймоқда.Маҳаллий милициянинг нўноқлиги эса каззобларга қўл келмоқда. Улар бундай “имконият”дан фойдаланиб кундан кунга қутириб боришмоқда.
Даставвал, ушбу жиноий гуруҳ томонидан олти ёхуд уч ойда талончилик билан боғлиқ жиноят содир этилган бўлса, кейинги икки ой давомида банда томонидан амалга оширилаётган босқинчилик фактлари сони ортиб бормоқда. Бу ҳолат ўз-ўзидан қотилларнинг қурбонлари ҳам кўпаймоқда деган гап.
Жиноий гуруҳни фош қилиш қўлларидан келмаётган ички ишлар ходимлари энг охирги чора сифатида аҳолини хушёрликка чақирувчи варақлар тарқатиш тадбирини қўлламоқда.
Айни дамда милиция таянч пункитлари, оилавий поликилиника, болалар боғчалари, мактаб, коллеж ва лицей бинолари, маҳалла ҳудудлари, кўп қаватли уйлар ёнида фуқароларни огоҳликка даъват этувчи эълонлар пайдо бўлди.
Мазкур эълонларда жиноий ругуҳга алоқадор жиноятчиларнинг “ҳомаки” суратлари ҳам ўрин олган.
Эълонда “Қадрли ҳамшаҳарлар!
… Аминистия акти билан 2000 нафар киши озод қилинган, 100 та жиноятчи қамоқдан қочган …” деган мазмундаги маълумотлар келтирилган.
Инсонийлик принциплари асосида 2000 сонли маҳбуснинг озодликка чиқишини-ку тушуниш мумкни. Бироқ 100 нафар жиноятчининг Ўзбекистондек давлатнинг темир қалъа – қамоғидан қочишга муаффақ бўлгани, бўла олгани қизиқ. Одамни ўйлантириб қўяди-да.
Шунингдек, ИИБ томонидан тарқатилган огоҳликга даъват “Эҳтиёт бўлинг” деган ундов билан хотима топади.
Бизга қолса, ушбу чақириққа ўзгартириш киритган, Ўзбекистон милицияси, қонун идоралари ходимларига “Ўз касбингизга фидоийлироқ бўлинг” деган бўлардик.
“Бирдамлик” Халқ демократик Ҳаракати
Матбуот хизмати



