Қарангки, бу зотлар, нима кўринса
Шуни оламан, деб, интиладилар.
Бойликларим билан элу юрт ичра
Довруғ соламан, деб, интиладилар.
Ҳаммадан нимадир ундирмоқ истар,
Фақат ўзин тахтга миндирмоқ истар,
Доим бир-бирларин синдирмоқ истар,
Вайрон қиламан, деб, интиладилар.
Бахт боғида гуллар сўлганда ҳам, мен,
Элнинг бағри қонга тўлганда ҳам, мен,
Бошқалар қирилиб ўлганда ҳам, мен
Ўйнаб-куламан, деб, интиладилар.
Сўзида вафо йўқ, рангида ҳаё,
Фикрига аралаш хиёнат, риё,
Дўстми, қариндошми, аямай асло,
Бағрин тиламан, деб, интиладилар.
Маҳмуд, бундайлардан йироқ тут ўзни,
Қўятур, ҳақиқат айтилган сўзни,
Ҳатто ҳақ нур билан тикилган кўзни,
Ўйиб оламан, деб, интиладилар.
БАХТИЁР МАҲМУД



